Иқтисодиёт

Денгиз бўйида яшаш қанча туради?

Денгиз бўйида яшаш қанча туради?

Пҳукет номи тилга олинганда кўпчиликнинг хаёлида биринчи бўлиб оқ қумли пляжлар, мовий денгиз ва тропик манзара гавдаланади. Аммо оролни ичкаридан кузата бошлаган сайин яна бир ҳолат яққол кўринади: бу ерда кўчмас мулк бозори оддий “уй сотиш” босқичидан анча олдинга ўтган. Харидорга хонадон билан бирга унинг атрофидаги муҳит, хизматлар, ҳордиқ чиқариш имкониятлари ва ҳатто келажакдаги кундалик турмуш тарзи ҳам таклиф этилади. “Дарё” мухбири Пҳукетдаги бир қатор турар жой лойиҳаларини кўздан кечириб, харидор аслида нимага пул тўлаётгани, денгиз бўйидаги ҳаёт қанчага тушиши ва бир-бирига яқин жойлашган лойиҳалар нимаси билан фарқланишини ўрганди.

Уй танлашдан олдин ҳудуд танланади

Пҳукетдаги кўплаб янги турар жой мажмуаларини Тошкентдаги одатий янги қурилишлар билан таққослаш осон эмас. Бу ерда харидор аввал “неча хонали уй керак?” деган саволдан кўра, “қандай муҳитда яшамоқчиман?” деган саволга жавоб излаётгандек. Масалан, Лагуна Пҳукет ҳудудида кўл бўйидаги хонадон, голф майдонига қараган уй, пляжга яқин резиденсия ёки сокин ва соғломлаштириш консепсиясига асосланган мажмуани танлаш мумкин.

Ҳудуд ичида меҳмонхоналар, ресторанлар, голф майдони, болалар учун таълим муассасалари, пляж клублари ва бошқа хизматлар мавжудлиги сабаб харидор учун фақат уй эмас, балки унинг атрофидаги ҳаёт ҳам катта аҳамият касб этади.

Пҳукетга бориб, бу лойиҳаларни кўрганда яна бир жиҳат сезилади: харидорларнинг бир қисми доимий яшашни мақсад қилса, бошқалари уйидан йилнинг муайян фаслларида фойдаланади. Яна бир гуруҳ эса кўчмас мулкни инвестиция сифатида кўриб, қолган пайтда уни ижарага беришни режалаштиради.

Деразадан кўриниб турадиган кўл

Лагуна ҳудудидаги лойиҳаларнинг бир қисми кўллар ва яшил ҳудудлар атрофида барпо этилмоқда. Масалан, Скйпарк Элара замонавий кўп қаватли хонадонлардан иборат. Мажмуада том устидаги бассейн, дам олиш зоналари ва яшил майдонларга чиқиш имконияти назарда тутилган.

2026-йилда очиқ бозорда учраган таклифларда хонадонлар 8,29 млн бат атрофидан бошланганди. Бу ўша даврдаги курс бўйича тахминан 250 минг долларга яқин. Бундай уйларнинг асосий фарқи ички безакдан кўра ташқи муҳитида кўпроқ сезилади. Балкон ёки деразадан тропик яшиллик ва сув кўринади, атрофда автомобил шовқини кам.

Яна бир лойиҳа — Беллагуна Лаке Ресиденсес ҳам кўл бўйида қурилмоқда. Бу ерда 1–3 ётоқхонали хонадонлар таклиф қилинади. Денгизгача масофа тахминан 350 метр. Очиқ таклифларда бошланғич нарх 445 минг доллар атрофида кўрсатилган. Мажмуани 2029-йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Лагуна Лакеландс эса алоҳида бино эмас, балки катта турар жой ҳудудидир. Бир миллион квадрат метрдан ортиқ майдонда еттита кўл, яшил ҳудудлар, хонадонлар, хусусий ҳовузли уйлар ва сув бўйидаги виллалар жойлаштирилмоқда.

Ҳудуд бўйлаб юрганда бу ернинг асосий консепсияси зич қурилиш эмас, балки сув ва яшиллик орасида яшаш экани сезилади.

Голф, пляж ва сокинлик

Пҳукетдаги айрим лойиҳалар голф майдонлари атрофида қурилган. Беллагуна Голф Ресиденсес хонадонларининг бир қисми голф майдонига қарайди. 2026-йилдаги очиқ таклифлардан бирида 54 квадрат метрлик хонадон нархи 10 млн батдан бироз юқори эди.

Яна бир лойиҳа — Лагуна Голф Ресиденсес Ҳибиссусъда хонадонлар 67 квадрат метрдан бошланиб, айрим резиденсиялар қарийб 300 квадрат метрга етади. Юқори қаватлардаги айрим уйларнинг ўз ҳовузи ҳам бор.

Пляжгача масофа тахминан 1,2 километр. Бошланғич нарх эса очиқ таклифларда 360 минг доллар атрофида кўрсатилган. Пҳукетда бундай масофа узоқ ҳисобланмайди. Ҳудуд ичидаги транспорт ва хизматлар сабаб денгизга бир неча дақиқада етиб бориш мумкин.

Денгиз бўйида яшаш

Банг Тао пляжи атрофидаги лойиҳаларда нарх сезиларли даражада ошади. Масалан, Гарря Ресиденсес пляжга жуда яқин жойлашган. Лойиҳа оддий курорт хонадонидан кўра сокинлик ва соғломлаштириш консепсиясига кўпроқ урғу беради.

Хонадонлар 57–220 квадрат метр оралиғида. Очиқ таклифларда нархлар 15,4 млн батдан бошланган. Бундай жойда харидор фақат денгизга яқинлик учун эмас, балки нисбатан ёпиқ ва сокин муҳит учун ҳам пул тўлайди.

Пҳукетдаги турар жой лойиҳаларини кўраётганда энг тез сезиладиган жиҳат ҳам шу: денгиз манзараси, пляжгача пиёда бориш имконияти ёки бевосита соҳил бўйида яшаш нархга кескин таъсир қилади.

Оролга кўчиб келаётганларнинг ҳаммаси катта вилла изламайди. Скйпарк Селесте каби мажмуаларда студия, бир ва икки хонали нисбатан ихчам уйлар мавжуд. Том устидаги бассейн, пиёдалар йўлаклари ва биноларни боғлаб турувчи кўприклар лойиҳага курорт муҳитини беради.

Аввалги очиқ таклифларда энг кичик хонадонлар 4,87 млн батдан бошланган — бу Пҳукетдаги премиум ҳудудлар учун нисбатан кириш нархи пастроқ вариантлардан бири ҳисобланади.

Саккизта уй ва пляж

Кўрилган лойиҳалар орасида энг ноодатийларидан бири Банян Трее Беач Ресиденсес Варуна бўлди. Лойиҳа атиги саккизта уйдан иборат. Улар бевосита пляж ёнида жойлашади. Ҳар бир уйнинг томида хусусий бассейн ва очиқ майдон бўлиши режалаштирилган.

Бу ерда квадрат метр ҳисобидан кўра хусусийлик ва жойлашув биринчи ўринга чиқади. Саккизта уй қурилиши унинг оммавий турар жой мажмуаси эмаслигини ҳам кўрсатади. Нархлар очиқ рўйхатда кўрсатилмайди ва индивидуал тарзда тақдим этилади.

Лагуна ҳудудини айланаётганда ички транспорт тизими эътиборни тортади. Ҳудуд ичида бепул автобуслар ва айрим йўналишларда қайиқ қатнови мавжуд. Улар меҳмонхоналар, пляжлар ва турли обьектларни боғлайди. Шу сабабли мажмуа ичида яшовчи одам ҳар сафар автомобилга муҳтож бўлмаслиги мумкин.

Бу оддий деталга ўхшайди, аммо катта ёпиқ ҳудудларда яшаш сифати айнан шундай майда қулайликлардан шаклланади.

Уй харид қилинади, лекин ундан кейин нима бўлади?

Чет элда уй сотиб олаётган одам учун асосий муаммолардан бири — у доим ўша мамлакатда яшамайди. Пҳукетдаги айрим лойиҳаларда уй эгаси хоҳласа, мулкни профессионал бошқарув компаниясига топшириши мумкин. Банян Ливинг шундай хизматлардан бирини таклиф қилади.

Бунда компания ижарачи топиш, уйга қараш ва бошқа операцион масалаларни бошқаради. Аммо бу автоматик даромад дегани эмас. Ижара тушуми мавсум, жойлашув, хонадон тури, талаб ва бошқарув харажатларига боғлиқ.

Шу сабабли “уй олиб, йилига фалон фоиз даромад олиш” каби ваъдалардан кўра, харидор реал харажатлар ва бошқарув шартларини алоҳида ҳисоблаб чиқиши керак.

Пҳукетдаги йирик лойиҳаларнинг яна бир хусусияти — резидентлар учун турли имтиёзлар тизими. Масалан, айрим Банян Гроуп лойиҳаларида Санстуарй Слуб орқали меҳмонхоналар, ресторанлар, курортлар ва бошқа хизматларда махсус шартлар мавжуд.

Баъзи таклифларда голф клубига аъзолик, мулкни бошқариш ёки суғурта хизматлари ҳам пакетга қўшилиши мумкин. Бироқ бундай имкониятлар барча уйларга автоматик равишда татбиқ этилмайди. Улар лойиҳа, хонадон ва харид шартларига қараб фарқ қилади.

Пҳукетда квадрат метр нимани англатади?

Пҳукет сафаридан кейинги асосий таассуротлардан бири шуки, бу ерда бир квадрат метр нархини Тошкент ёки бошқа шаҳардаги кўрсаткич билан тўғридан-тўғри солиштириш ҳар доим ҳам тўғри эмас.

Масалан, икки хонадоннинг майдони бир хил бўлиши мумкин. Аммо бири оддий кўчага, иккинчиси кўл ёки голф майдонига қарайди. Биридан пляжгача автомобилда бориш керак, иккинчисидан эса пиёда чиқилади.

Шу сабабли нархнинг сезиларли қисми деворлар ва таъмир учун эмас, балки жойлашув, хизматлар ва атрофдаги муҳит учун тўланади. Бу Пҳукет кўчмас мулк бозорининг энг муҳим хусусиятларидан бири.

Пҳукетдаги лойиҳаларни бир неча кун давомида кўриб чиқиб, уларнинг аудиторияси ҳам турлича эканини англаш мумкин. Ихчам квартира ва нисбатан пастроқ кириш нархини қидираётганлар Скйпарк туридаги лойиҳаларга қарайди. Табиат ва кўл муҳити муҳим бўлган харидорлар Лагуна Лакеландс атрофидаги турар жойларни танлаши мумкин.

Голф ишқибозлари учун майдонга қараган резиденсиялар мавжуд. Денгиз ва соғломлаштириш муҳитини хоҳловчилар Банг Тао атрофидаги лойиҳаларга кўпроқ қизиқади. Тўғридан-тўғри соҳил бўйида ва максимал даражада шовқинсиз яшашни истаганлар учун эса таклифлар анча кам ва, табиийки, қимматроқ.

Уй эмас, ҳаёт тарзи

Пҳукетда кўчмас мулк бозорини кўриб, бир нарсани тушуниш қийин эмас: бу ерда ишлаб чиқувчилар харидорга шунчаки тўрт девор сотишга уринмайди.

Бир лойиҳа сокин кўл бўйидаги ҳаётни, бошқаси голф майдонини, учинчиси денгиз бўйидаги тонгни, яна бири эса хусусийликни таклиф қилади. Натижада харидорнинг асосий саволи “қанча квадрат метр оламан?” эмас, “бу ерда қандай яшайман?”га айланади. Пҳукетдаги уйларнинг нархи ҳам, эҳтимол, айнан шу саволнинг жавобидан шаклланади.

Мақолада келтирилган нархлар 2026-йил сентябр ойидаги ва ундан олдинги очиқ таклифларга асосланган. Хонадон нархи лойиҳа, майдон, қават, кўриниш ва сотув босқичига қараб ўзгариши мумкин.

Таиландда хорижликларнинг кўчмас мулкка эгалик қилиш тартиби ҳам обьект турига қараб фарқланади. Шу сабабли харид қилишдан олдин мулк ҳуқуқи, узоқ муддатли ижара, солиқлар ва бошқа юридик шартларни мустақил ҳуқуқшунос билан текшириш мақсадга мувофиқ.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.