Деҳлида бино қулаши оқибатида ўнлаб одамлар вайроналар остида қолгани тахмин қилинмоқда
Беш қаватли ётоқхона қулаб тушган вақтда унинг ичида 50 га яқин одам бўлган деб тахмин қилинмоқда.

Деҳлида бино қулаши оқибатида ўнлаб одамлар вайроналар остида қолганидан хавотир билдирилмоқда
Ҳиндистон пойтахти Деҳлида турар-жой биноси қулаб тушди, ўнлаб талабалар вайроналар остида қолиб кетганидан хавотирланилмоқда.
Гувоҳларнинг маҳаллий ОАВга маълум қилишича, якшанба куни маҳаллий вақт билан тахминан 13:30 да (Гринвич бўйича 08:00) Деҳли жануби-ғарбидаги Сатя Никетан ҳудудида жойлашган беш қаватли бино қулаган пайтда унинг ичида 50 нафаргача одам бўлган.
NDTV телеканали маҳаллий полицияга таяниб хабар беришича, камида бир киши ҳалок бўлган ва яна икки киши оғир аҳволда. Маълумотларга кўра, ҳозиргача олти киши қутқариб олинган.
Деҳли университети кампусидан унча узоқ бўлмаган жойда жойлашган «Hostel Daze» биносининг ертўласида қурилиш ишлари олиб борилаётган эди.
Якшанба куни дарслар бўлмагани сабабли, у ерда яшовчи кўплаб талабалар бино қулаган вақтда ўз хоналарида бўлган деб тахмин қилинмоқда.
Қонунчилик ассамблеяси аъзоси воқеа жойида вайроналар остида қолиб кетган айрим талабалар ичкаридан қўнғироқ қилишаётганини айтди.
Гувоҳлар маҳаллий ОАВга ётоқхона ёнидаги бошқа бир бино ҳам қулаб тушганини маълум қилишди.
Деҳли бош вазири Рекха Гупта «эҳтиёт чораси сифатида» қўшни бино эвакуация қилинганини айтди.
«Вайроналар остида қолганларни хавфсиз қутқариб олиш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда», — дея қўшимча қилди у.
Деҳли полициясининг маълум қилишича, бино атиги 40 ёки 50 йиллик бўлган.
Яқин атрофдаги дўкон эгаси ANI ахборот агентлигига бино 100 йиллик ижарада бўлганини ва ижарачи даромадни ошириш мақсадида ертўлада қазиш ишларини олиб борганини айтди.
«Улар бинонинг юқори қисмини мустаҳкамлашган, аммо пастки устунлар заиф эди», — деди у ва қурилиш ишчилари ҳам вайроналар остида қолганини қўшимча қилди.
Ҳиндистон Миллий талабалар иттифоқи ҳукуматни қулаш сабабларини текширишга ва бунга масъул бўлган ҳар қандай шахсни жавобгарликка тортишга чақирди.
«Талабалар ва оддий одамлар хавфсизлигига бепарволик билан қаралишига ҳеч қандай ҳолатда йўл қўйилмайди», — дейилади баёнотда.
«Times of India» нашрининг хабар беришича, полиция бино эгасини қидирмоқда.

