Сиёсат

Давлат органлари формасига ўхшаш кийимлардан фойдаланганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда

Қонун лойиҳасига кўра, давлат идоралари формасига ўхшаш кийимларни жорий этиш ёки улардан фойдаланиш учун маъмурий

Давлат органлари формасига ўхшаш кийимлардан фойдаланганлик учун жавобгарлик жорий этилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биринчи ўқишда "Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат тузилмалари ходимларининг формали кийим-бошидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳасини қабул қилди.

Қонун ташаббускорларининг таъкидлашича, давлат органлари, вазирлик ва идоралар ходимлари учун тасдиқланган формали кийим-бош муайян давлат органи вакили эканини англатади, фуқароларда ишонч уйғотади ҳамда уни кийган шахс қонун билан белгиланган ваколат ва масъулиятга эга эканини билдиради. Шу боис бундай форма давлат хизматининг муҳим рамзларидан бири ҳисобланади.

Бироқ, сўнгги йилларда айрим ташкилотлар ва шахслар томонидан давлат органларининг тасдиқланган формасига адаштириб юбориш даражасида ўхшаш кийимлардан фойдаланиш ёки шундай формаларни жорий этиш ҳолатлари кузатилаётгани қайд этилди. Бу эса фуқароларни чалғитиши, давлат идоралари обрўсига салбий таъсир кўрсатиши ва айрим шахсларга ўзини давлат ходими сифатида таништириб, одамлар ишончини суиистеъмол қилиш имконини бериши мумкин.

Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга давлат органларининг тасдиқланган ҳарбий ёки идоравий формали кийим-бошига адаштириб юбориш даражасида ўхшаш ҳамда унга хос фарқловчи белгилар ва ёки рамзларга эга формали кийим-бошни жорий этганлик ёки ундан фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.

Қайд этилишича, мазкур нормалар, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш ҳамда давлат хизмати обрўсини муҳофаза қилишга хизмат қилади.