Улушли қурилишда янги талаблар жорий этилмоқда
Қонун лойиҳасида фуқароларнинг улушли қурилишга киритган маблағларини ҳимоя қилишнинг янги молиявий механизми таклиф этилмоқда

Улушли қурилиш соҳасида янги қоидалар жорий этилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида "Кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк обьектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда мамлакатда қурилиш ҳажми сезиларли даражада ошиб, аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишлари жадаллашган. Шу билан бирга, айрим обьектларнинг белгиланган муддатда фойдаланишга топширилмаётгани ҳамда улушли қурилиш муносабатларини алоҳида қонун билан тартибга солиш зарурати ушбу ҳужжатни ишлаб чиқишга асос бўлган.
Қонун лойиҳаси улушли қурилиш соҳасидаги муносабатларни, давлат органлари, қурувчилар, банклар ва улушдорларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини аниқ белгилайди. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг маблағларини қурилишга жалб қилиш тартиби ҳам қонун даражасида мустаҳкамланиши кўзда тутилган.
Лойиҳада фуқароларнинг улушли қурилишга киритган маблағларини ҳимоя қилишнинг янги молиявий механизми таклиф этилмоқда. Унга кўра, маблағлар тўғридан-тўғри қурувчи ихтиёрига ўтмайди, балки банкларда очиладиган эскроу ҳисобварағида сақланади.
Қурилиш белгиланган талабларга мувофиқ якунланиб, обьект фойдаланишга топширилгандан кейингина маблағлар қурувчига ўтказилади. Шунингдек, қурувчи аҳоли маблағларини жалб қилиши учун Ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтган, ваколатли банк билан бош битим тузган ва лойиҳа декларациясини эълон қилган бўлиши шартлиги белгиланмоқда. Бундан ташқари, улушли иштирок шартномаси нотариал тасдиқланиб, давлат рўйхатидан ўтказилади.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, қурувчи қонун талабларини бузган ҳолда маблағ жалб қилса, улушдор маблағни қайтаришни ҳамда ундан фойдаланилган давр учун фоиз тўланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Талаб бажарилмаган тақдирда, фуқаро судга мурожаат қилиши мумкин.
Шунингдек, қурилишнинг тўхтаб қолишининг олдини олиш учун ваколатли банк ёки қурувчини алмаштириш, қурилишни узлуксиз молиялаштириш механизмлари ҳам назарда тутилмоқда. Барча маълумотлар Ягона ахборот тизимида эълон қилиниши, улушли қурилиш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланиши таклиф этилган.
Депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

