Иқтисодиёт

Давлат активи Paynet’нинг савдоларсиз сотилганини изоҳлади. Аммо хусусийлаштириш механизмига нисбатан саволлар сақланиб қолди

Paynet’даги давлат улуши МЧЖнинг бошқа иштирокчиларининг имтиёзли ҳуқуқидан фойдаланилган ҳолда сотилди, деб хабар берди Давактив раҳбари. Аммо хусусийлаштиришгача давлат компаниянинг ягона эгаси эди, илгари эълон қилинган танловга эса еттита талабнома келиб тушган эди. У Деҳқонобод калий заводининг сотилиши ҳақида ҳам фикр билдирди.

Давактив Paynet’нинг савдоларсиз сотилишини изоҳлади, бироқ хусусийлаштириш механизми бўйича саволлар сақланиб қолмоқда

Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) директори Соҳибжон Муродов 8 октябрдаги матбуот анжуманида илк бор Paynet тўлов ташкилотини хусусийлаштириш механизми ҳақида ошкора гапириб берди, ушбу ташкилот эгаси ўзгаргани 2024 йилнинг апрелида маълум бўлган эди.

Давлат активлари билан боғлиқ битимлар сотув ҳақидаги расмий эълонлардан эмас, балки корпоратив ҳужжатлар ва реестрлардан маълум бўлган. Мисол тариқасида Paynet ва Деҳқонобод калий заводи келтирилди.

Муродовнинг сўзларига кўра, Paynet’даги давлат улуши хусусийлаштирилаётганда масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган механизм қўлланилган.

«Агар масъулияти чекланган жамият иштирокчиларидан бири ўзига тегишли улушни сотмоқчи бўлса, биринчи навбатда уни ушбу жамиятнинг бошқа иштирокчиларига ёки жамиятнинг ўзига таклиф қилади. Бу қонун билан белгиланган имтиёзли ҳуқуқдир. Улуш ана шу ҳуқуқдан фойдаланган ҳолда реализация қилинган», — деди агентлик раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, шунга ўхшаш амалиёт давлат улушлари сотувга қўйилаётган бошқа МЧЖларга нисбатан ҳам қўлланилмоқда.

Бунда ДАБА раҳбари Paynet’ни сотиб олиш бўйича имтиёзли ҳуқуқдан айнан ким фойдаланганига, улуш қиймати қандай аниқланганига ва у қанча суммага сотилганига аниқлик киритмади.

Матбуот анжуманидан сўнг иқтисодчи Отабек Бакиров Paynet хусусийлаштирилишининг агентлик раҳбари берган изоҳга мос келмайдиган ҳолатларига эътибор қаратди.

«Газета» аввалроқ ёзганидек, 2022 йилнинг августида ДАБА Uzpaynet МЧЖдаги 100 фоизлик давлат улушини сотиш бўйича очиқ танлов эълон қилган эди. Ўша пайтда компаниянинг ягона муассиси ДАБА тимсолида давлат бўлган.

Бир орада хусусийлаштиришда иштирок этиш учун потенциал харидорлардан еттита талабнома келиб тушган. Бироқ кейинроқ таклифларни қабул қилиш «қўшимча аниқлик киритиш» баҳонаси билан кечиктирилган.

2024 йилнинг апрель ойида Uzpaynet’даги барча 100% улуш New Industrial Technologies компаниясига ўтгани маълум бўлди. Шу билан бирга, эгаси ўзгаргани ҳақидаги маълумотлар ижтимоий тармоқларда ҳали 2023 йилнинг ноябрида пайдо бўлган эди. ДАБА томонидан хусусийлаштириш якунлангани ва унинг натижалари ҳақида расмий ахборот берилмаган.

Бакиров, агар хусусийлаштиришга қадар давлат компаниянинг ягона эгаси бўлган бўлса, МЧЖнинг бошқа иштирокчиларининг имтиёзли ҳуқуқи қандай қилиб амалга оширилган бўлиши мумкин, деган саволни ўртага ташлади.

Иқтисодчи, шунингдек, аввалги «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонунда ҳам, 2024 йил февралида қабул қилинган «Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонунда ҳам МЧЖдаги давлат улушини бошқа иштирокчиларга имтиёзли ҳуқуқ тартибида сотиш хусусийлаштиришнинг мустақил усули сифатида назарда тутилмаганини кўрсатиб ўтди.

Янги қонуннинг 19-моддасида хусусийлаштиришнинг саккизта усули, жумладан, аукционлар, танлов савдолари, музокараларга оммавий таклиф қилиш, рақобатли мулоқот ва биржа савдолари санаб ўтилган. Бунда қонун ушбу қонуннинг ўзи ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган мустасноларни истисно этмайди.

Жамият иштирокчиларининг имтиёзли ҳуқуқи «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги қонуннинг 20-моддасида мустаҳкамланган. Унда иштирокчилардан бири улушни сотганда, бошқа иштирокчилар учинчи шахсларга нисбатан имтиёзга эга бўлиши назарда тутилган.

Шундай қилиб, агар жамиятда бошқа иштирокчилар бўлмаган бўлса, Uzpaynet’даги 100% давлат улушини сотишда бу механизм қандай қўлланилгани ноаниқлигича қолмоқда.

Алоҳида равишда Бакиров 2024 йил 22 октябрда МЧЖ тўғрисидаги қонунга қабул қилинган тузатишларга эътибор қаратди. Улар жамият уставида давлат улушини оммавий савдолар орқали сотиш назарда тутилган ҳолларда иштирокчиларнинг имтиёзли ҳуқуқидан мустаснони белгилади.

Бироқ ушбу ўзгаришлар Paynet эгаси ўзгарганидан кейин қабул қилинган. Уларнинг аҳамияти биринчи навбатда кейинги битимларга тегишли бўлиб, мустаснони қўллаш муайян жамият уставининг қоидаларига боғлиқ.

Бакировнинг ҳисоблашича, ДАБА аввал эълон қилинган Paynet’ни сотиш тартиби қайси ҳуқуқий асосга кўра ўзгартирилганини, еттита потенциал харидор иштирок этган танлов нима учун якунланмаганини ва давлат компанияни хусусийлаштиришдан қанча сумма олганини тушунтириб бериши керак.

Журналистнинг яширин хусусийлаштириш деб аталаётган ҳолат бўйича эътирозларига жавоб берар экан, Муродов аввалги қонунчиликда давлат активларини сотиш усулларини тартибга солишда бўшлиқ мавжуд бўлган деган таъкидга қўшилмади.

Унинг сўзларига кўра, аввал айрим механизмлар қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган, кейинчалик эса бевосита қонунда мустаҳкамлаб қўйилган.

Шу билан бирга, агентлик раҳбари жамоатчиликни етарлича хабардор қилмаслик муаммоси борлигини тан олди.

«Бу ҳақиқат, биз буни тан оламиз. Агар жамоатчиликка ахборотни ўз вақтида етказиб турмасак, табиийки, турли гумонлар пайдо бўлади. Буни мендан кўра яхшироқ биласиз», — деди Муродов.

У корпоратив қарорлар Корпоратив ахборот ягона портали — Openinfo.uz сайтида эълон қилинганини, хусусийлаштириш ҳақидаги маълумотлар агентликнинг расмий сайтига ҳам жойлаштирилганини тушунтирди. Бироқ ушбу манбалар ҳақидаги ахборот ҳамиша ҳам кенг аудиторияга етиб бормаган.

«Лекин бошқа манба ҳам бор — Давлат активларини бошқариш агентлигининг расмий сайти. У ерда „Янгиликлар“ бўлими бор, бу ҳақдаги ахборот у ерга ҳам жойлаштирилган эди. Ҳозир биз сайтдаги барча хабарларни Telegram-каналда ҳам эълон қилишни йўлга қўйдик. Лекин ушбу Деҳқонобод калий заводи ҳақидаги маълумот ҳам жойлаштирилган эди», — деди ДАБА раҳбари.

Муродов агентлик битимларнинг ошкоралигига ёндашувни ўзгартириш ниятида эканини маълум қилди.

«Биз иш услубимизга ўзгартириш киритдик. Энди хусусийлаштиришнинг бундай усулларидан фойдаланилганда ҳам ахборотни кенг жамоатчиликка ошкор қиламиз», — деб таъкидлади у.

Матбуот анжуманидан сўнг Отабек Бакиров ҳам ДАБАдан Деҳқонобод калий заводининг хусусийлаштирилиши ҳақида аввал эълон қилинган ахборотга ҳаволалар тақдим этишни сўради.

Муродов бундай битимлар ҳақидаги маълумотлар агентликнинг расмий сайти ва унинг ахборот ресурсларига жойлаштирилганини таъкидлаган эди.

Иқтисодчи заводни хусусийлаштириш усули, харидор, қиймат ва сотиш шартлари кўрсатилган аниқ хабарларни эълон қилишни таклиф этди. У журналистлар аввалроқ ҳам бир қатор давлат активлари, жумладан UNG Petro ва Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи сотилиши тафсилотларини олишга ҳаракат қилишганини эслатиб ўтди.

«Газета» аввалроқ ёзганидек, Деҳқонобод калий заводининг хусусийлаштирилгани ҳақида 2025 йилнинг августида Openinfo.uz порталида жойлаштирилган акциядорлар қароридан маълум бўлган эди.

Ҳужжатга кўра, корхонанинг 100% акциялари Asian Chemical Group компаниясига ўтган. Шу билан бирга, президентнинг 2024 йил 26 апрелдаги қарорида заводни халқаро бозорда оммавий савдолар орқали хусусийлаштириш назарда тутилган эди.

Эълон қилинган корпоратив қарорда сотиш қиймати ва битимнинг батафсил шартлари ошкор қилинмаган.

Asian Chemical Group 2024 йилнинг ноябрида рўйхатдан ўтказилган. Унинг муассислари бўлиб БААнинг 51% улушга эга OV Industrial Investments L.L.C-FZ ҳамда 49% улушга эга New Industrial Technologies компаниялари қолмоқда.

Охиргиси аввалроқ Paynet’даги давлат улушини сотиб олган эди. Шу тариқа, икки корхонанинг харидорлари New Industrial Technologies орқали ўзаро боғланган. Ушбу компания 2019 йилнинг апрель ойида рўйхатга олинган. Бугунги кунда унинг устав фонди 3,35 трлн сўмни ташкил этади. Paynet’даги улуш олинган вақтда фирманинг 60% муассиси сифатида чет эл фуқароси Алекс Ли (2024 йил июнида у ягона муассис бўлган), 40% муассиси сифатида — Asia Alliance Bank’нинг мажоритар акциядори бўлмиш Asia Alliance Group компаниясининг 77,6 фоизига эгалик қилувчи Мустафо Абдураҳмонов кўрсатилган эди.

13 октябрь ҳолатига кўра, Мустафо Абдураҳмонов 5% улушга эгалик қилади, 95 фоизи эса First Management — FZCO’га (БААда рўйхатдан ўтган эркин иқтисодий зонанинг хусусий компанияси) тегишли.

128,2 млн долларга қурилган Деҳқонобод калий заводининг ўзи Ўзбекистон кимё саноатининг энг йирик корхоналаридан биридир. 2025 йил 1 июль ҳолатига кўра, унинг ўз капитали 2,9 трлн сўмни ташкил этган.

Шу билан бирга, матбуот анжуманида Муродов заводни хусусийлаштириш механизми бўйича алоҳида батафсил изоҳ бермади ва битим қийматини айтмади.

Бакиров агентликни корхона қайси усулда, қандай шартларда ва қанча суммага янги эгасига ўтгани ҳақида ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этишга чақирди.

Uzpaynet’дан фарқли ўлароқ, Деҳқонобод калий заводи акциядорлик жамияти бўлган.

«Газета» Ўзбекистонда йирик активлар оммавий муҳокамалар ва очиқ савдоларсиз янги эгаларига ўтаётган шаффоф бўлмаган хусусийлаштириш ҳолатлари ҳақида бир неча бор ёзган. Аввалроқ «Қизилқумцемент», UNG Petro ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи ва Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи, Ангрен шина заводи, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, Perfectum мобил оператори, «Узагроэкспортбанк», Uzcard, Humo, Деҳқонобод калий заводи ва бошқалар бўйича битимлар шаффофлик нуқтаи назаридан саволлар туғдирган эди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.