“Дарё” Ўзбекистондаги етакчи онлайн нашрлардан бири сифатида эътироф этилди
Мамлакатда медиа истеъмоли бўйича тадқиқот ўтказилди. Интернетни кузатувчи сўров иштирокчиларининг 43,5 фоизи “Дарё”ни ўқишини билдирган. Сайтда эълон қилинадиган материалларнинг холис, долзарб ва тезкорлиги кузатувчиларни кўпроқ жалб қилаётгани қайд этилди.

“Дарё” Ўзбекистондаги етакчи онлайн нашрлардан бири сифатида эътироф этилди
“Дарё” Ўзбекистондаги онлайн нашрлар орасида оммабоплик ва аудитория сони бўйича иккинчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда Масс-медиа фонди томонидан ўтказилган “Ўзбекистонда медиаистеъмол бўйича миллий тадқиқот” ҳисоботида маълум қилинган.
Ҳисоботда бошқа оммавий ахборот воситалари билан бирга интернет нашрларининг кўрсаткичларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Тадқиқот доирасида ўтказилган сўровларда онлайн матбуотни ўқийдиган респондентлар кўпроқ қайси нашрларни кузатиши аниқланган.
“Онлайн нашрлар орасида Kun.uz (74,7 фоиз), Daryo.uz (43,5 фоиз) ва Qalampir.uz (36,8 фоиз) етакчилик қилмоқда”, дейилади ҳисоботда.
Респондентлар орасида “Дарё”ни кузатувчиларнинг энг катта қисмини 25-34 ёшдагилар ташкил этган — 54,7 фоиз. Шунингдек, 45-54 ёш гуруҳида ҳам 45,7 фоиз фуқаролар нашрни кузатиб боради.
Ҳудудлар кесимида Наманган (70,6 фоиз), Сирдарё (64 фоиз), Навоий (58,3 фоиз), Хоразм (57,1 фоиз) ва Сурхондарё (53,8 фоиз) вилоятларида “Дарё” аудиторияси кенгроқ экани қайд этилган.
“Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, респондентлар орасида энг катта эҳтиёж долзарб ижтимоий муаммоларни очиқ муҳокама қилишга бағишланган материалларга (31,8 фоиз), холис ва ишончли янгиликларга (30,1 фоиз) ҳамда чуқур таҳлилий нашрларга (29,1 фоиз) нисбатан кузатилади”, дейилади ҳисоботда.
Аҳоли онлайн нашрларни асосан мобил иловалар орқали (58 фоиз ҳолатда), Телеграм-каналлар (37,2 фоиз), сайтлар (31,6 фоиз) ва ижтимоий тармоқлар (31,2 фоиз) орқали кузатишини билдирган.
Тадқиқотга кўра, босма ва онлайн нашрларни танлашдаги асосий мезонлар эълон қилинаётган маълумотларнинг холислиги ва ишончлилиги ҳисобланади. Қарийб 50,4 фоиз респондент воқеаларни ёритишнинг холислигини, 50,1 фоизи эса ахборот манбасига ишончни таъкидлаган. Янгиликларни тезкор эълон қилиш (30,3 фоиз), баён этишнинг қулайлиги ва тушунарлилиги (24,6 фоиз) ҳам муҳим аҳамиятини сақлаб қолмоқда.
“Босма ва онлайн-матбуотнинг асосий муаммолари ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни етарлича чуқур ёритмаслик билан боғлиқ. Энг кўп талаб қилинадиган, аммо етарли даражада тақдим этилмаётган материаллар орасида респондентлар долзарб ижтимоий муаммоларни очиқ муҳокама қилиш (31,8 фоиз), холис ва ишончли янгиликлар (30,1 фоиз), чуқур таҳлилий мақолалар (29,1 фоиз), фуқароларнинг кундалик муаммолари (24,3 фоиз), журналистик суриштирувлар (20,6 фоиз) ва фактларни текшириш бўйича материалларни (20,1 фоиз) қайд этишди”, дея қайд этилган ҳисоботда.
Таҳлилга кўра, аҳоли Ўзбекистондаги янгиликларни кузатишга кўпроқ қизиқади (57,4 фоиз). Кейинги ўринларда халқаро воқеалар (43,4 фоиз), таълим ва илм-фан (34,3 фоиз), соғлиқни сақлаш (27,3 фоиз), давлат органлари сиёсати ва фаолияти (24,8 фоиз) ҳақидаги материаллар энг кўп қизиқиш уйғотмоқда. Хусусан, эркаклар кўпроқ мамлакатдаги сиёсий воқеалар ва янгиликларга, аёллар эса соғлиқни сақлаш, таълим ва оила масалаларига қизиқиш билдирган.

