Даромади 1 трлн сўмдан юқори бўлган 50 та корхона акселерация дастури орқали ИПЎга тайёрланади

Даромади 1 триллион сўмдан ортиқ бўлган 50 та корхона акселерация дастури орқали ИПЎга тайёрланади.
Ўзбекистонда маҳаллий корхоналарни халқаро капитал бозорига олиб чиқиш мақсадида нуфузли инвестиция банклари иштирокида махсус акселерация дастури ишга туширилади. Ҳар йили даромади 1 триллион сўмдан ошадиган 50 та етакчи корхона ушбу дастурга саралаб олиниши белгиланди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида Хоразмда тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда маълум қилинди.
Ушбу корхоналарни ИПЎга тайёрлаш ва ҳисоботларини халқаро стандартларга мослаштириш харажатининг ярми қопланади. Бу хусусий корхоналарга четдан йилига камида 1 миллиард доллар жалб қилиш имконини беради.
Жорий йилда илк бор 13 та стратегик компания активига эга Миллий инвестиция жамғармасининг 30 фоиз улуши Тошкент ва Лондон фонд биржаларига чиқарилди. Бу тажриба хусусий сектор учун ҳам ташқи капитал бозорларига йўл очгани таъкидланди.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳар йили 50 миллиард долларлик юқори технологик инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётганини қайд этиб, уларда кадр тайёрлаш компоненти бўлиши шартлигини таъкидлади. Давлат раҳбари ҳар бир лойиҳанинг самараси фақат технологияга эмас, балки уни ишлата оладиган малакали кадрларга боғлиқ эканлигини айтди.
Урганчда Германия ва Хитой тажрибаси асосида ўқувчиларни “яшил” энергетика, қурилиш, ҳамширалик, агрономлик, электротехника каби 10 турдаги касбга йўналтириш тизими йўлга қўйилди. Ушбу тажриба республиканинг барча ҳудудларига татбиқ этилиши маълум қилинди.
Техникум ташкил қиладиган ёки давлат техникумини олиб, халқаро стандарт асосида кадр тайёрлайдиган тадбиркорларнинг харажатлари солиғидан чегириб берилади. Шу тизим орқали 1 миллион ёшни замонавий касбларга ўргатиб, юқори даромадли ишларга жойлаштириш мақсад қилинган.
Маълумот учун, жорий 2026-йилда Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (УзНИФ) аксиялари Лондон ва Тошкент фонд биржаларида оммавий савдога чиқарилди. Бу мамлакат тарихидаги илк йирик халқаро аксиядорлик битими сифатида қайд этилди. ИПО натижасида мамлакат иқтисодиётига қарийб 604 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ жалб этилган. Ҳозирда жамғарманинг умумий бозор қиймати 1,95 миллиард долларга баҳоланмоқда. Саида Мирзиёева бу мамлакатнинг халқаро инвестициявий жозибадорлигини янада ошириб, хорижий инвесторлар ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилгани ҳақида гапирганди.

