«Средит Ҳоусе» ишини апелляцияда кўриш Тошкент вилоят судига ўтказиб юборилди
Икки ойдан буён Тошкент шаҳар суди апелляция инстансиясида кўрилаётган «Средит Ҳоусе» иши Олий суд топшириғи билан Тошкент вилоят судига ўтказилди. Биринчи инстансия суди 9 нафар судланувчининг олти нафарини турли муддатларга озодликдан маҳрум этган ва уч нафарини очиқда қолдирган эди. Иш доирасида жабрланувчилар икки минг нафар атрофида, умумий зарар эса 490 млрд сўмдан ошади.

«Средит Ҳоусе» иши бўйича апелляция жараёни Тошкент вилоят судига кўчирилди.
Жорий йилнинг 24-апрелида жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида “Средит Ҳоусе” ва “Инфин Сторй Инвест” қурилиш компаниялари раҳбарларига нисбатан ҳукм ўқилган эди. Ушбу ҳукм юзасидан киритилган шикоят бўйича ишни кўриб чиқиш 25-июндан бошлаб Тошкент шаҳар судининг апелляция инстансиясида бошланган эди.
Икки ой ўтгач, Олий суд раиси биринчи ўринбосари Алишер Усмоновнинг кўрсатмасига биноан, мазкур жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун Тошкент вилоят судига ўтказилди.
Kun.uz нашри билан боғланган жабрланувчилардан бирининг сўзларига кўра, суд жиноят ишининг бир ҳудуддан бошқасига ўтказилиши сабабларини тушунтирмаган. Жабрланувчининг таъкидлашича, жиноят иши бўйича минглаб жабрланувчиларнинг аксарияти Тошкент шаҳрида истиқомат қилади ва бу уларга қўшимча ноқулайликлар туғдириши аниқ.
Эслатиб ўтамиз, 2025-йилнинг энг шов-шувли фирибгарлик иши деб таърифланган “Средит Ҳоусе” иши бўйича жами 9 киши жиноий жазога тортилган эди.
Суд ҳукмига кўра, судланувчиларга қуйидагича жазолар тайинланган:
* **Ҳикматуллаев Баҳром Беҳзод ўғли** Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а, в” бандлари (фирибгарлик), 170-моддаси 2-қисми “а, в” бандлари (алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш), 189-моддаси 1-қисми (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) ва 28,192-11-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) бўйича айбдор деб топилиб, 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.
* **Шамсиддинов Алишер Муҳаммадиевич** Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а, в” бандлари билан айбдор деб топилиб, БҲМнинг 234,5 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
* **Толипова Клара Нодир қизи** Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а, в” бандлари, 170-моддаси 2-қисми “а, в” бандлари, 189-моддаси 1-қисми ва 28,192-11-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари бўйича айбдор деб топилиб, 6,5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ушбу жазо шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланди.

