Чирчиқда уч эгизакнинг ўлими: чақалоқларни асраб қолиш мумкинмиди?
12-август куни Чирчиқ шаҳрида муддатидан олдин туғилган уч эгизак чақалоқ бир неча соат ичида вафот этди.

Чирчиқда уч эгизакнинг ўлими: чақалоқларни асраб қолиш мумкинмиди?
12-август куни Чирчиқ шаҳрида муддатидан олдин дунёга келган уч эгизак чақалоқ бир неча соат ичида вафот этди. Оила аъзолари туғуруқхонада уларни сақлаб қолиш учун зарур шароит ва жиҳозлар етарли бўлмаганини айтмоқда. Шифокорлар эса аксинча, ўша куни барча зарур аппаратлар мавжуд бўлганини, чақалоқлар ўта кичик вазнда ва чуқур чала туғилгани сабабли сақлаб қолиш имкони бўлмаганини билдирмоқда.
Тошкент вилоятидаги асосий перинатал марказ таъмирлаш учун ёпиқ бўлгани сабабли 26 ҳафталик уч ҳомилали Мадинабону Абдозова Чирчиқ шаҳар туғуруқ мажмуасига мурожаат қилган. Онанинг айтишича, у 10-август куни туғуруқхонага оддий қорин оғриғи сабаб, оғриқ қолдирувчи дори олиб, уйига қайтиш ниятида борган. Текширув ва таҳлиллардан сўнг эса оёқларида шиш пайдо бўлгани аниқланиб, у реанимацияга ётқизилган. Онанинг сўзларига кўра, у ерда қон босимини туширувчи дорилар ва томир орқали муолажалар қилинган. Кейинги куни аҳволи яхшилангач, оиласи уни СамПИга олиб боришни режалаштирган. Онанинг айтишича, тез ёрдам ҳам чақирилган, бироқ туғуруқхона ходимлари унинг ҳолати барқарорлашганини айтиб, машинани қайтариб юборган.
«Менга бир кунда тўртта катетер қўйишди улар, мочевой катетер. Ўзи мана шу катетердан кейин кучаниб, дард келиш бошланди. Шароити йўқ экан, туғдириши керак эмасди. Мени СамПИга юборишлари керак эди. Тез ёрдам ҳам келган. Лекин аҳволи барқарор бўлди, ҳаммаси яхши, деб тез ёрдамни қайтариб юборишди», - дейди у.
Афсуски, 12-август куни туғилган уч эгизакнинг барчаси вафот этгани маълум бўлади. Чақалоқлардан бири туғилганидан тахминан 4 соат ўтиб, қолган икки нафари эса 10 соат ичида ҳаётдан кўз юмган.
Чақалоқларнинг яқинлари ўлимга сабаб туғуруқхонадаги шароит экани билан боғлиқ эътирозларини билдирмоқда. Уларнинг айтишича, уч эгизакнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун зарур бўлган айрим жиҳозлар ўша куни етарли бўлмаган. Марҳум чақалоқларнинг яқинларидан бири Наргиза Юнусованинг сўзларига кўра, оила аъзолари болалар туғилгач, уларни кўрган ва мавжуд шароитни ўз кўзлари билан кузатган.

