Маҳаллий

Чикагодаги ўзбек ҳуқуқшуноси: истеъмол кредитлари ва қарздорлик низоларида АҚШ тажрибаси Ўзбекистонга нима беради?

Ҳозирда Чикагодаги Мандарич Лав Гроуп фирмасида истеъмол молияси ва кредиторлар ҳуқуқлари бўйича суд ишларида фаолият

Чикагодаги ўзбек ҳуқуқшуноси: истеъмол кредитлари ва қарздорлик низоларида АҚШ тажрибаси Ўзбекистонга нима беради?

Хоразмлик ҳуқуқшунос Динора Шерматова Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган. «Эл-юрт умиди» Президент стипендияси соҳиби сифатида АҚШнинг Иллинойс университети юридик факултетида магистратурани (ЛЛ.М.) якунлаган. Ҳозир у Чикагодаги Мандарич Лав Гроуп фирмасида истеъмол молияси ва кредиторлар ҳуқуқлари бўйича суд ишларида ишлайди. Унинг шу йўналишдаги илмий мақолалари халқаро журналларда чоп этилган.

Сиз Чикагода ҳар куни истеъмол молияси ва кредиторлар ҳуқуқлари бўйича суд ишлари билан шуғулланасиз.

– АҚШда қарз бўйича низо одатда кредитор ёки қарзни сотиб олган компаниянинг штат судига даъво аризаси беришидан бошланади. Шундан сўнг қарздорга ҳужжатлар расмий тартибда топширилади. Қарздор белгиланган муддатда жавоб бермаса, кредитор сиртдан ҳал қилув қарори (дефаулт жудгмент) чиқаришни сўрайди. Менинг ишларимнинг катта қисми айнан шу босқичга тўғри келади. Калифорния штатининг турли округларидаги олий судлар учун сиртдан ҳал қилув қарори пакетларини тайёрлайман, суд рад этган ҳужжатларни таҳлил қилиб қайта тузаман. Қарор чиққач, ижро босқичи бошланади: иш ҳақидан ушлаб қолиш, банк ҳисобварақларини хатлаш ва ҳоказо. Ҳар бир босқичда қатъий процессуал қоидалар мавжуд. Битта сана ёки суммадаги хато ҳам суднинг ҳужжатни рад этишига олиб келиши мумкин. Шу сабабли бу ишда аниқлик энг муҳим мезон ҳисобланади. Ҳозир янги ходимларни ҳал қилув қарорларини тизимга киритишга ўқитиш ҳам менинг вазифаларимдан бири.

– Энг катта фарқ тизимнинг ихтисослашувида. АҚШда истеъмол қарзлари бўйича низолар алоҳида амалиёт йўналишига айланган. Бунинг учун махсус қонунлар, назорат органлари, суд амалиёти ва шу соҳага ихтисослашган ҳуқуқшунослар бор. Ўзбекистонда эса бундай низолар умумий фуқаролик ишлари доирасида кўрилади. Иккинчи фарқ қарздорни ҳимоя қилиш механизмларида. АҚШда кредитор судга мурожаат қилганда қарзнинг келиб чиқишини, қарз кимдан кимга ўтганини ҳужжат билан исботлаши шарт. Айниқса қарз сотилган бўлса, бу талаб қатъий қўлланади.

– Тўланмаган истеъмол кредитларини кўпинча уни берган банк ундирмайди. Қарз сотилади, кейин яна қайта сотилади ва натижада бутун бир «талаблар занжири» юзага келади. Мақоламда шу занжирдаги бир бўғинни бир томонлама бекор қилиш мумкинми, деган саволни АҚШ ҳуқуқи ҳамда Шарқий Европа ва Европа Иттифоқи фуқаролик ҳуқуқи мисолида таҳлил қилдим. Хулосам шуки, ҳар икки тизимда ҳам қарзни ўтказиш амалга ошгач, уни бир томонлама бекор қилиб бўлмайди. Асосий фарқ бошқа жойда: занжир қарздор ва суд учун қанчалик шаффоф эканида. АҚШда қарз сотувчилар кўпинча маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгарликни ўз зиммасига олмайди. Қарзни қайтариб олиш бўйича келишувлар эса фақат тижорат томонлари ўртасида қолади, истеъмолчи ҳам, суд ҳам улардан бехабар бўлади. Европа Иттифоқи эса 2021/2167-сонли Директива билан қарз сотувчига ахборот бериш мажбуриятини юклади, истеъмолчига эса қарз ўтказилгани ҳақида хабардор бўлиш ва дастлабки кредиторга қарши барча эътирозларини янги эгага нисбатан ҳам билдириш ҳуқуқини берди. Мен буни Ўзбекистон учун ҳам муҳим сабоқ деб ҳисоблайман. Қарз бозори ривожланган сари қарздор ўз қарзи кимнинг қўлида эканини аниқ билиши керак.

– АҚШда асосий ҳужжат Қарзларни ундиришда адолатли амалиётлар тўғрисидаги федерал қонун (ФДСПА) ва унга асосланган Ф Регулясияси ҳисобланади. Улар қарз ундирувчининг қарздор билан қачон ва қандай боғланишини, қандай маълумот бериши шартлигини қатъий белгилайди. Таҳдид қилиш, алдаш, қарздорнинг иш жойига ёки қариндошларига босим ўтказиш тақиқланади. Қарздор қарзнинг асослилигига эътироз билдириш ҳуқуқига эга ва бундай ҳолатда ундирувчи қарзни исботламагунча ундиришни тўхтатиши шарт. Бузилиш учун қарздор судга мурожаат қилиб, компенсация ундириши мумкин. Ўзбекистонда ҳам бу йўналишда ислоҳотлар бошланган, аммо ихтисослашган, батафсил ва амалиётда синалган тартиб ҳали шаклланиш босқичида. Шу боис АҚШ тажрибасини ўрганиш фойдали деб ўйлайман.

Сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорлари АҚШда қарз ундиришнинг катта қисмини ташкил этади.

– Кўплаб қарздорлар судга умуман жавоб бермайди, шунинг учун сиртдан қарор чиқариш кенг тарқалган. Аммо бу «автоматик» қарор дегани эмас. Суд кредитордан қарз суммасини тасдиқловчи ҳужжатлар, нотариал тасдиқланган баёнотлар, қарздорга ҳужжатлар тўғри топширилганлиги ҳақида далил ва қарз сотилган бўлса эгалик занжирини талаб қилади. Калифорнияда бу талаблар айниқса қатъий. Шунинг учун мен ҳар куни суд рад этган ҳужжатлар билан ишлайман. Ўзбекистон учун асосий сабоқ шуки, тез ва самарали ундириш билан қарздор ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бир-бирига зид эмас. Аниқ далил стандартлари иккаласини ҳам таъминлайди.

Кредитлаш ва қарз ундириш иловалар ва мессенжерларга кўчмоқда.

– Бу ҳозирги куннинг энг долзарб масалаларидан бири. Рақамли кредитлашда қарздорнинг шахсий маълумотлари, телефон контактлари, жойлашуви компаниялар қўлида бўлади. Агар бу маълумотлардан ундириш жараёнида назорациз фойдаланилса, масалан, қарздорнинг танишларига хабар юборилса ёки ижтимоий тармоқларда босим ўтказилса, бу шахсий ҳаёт дахлсизлигининг жиддий бузилиши ҳисобланади. Ҳозир АҚШ қарз ундириш қонунчилигини замонавий маълумотларни ҳимоя қилиш талаблари билан уйғунлаштириш масаласи бўйича мақола устида ишлаяпман.

– Ф Регулясияси электрон алоқани рухсат этади, аммо қатъий шартлар билан. Қарздорга алоқани тўхтатиш имконияти берилиши керак. Ижтимоий тармоқларда хабарлар очиқ, бошқаларга кўринадиган тарзда юборилмаслиги лозим. Қўнғироқлар сони ва вақти ҳам чекланган. Ўзбекистонда бўлиб тўлаш хизматлари ва онлайн микроқарзлар тез ривожланмоқда. Қоидаларни бозор кенгаймасдан олдин аниқ белгилаш кейинчалик пайдо бўладиган муаммоларни бартараф этишдан анча осон.

Сиз Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Олий судига таклиф киритгансиз.

– Таклифим АҚШ тажрибаси асосида Ўзбекистонда истеъмол молияси низолари ва кредиторлар ҳуқуқлари бўйича ихтисослашган амалиётни ривожлантиришга қаратилган. Унда қарз ундириш жараёнида қарздорларни ҳимоя қилиш стандартлари, судларда кредитор талабларини исботлаш бўйича аниқ далил талаблари ва қарзни учинчи шахсларга ўтказишда шаффофликни таъминлаш масалалари кўриб чиқилган. Хурсандчилик билан айтишим мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Марказий банки таклифимни кўриб чиқди ва ундан келгусидаги ислоҳотлар ва ривожланиш ишларида фойдаланишни режалаштирмоқда. Бу мен учун катта масъулият ва АҚШда орттирган билимларимни Ватаним манфаати йўлида қўллаш имкониятидир.

– Барчаси. Қарздорлар ўз ҳуқуқларини аниқ билади ва асоссиз ёки ноқонуний ундиришдан ҳимояланади. Банклар ва молия ташкилотлари учун аниқ, олдиндан билинадиган қоидалар хавфни камайтиради ва бозорга бўлган ишончни оширади. Судлар учун эса стандартлаштирилган далил талаблари ишларни тезроқ ва сифатлироқ кўриш имконини беради. Охир-оқибат бу инвестиция муҳити ва молия тизимининг барқарорлигига ҳам ижобий таъсир қилади.

– Илмий фаолиятим тўғридан-тўғри амалий ишимдан келиб чиқади. Биринчидан, истеъмол кредитлари бўйича талаблар занжирини бир томонлама бекор қилиш масаласини АҚШ ва Шарқий Европа фуқаролик ҳуқуқи мисолида қиёсий таҳлил қилган мақолам чоп этилди. Иккинчидан, АҚШ Ягона тижорат кодексининг 9-моддасида белгиланган таъминланган битимлар доктринасининг трансчегаравий истеъмол молияси шартномаларига қўлланилиши ҳақидаги мақолам ҳам нашр этилди. Учинчидан, АҚШ штат судларида кредиторлар ҳуқуқларини таъминлаш тартибини қиёсий-процессуал таҳлил қилиш устида ишлаяпман. Бу тадқиқот АҚШ ва Ўзбекистон суд амалиётини таққослашга қаратилган.

– Фуқаролик ва тижорат суд ишлари соҳасида, хусусан, АҚШда истеъмол молияси ва кредиторлар ҳуқуқлари амалиёти бўйича ихтисослашувни давом эттирмоқчиман. Амалиётчи ҳуқуқшунос сифатида ҳам АҚШда, ҳам Ўзбекистонда адвокатлик лицензиясини олишни мақсад қилганман. Шу билан бирга, илмий-тадқиқот фаолиятимни давом эттираман. Мақсадим икки мамлакат ўртасида кўприк бўлиш: АҚШнинг истеъмол молияси ва кредиторлар ҳуқуқлари соҳасидаги илғор тажрибасини Ўзбекистонга олиб кириш, халқаро илмий муҳитда эса Ўзбекистон ҳуқуқий тизимини танитиш.

– Умумий «хорижий ҳуқуқ» эмас, аниқ бир йўналишни танланг ва унда чуқурлашинг. Истеъмол молияси, финтех ва қарз ундириш ҳуқуқи келажаги катта соҳалар. Фуқаролик процессига алоҳида эътибор беринг, чунки амалиётда айнан процессуал билим ҳал қилувчи рол ўйнайди. Илмий мақола ёзишдан қўрқманг: амалий тажрибангиз асосида ёзилган тадқиқот халқаро ҳамжамиятда юқори баҳоланади. Энг муҳими, ўқиб-ўрганишдан қўрқмаслик, олган билимингизни соҳа ривожига қандай ҳисса қўшишини мумкинлигини чуқур таҳлил қилиб, барча учун фойда келтиришини мақсад қилинг!

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.