Чехияда 11 тонна олтин захирасига эга кон аниқланди
Чехиянинг шимоли-шарқидаги Злате-Гори шаҳри яқинида қарийб 11 тонна олтин захираларига эга кон топилди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, конни ўзлаштириш муддати 15 йилни ташкил этади: уч йил тайёргарлик ишларига, 10 йил қазиб олишга, яна икки йил эса ҳудудни ёпиш ва ерларни қайта тиклашга ажратилади.

Чехияда 11 тонна олтин захирасига эга кон топилди
Чехиянинг шимоли-шарқидаги Злате-Гори шаҳри яқинида йирик кон аниқланди. Давлатга қарашли ДИАМО корхонасининг дастлабки маълумотларига кўра, кон таркибида қарийб 11 тонна олтин захираси мавжуд.
Кон ҳудудидаги рудаларда олтиндан ташқари мис ва рух ҳам бор. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, йилига 200 минг тонна рудани қайта ишлаш орқали 265 тонна мис ва 1556 тонна рух ажратиб олиш мумкин. Айни пайтда кон таркибида галлий бор-йўқлиги ҳам текширилмоқда.
Лойиҳага мувофиқ, кон 10 йил давомида ишлаши режалаштирилган. Бироқ лойиҳанинг умумий муддати 15 йилни ташкил этади: уч йил тайёргарлик ишларига, 10 йил қазиб олишга, яна икки йил эса конни ёпиш ва ерларни қайта тиклашга ажратилади. Қўшимча геологик қидирувлар натижасида янги захиралар аниқланса, коннинг ишлаш муддати узайтирилиши мумкин.
Бундан ташқари, лойиҳа доирасида ҳудудни ривожлантириш учун қўшимча инвестициялар жалб этиш ҳам кўзда тутилган. Аммо уларнинг миқдори ва йўналишлари ҳозирча белгиланмаган. Шунга қарамай, конни ишга тушириш бўйича ҳали якуний қарор қабул қилинмаган. Бунинг учун батафсил тадқиқотлар ва қўшимча геологик қидирув ишлари ўтказилиши, шунингдек, кончилик фаолиятининг атроф-муҳитга таъсири баҳоланиши керак. Хусусан, мутахассислар сув манбаларига эҳтимолий таъсир, шовқин ва чанг даражаси, йўлларга тушадиган юклама ҳамда портлатиш ишларининг хавфсизлигини ўрганиши лозим бўлади.

