“Бюджетдан етарли маблағ ажратилган” — депутат таълим муассасаларини жиҳозлаш ва беморларни бепул дорилар билан таъминлаш кечикаётганини танқид қилди

“Бюджетдан етарли маблағ ажратилган” — депутат таълим муассасаларини жиҳозлаш ва беморларни бепул дорилар билан таъминлашдаги кечикишларни танқид қилди
Ўзбекистонда таълим ва тиббиёт тизимларида давлат бюджети ижросининг ўз вақтида бажарилмаётган ҳолатлари кузатилмоқда. Бу ҳақда депутат Шарофиддин Назаров 15-сентябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида маълум қилди.
Депутатлар 2026-йилнинг биринчи ярмида давлат бюджети ижроси қай даражада амалга оширилганини муҳокама қилди. Йиғилишда Шарофиддин Назаров бюджетдан маблағ ажратилган бўлса-да, таълим муассасаларини жиҳозлаш, беморларни бепул дори воситалари ва тиббий ускуналар билан таъминлаш кечикаётганини айтди.
“Айрим давлат агентликлари ва идоралари бюджет харажатлари ижросини ниҳоятда суст олиб борган. Марказлашган инвестиция лойиҳалари, фан, таълим соҳасини ривожлантириш ҳамда ҳудудларни ободонлаштириш ишларини молиялаштиришда кутилган натижаларга эришилмаган ҳолатлар ҳам танқидий кўриб чиқилди”, деди у.
Шарофиддин Назаров инфратузилма дастурларига киритилган янги обьектлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳам ўз вақтида тасдиқланмаганини билдирди. Депутат бу ҳолат ижтимоий ва таълим муассасаларини вақтида топширмаслик хавфини юзага келтираётганини таъкидлади.
“Инвестиция лойиҳаларининг бизнес режалари ва қайтарилиш хатарларини олдиндан баҳолаш тизимини қайта кўриб чиқиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлашдаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш юзасидан аниқ чоралар белгилаш талаб этилади”, деб айтди Қонунчилик палатаси вакили.
Шарофиддин Назаровнинг таъкидлашича, Ҳисоб палатаси берган хулосаларда қатор муҳим молиявий кўрсаткичлар акс этмай қолмоқда. Энг хавотирлиси эса, солиқ ва бюджет кўрсаткичлари бир-бирига мос келмайди.
“Солиқ органларининг ахборот тизимлари ва бюджет ҳисоблари ўртасида жиддий тафовутлар сақланиб қолмоқда. Ҳисоботларда юридик шахсларнинг жами солиқ қарздорлиги ҳамда тадбиркорлар томонидан ортиқча тўланган солиқ суммалари тўлиқ акс эттирилмаган. Жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг солиқ қарздорликлари эса бундан четда қолаётгани ташвишланарли. Шундан келиб чиқиб, Солиқ қўмитаси ахборот тизимларини бюджет ҳисоботларига тўлиқ интеграция қилиш орқали реал солиқ қарздорлиги ва ортиқча тўловлар шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, боқиманда қарздорликни ундириш бўйича таъсирчан ва тезкор чоралар кўриш зарур деб ҳисоблаймиз”, деди депутат.

