«BYD. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган»: Жиззахдаги завод қандай ишламоқда. (Фото, видео)
BYD Uzbekistan Factory ва BYD Astana Motors Uzbekistan бренд дистрибьютори BYD Central Asia кўмагида «BYD. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» лойиҳаси доирасида мижозлар ва ОАВ вакиллари учун BYD’нинг Жиззахдаги заводига экскурсия ташкил этди. Унинг давомида муҳандислик мактаби, автомобиллар ишлаб чиқариш жараёни ва дилерлик марказлари фаолияти намойиш этилди. Жиззах вилоятидаги BYD Uzbekistan Factory заводида электромобиллар ишлаб чиқарилмоқда […]

«BYD. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган»: Жиззахдаги завод қандай тузилган. (Фото, видео)
BYD Uzbekistan Factory ва BYD Astana Motors Uzbekistan компаниялари BYD Central Asia бренди дистрибьютори кўмагида «BYD. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» лойиҳаси доирасида мижозлар ва ОАВ вакиллари учун BYD’нинг Жиззахдаги заводига экскурсия ташкил этди. Иштирокчиларга муҳандислик мактаби, автомобилсозлик ишлаб чиқариши ва дилерлик марказлари фаолияти кўрсатилди.
Жиззах вилоятидаги BYD Uzbekistan Factory корхонасида роботлаштирилган ускуналар ва кўп босқичли сифат назоратини қўллаган ҳолда электромобиллар ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда. Завод 27 гектар майдонни эгаллаган, унинг қуввати йилига 50 минг дона автомобилга етади, инвестициялар ҳажми эса 160 миллион долларни ташкил этди.
BYD Uzbekistan Factory — бу «Ўзавтосаноат» ва Хитойнинг BYD компанияси ўртасидаги қўшма корхонадир. Унда Ўзбекистон томони 51%, Хитой томони эса 49% улушга эга.
Ҳозирда заводда учта модель — Song Plus, Chazor ва Yuan Up ишлаб чиқарилмоқда. 2024 йилда корхона 4 004 дона автомобиль ишлаб чиқарди, 2025 йилда эса — 20 мингдан ортиқ. 2026 йилда ишлаб чиқаришни 40 минг дона автомобилгача ошириш режалаштирилган.
Кадрлар қаерда тайёрланади?
Завод билан танишув Тошкент политехника университети базасида ташкил этилган ўқув марказига ташрифдан бошланди. Бу ерда барча хоҳловчилар, жумладан, келажакда заводда ишлашни истаган талабалар таҳсил олмоқда.
Бундан ташқари, бу ерда бошқа мутахассислар ҳам тайёргарликдан ўтиб, кейинчалик хориждаги заводларга юборилмоқда. Назарий курс автомобиль ва электромобиль тузилиши, пост-инжиниринг, реверс-инжиниринг, индустриал инжиниринг, ишлаб чиқаришни IT-дастурлаш, шунингдек, сифат менежментини ўз ичига олади.
Бу ерда, шунингдек, робототехника бўйича мутахассислар, CATIA бўйича муҳандислар, сантехниклар ва бошқа касб вакиллари тайёрланмоқда.
Ўқиш муддати мутахассисликка қараб икки ойдан уч ойгачани ташкил этади. Ўқув маркази замонавий ускуналар, жумладан, робот-симуляторлар билан жиҳозланган.
Кузовни пайвандлашдан тайёр автомобилгача
Ишлаб чиқариш жараёни тўртта асосий босқичдан иборат: кузовни пайвандлаш, бўяш, йиғиш ва якуний сифат назорати.
Пайвандлаш цехида йилига 50 мингтагача кузов ишлаб чиқариш мумкин. Бу ерда 4 528 та пайвандлаш нуқтаси бажарилади, 61 та KUKA роботи, 200 та пайвандлаш кондуктори ва 297 та замонавий пайвандлаш аппаратидан фойдаланилади.
Шу билан бирга, пайвандлаш операцияларининг 69 фоизи қўлда, 31 фоизи эса автоматик тарзда бажарилади. Song Plus кузовининг ён томонлари ва томи юқори аниқликдаги лазерли пайвандлаш ёрдамида бирлаштирилади. Пайванд чокларининг сифати ультратовуш усули билан текширилади. Таъкидлаш жоизки, BYD’нинг барча моделлари кузовлари рухланган (оцинкованные).
Ён томонларни пайвандлаш бўйича алоҳида участка 4 минг квадрат метр майдонни эгаллайди. Унинг қуввати йилига 50 минг тўплам панелни ташкил этади. Уни жиҳозлашга 8 миллион доллар сармоя киритилган.
Пайвандлашдан сўнг кузовнинг геометрияси текширилади. Ўлчов лабораториясида Hexagon координата-ўлчов машинаси қўлланилади, у 2 мингдан ортиқ назорат нуқталарини 20 микронгача аниқликда текширади.
Бундан ташқари, Hexagon лазерли 3D-сканери FANUC роботи билан биргаликда бир соат ичида кузов деталларининг 90 та турини сканерлаш ва уларни уч ўлчамли модель билан солиштириш имконини беради.
Бўяш ва йиғиш
Майдони 7 800 квадрат метр бўлган бўёқлаш цехи йилига 50 мингта кузовга мўлжалланган. Лойиҳа қиймати 29 миллион долларни ташкил этди.
Бу ерда кузов бир неча ишлов бериш босқичларидан ўтади: коррозияга қарши ҳимоя, герметизация, грунт суртиш, асосий ранг ва икки компонентли лак қопламасини суртиш. Цехда 10 та ABB роботи ўрнатилган.
Бўялгандан сўнг кузовлар 16 минг квадрат метр майдонга эга йиғиш линиясига келиб тушади. Унинг ишлаб чиқариш қуввати ҳам йилига 50 минг дона автомобилни ташкил этади.
Йиғиш учта асосий босқичга бўлинган — Trim, Chassis ва Final. Ишлаб чиқариш суръати — тахминан ҳар беш дақиқада битта автомобиль.
Ҳаракатланиш учун 21 та AGV автоматик тизими, роботлар ва манипуляторлардан фойдаланилади. Бўялган кузовлар 70 тагача кузов сиғимига эга бўлган автоматлаштирилган икки даражали омборда сақланади. Бу захира бўёқлаш цехи вақтинча тўхтаб қолган тақдирда ҳам йиғиш линиясининг ишини тахминан олти соат давомида таъминлаш учун етарли ҳисобланади.
Тайёр автомобиллар қандай текширилади
Йиғилгандан сўнг автомобиль якуний назоратдан ўтади. Мутахассислар ғилдираклар геометриясини, тормоз тизимини, фараларни созлашни ва ADAS тизимларининг ишлашини текширадилар.
Сўнгра автомобиль ёмғир камерасига юборилади, у ерда кузов беш дақиқа давомида юқори босим остида сув таъсирига дучор қилинади. Бу герметикликни текшириш имконини беради.
Шундан сўнг автомобиллар турли йўл шароитларида синов трассасида синовдан ўтказилади.
Локализация: бутловчи қисмлардан тортиб янги ишлаб чиқаришларча
Заводни ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири — маҳаллий бутловчи қисмлар улушини оширишдир.
2025 йилда Song Plus учун 72 турдаги бутловчи қисмлар маҳаллийлаштирилди. Улар орасида ўриндиқлар, пластик ёнилғи баклари, шасси деталлари, ойналар, бамперлар, интерьер ва экстерьер элементлари, шовқин ва тебранишдан ҳимояловчи қопламалар, пол ва том қопламалари мавжуд.
Дастурда еттита маҳаллий корхона иштирок этмоқда: Уз Тонг Ҳеонг, ЯПП, Уз Ауто Аустем, Автоойна, Уз Корам, Уз Донг Янг ва Уз Ҳанвоо.
2025 йил давомида конвейерга 50 миллиард сўмдан ортиқ маҳаллий бутловчи қисмлар етказиб берилди. Бунинг эвазига импорт таркибий қисми битта автомобиль учун тахминан 3 044 долларга, таннарх эса 1 040 долларга камайди.
Йилига 20 минг дона автомобиль ишлаб чиқарилганда, импорт ўрнини босиш салоҳияти тахминан 60 миллион долларга баҳоланмоқда.
Жиззахда Хитойнинг JinTing Automobile Electric компанияси корхонаси ҳам иш бошлади. Бу ерда Song Plus учун 24 турдаги симлар дастаси (жгуты проводов) ишлаб чиқарилмоқда. 100 дан ортиқ иш ўрни яратилди, импортнинг кутилаётган йиллик қисқариши эса тахминан 7 миллион долларга баҳоланмоқда.
2026 йилда BYD Uzbekistan Factory яна 100 турдаги бутловчи қисмларни маҳаллийлаштиришни режалаштирмоқда: 40 таси Song Plus учун, 22 таси Chazor учун ва 38 таси Yuan Up учун. Лойиҳанинг иккинчи босқичида Yuan Up учун қўшимча равишда яна 70 та бутловчи қисмни маҳаллийлаштириш режалаштирилган.
Хитойда ўқитишдан муҳандислар тайёрлашгача
Заводда қарийб 1 600 киши меҳнат қилмоқда. Шу билан бирга, хитойлик мутахассислар сони босқичма-босқич камайиб бормоқда: агар бошланғич босқичда улар 150 дан ортиқ бўлган бўлса, ҳозирда — 50 га яқин.
Маҳаллий ходимлар Хитойда малака оширмоқдалар. 2024 йилда 40 киши шундай тайёргарликдан ўтди, 2025 йилда эса — 51 киши. 2026 йилда яна 60 нафар ходимни ўқишга юбориш режалаштирилган.
Бундан ташқари, BYD Uzbekistan Factory Жиззах политехника институти ҳузуридаги «Саноат инжиниринги» Олий муҳандислик мактаби инфратузилмасини яратишга 10 миллиард сўм сармоя киритди. Лойиҳа замонавий саноат технологиялари билан ишлашга қодир мутахассисларни тайёрлашни назарда тутади.
CKD ва SKD технологиялари бўйича ишлаб чиқариш
Song Plus Champion DM-i ва Chazor DM-i тўлиқ циклли CKD технологияси бўйича ишлаб чиқарилмоқда.
Yuan Up гибрид ва тўлиқ электрли версияларида йирик узелли йиғиш (SKD) усули билан ишлаб чиқарилмоқда.
Корхонада сифатни бошқаришнинг халқаро стандартлари ҳам жорий этилмоқда. BYD Uzbekistan Factory ISO 9001:2015 сертификатига эга бўлди ва Хитойдан ташқарида Three-Star Factory сертификатини олган биринчи BYD заводига айланди.
Шу тариқа, Жиззахдаги завод нафақат автомобиллар ишлаб чиқаришни, балки бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришнинг маҳаллий занжирини, мутахассислар тайёрлашни ва замонавий саноат технологияларини жорий этишни ҳам босқичма-босқич ривожлантирмоқда.

