Буюк Британиянинг робототехника марказлари янги технологияларни жорий этишни рағбатлантиради
Ҳукуматнинг маълум қилишича, ушбу марказлар бутун мамлакат бўйлаб бизнес ва давлат хизматларини қўллаб-қувватлайди.

Буюк Британия бўйлаб саккизта янги Робототехникани жорий этиш маркази (Robotics Adoption Hubs) ишга туширилади, деб маълум қилди ҳукумат.
Марказлар энг сўнгги технологияларни жорий этиш ва автоматлаштиришга ўтишни истовчи корхоналар ҳамда давлат хизматларига маслаҳат ва ёрдам кўрсатиш учун 40 миллион фунт стерлинг маблағ олади.
Ньюкаслдаги марказлардан бири соғлиқни сақлаш муассасаларига роботлаштирилган жарроҳликни ўзлаштиришда ёрдам берса, Линколндаги бошқа бир марказ қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини мева терувчи автоматлаштирилган машиналар каби инновациялар билан қўллаб-қувватлайди.
Сунъий интеллект ва робототехника вазири Канишка Нараяннинг таъкидлашича, робототехникадан "иқтисодиётимизнинг ҳар бир тармоғида" фойдаланиш "Буюк Британияни қайта индустриаллаштириш суръатларини тезлаштириши" мумкин.
Линколн агроозиқ-овқат технологиялари институтига янги 6,3 миллион фунт стерлинглик HARVEST марказини тақдим этиш учун ташрифи чоғида Нараян, агар "технологиялар келажагини қўллаб-қувватлашда давом этсак", Британия инновациялари "халқаро миқёсда рақобатга бардош бера олишига ишончи комил" эканини айтди.
Унга қулупнайзорлар оралаб ҳаракатланаётган автоматлаштирилган роботлар, ҳайдалган дала бўйлаб кетаётган бошқа бир робот ва бегона ўтлар ҳужайраларини куйдириш ва йўқ қилиш учун тупроққа кучли йўналтирилган ёруғлик импульсларини юбораётган учинчи робот намойиш этилди.
"Фермерлар керак пайтда мева териш учун ишчи топишга жуда қийналмоқдалар ва баъзи ҳолларда бу харажатларнинг сезиларли ўзгаришини англатади, шунинг учун қишлоқ хўжалигининг бу жиҳати ўзгаргани аниқ ва масала фермерларимизни фаолиятини давом эттиришлари учун қандай қўллаб-қувватлашимиздадир", деди у.
"Мен ҳатто комбайнлар ва сутчилик хўжалигидаги робототехника мисолида ҳам ушбу технология Британия қишлоқ хўжалигида қанчалик катта ўзгариш яратганига бевосита гувоҳ бўлдим ва бугунги эълон бунга катта ҳисса қўшишига умид қиламан".
Линколн университети таркибига кирувчи Линколн агроозиқ-овқат технологиялари институти профессори Саймон Пирсон (MBE) ушбу марказ қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоқларига янги технологияларни олиб киришини айтди.
"Хоҳ фермаларда, хоҳ озиқ-овқат фабрикаларида бўлсин, маҳсулдорликни ошириш учун саноатга роботлар керак, шунинг учун марказ озиқ-овқат ва робот ишлаб чиқарувчи компанияларни бирлаштиради", деди у.
"Қишлоқ хўжалиги ҳайратланарли даражада тез ўзгармоқда ва рентабеллик, ишчи кучидан фойдаланиш имконияти ҳамда иқлим муаммолари билан боғлиқ вазият жуда мураккаб. Бу технологиялар ушбу муаммоларни бутунлай ҳал қилмаса-да, лекин ёрдам беради.
Марказимизда жаҳон даражасидаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги компаниялари, жумладан Dyson Farming бор. Жаҳон даражасида бўлиш учун халқаро миқёсда рақобатбардош бўлиш керак ва агар биз буни Линколнширда қилмасак, бошқа давлатлар қилади".
Саккизта марказ билан бир қаторда, дастур доирасида робототехника бўйича амалий таълим ва шогирдлик тизимини рижвожлантиришга қаратилган 12 та лойиҳани, жумладан Халлдаги Порт ва логистика робототехникасини жорий этиш дастурини қўллаб-қувватлаш учун 2,5 миллион фунт стерлинг ажратилади.

