Буюк Британияда аёллар ампутантлар футболи бўйича «биринчи» ўйинлар бўлиб ўтди
Кембриж ва Польша ўртасидаги ўйинлар Буюк Британияда ўз туридаги биринчиси бўлгани айтилмоқда.

Буюк Британияда аёллар ампутантлар футболи бўйича "биринчи" ўйинлар бўлиб ўтмоқда
Чапдан ўнгга: Шелби Кларк, Иззи Папандронику ва Марни Воак Польшага қарши майдонга тушадиган жамоа таркибида бўлишади
Яқиндагина ташкил этилган аёллар ампутантлар футбол жамоаси Буюк Британияда бу турдаги биринчи аёллар ўйинида Польша терма жамоасига қарши ўйнашга тайёргарлик кўрмоқда.
"Кембридж Сити" аёллар ампутантлар футбол жамоаси Шанба ва Якшанба кунлари клубнинг Соустондаги FWD-IP Community Stadium стадионида Польша термасига қарши иккита ўйин ўтказади.
Буюк Британияда аёллар ампутантлар футбол лигалари бўлмагани сабабли, ўйинлар ва машғулотлар одатда аралаш тарзда ўтказилади.
Жамоа сардори ва " Лионессес" ампутантлар терма жамоасининг собиқ ўйинчиси, 29 ёшли Иззи Папандроникунинг айтишича, Польша терма жамоаси 2024 йилги Аёллар ампутантлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида учинчи ўринни эгаллаган бўлса-да, "биз уларга бемалол қаршилик кўрсата оламиз".
Спорт турини тавсифлар экан, Папандронику шундай деди: "Бу 11 кишилик эмас, балки 7 кишилик футбол ва иккаласи ўртасида бир нечта фарқли қоидалар бор. Энг яхшиси — бизда офсайд қоидаси йўқ, шунинг учун бу қоидани жуда яхши кўрамиз.
Лeкин шу билан бирга, ҳассаларингиз қўлингизнинг давоми ҳисобланади, шунинг учун улар қўл билан ўйин сифатида баҳоланади, бу эса вазиятни бироз мураккаблаштиради."
Аёллар жамоаси бор-yoғи бир неча ой олдин тузилган эди
У Польша жамоаси билан учрашув жиддий синов бўлишини айтди.
"Улар кучли рақиблар", — деди Папандронику.
"Улар 2024 йилги Аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида учинчи ўринни эгаллашди, аммо биз буни енгиб бўлмайдиган нарса деб билмаймиз, улар жиддий рақиб, лекин биз уларга албатта муносиб қаршилик кўрсата оламиз.
Биз майдонга тушишдан ва бу ерда, Кембридж Ситида тарих яратишдан жуда ҳаяжондамиз."
31 ёшли футболчи Шелби Кларкнинг айтишича, футбол ҳамиша унинг "ҳаётининг жуда катта қисми" бўлиб келган.
Унинг таъкидлашича, бирга ўйнаш учун бошқа аёл ампутантларни топиш "кўпчиликнинг дўстлигидан ҳам мустаҳкамроқ" ришталарни пайдо қилди.
У жамоадошларини "кичик афсоналар" деб атади ва дам олиш кунидаги ўйинлар "қизларимиз билан тарихий лаҳза" бўлишини айтди.
"Кембридж Сити" ФК аёллар ампутантлар футболи билан қизиқувчилар учун танишув машғулотини ўтказди ва май ойида собиқ " Лионессес" ампутант футболчилари иштирокида биринчи аёллар машғулотини ташкил этди.
Хертфордширлик яна бир собиқ "Лионесс", 19 ёшли Марни Воак ўша машғулотни эслаб, "барча янги аъзоларимиз жараёнга тезда киришиб кетишди ва ундан завқ олишди", деди.
"Бу дам олиш кунида Польшага қарши ўйин муҳим бўлса-да, бундан буён қилмоқчи бўлган ягона ишимиз — шу асосда ривожланишда давом этишдир.
Буюк Британияда... бу аёллар ампутантлар футболи бўйича биринчи ўйин бўлгани сабабли... биз кўпроқ одамлар бу спортни биз каби яхши кўриб қолишини хоҳлаймиз."
Фил Брашер клубнинг барча учун очиқ бўлишни мақсад қилганини айтди
"Кембридж Сити" ФКнинг ногиронлар футболи бўйича директори Фил Брашер шундай деди: "Ушбу клуб сидқидилдан ҳамма учун футбол ташкил этишни мақсад қилган.
Бошланишидан то ҳозирги даражамизга етиб келгунимизча 10 ой вақт кетди - бу жуда тезкор йўл бўлди ва биз бу борада узоққа бордик.
Бу қизлар мутлақо ҳайратланарли. Мен айта оладиган ягона нарса шу."
Шаҳардаги польшаликлар жамоасидан бўлган футбол мухлислари ҳам шанба куни BST бўйича соат 10:00 да ва якшанба куни соат 10:30 да бошланадиган ўйинларга ташриф буюриши кутилмоқда.

