Бутунжаҳон ўқитувчилар куни
Бутунжаҳон ўқитувчилар куни 1994 йилдан буён ҳар йили 5 октябрда нишонланади. У ХМТ/ЮНЕСКОнинг 1966 йилдаги Ўқитувчиларнинг мақоми тўғрисидаги Тавсияномаси қабул қилинганлигининг йиллиги муносабати билан нишонланади. Мазкур ҳужжат ўқитувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига оид мезонларни, шунингдек, уларнинг бошланғич тайёргарлиги ва малакасини ошириш, ишга жойлашиши, ўқитиш ва таълим олиш шароитлари стандартларини белгилайди. Ҳужжат 13 та бўлимдаги 146 та банддан иборат бўлиб, у тайёргарликни қамраб олади […]

Бутунжаҳон ўқитувчилар куни
Бутунжаҳон ўқитувчилар куни 1994 йилдан буён ҳар йили 5 октябрда нишонланади. Бу сана Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)/ЮНЕСКОнинг 1966 йилдаги Ўқитувчиларнинг мақоми тўғрисидаги тавсияномаси қабул қилинган кунга тўғри келади. Ушбу ҳужжат педагогларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мезонларини, шунингдек, уларнинг бошланғич тайёргарлиги ва малакасини ошириш, ишга жойлашиши, ўқитиш ва таълим олиш шароитлари стандартларини белгилайди.
Ҳужжат 13 та бўлимга бирлаштирилган 146 та бандни ўз ичига олади. Унда педагогларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, ишга қабул қилиш ва карьера, ҳуқуқ ва мажбуриятлар, меҳнат шароитлари, иш ҳақи, ижтимоий таъминот ҳамда ўқитувчилар етишмовчилигини бартараф этиш чора-тадбирлари кўриб чиқилади. Тавсияноманинг қўлланилишини назорат қилиш ЮНЕСКО Ижроия кенгаши зиммасига юкланган.
— ўқитувчининг «мақоми» деганда касбга бўлган ҳурмат ҳам, бошқа касбий гуруҳлар билан солиштирганда меҳнат шароитлари, иш ҳақи ва имтиёзлар ҳам тушунилади;
— ўқитувчилик — махсус билим ва доимий ўқишни талаб қиладиган касб ва ижтимоий хизмат шаклидир;
— касб эгалари ўз вазифаларини бажаришда академик эркинликдан фойдаланадилар;
— иш ҳақи ва меҳнат шароитлари ўқитувчилар ташкилотлари ва иш берувчилар ўртасидаги музокаралар орқали белгиланади, иш ҳақи касбнинг аҳамиятини акс эттириши ва ўхшаш малака талаб қиладиган бошқа машғулотлар билан рақобатбардош бўлиши керак;
— ўқитувчилар етишмовчилигига қарши энг яхши чора — уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилашдир.
Олий таълим муассасалари ўқитувчилар таркибининг мақоми тўғрисидаги тавсиянома 1966 йилдаги Тавсияномани тўлдириш ва унинг амал қилишини олий таълим муассасалари ўқитувчилар таркибига татбиқ этиш мақсадида 1997 йилда қабул қилинган.
Бу кун нафақат ўқитувчиларни табриклаш ва уларнинг таълим соҳасини қандай ўзгартираётганини эътироф этиш учун баҳона, балки уларнинг истеъдоди ва касбий маҳоратини тўлиқ намоён этишлари учун зарур бўлган қўллаб-қувватлашни қандай таъминлаш ҳақида ўйлаш, шунингдек, глобал миқёсда касбнинг келгуси ривожланиш йўлларини қайта мушоҳада қилиш имкониятидир.
Бутунжаҳон ўқитувчилар куни Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), ЮНИСЕФ ва Таълим интернационали билан ҳамкорликда ўтказилади.
2026 йилда ушбу кун ХМТ/ЮНЕСКОнинг 1966 йилдаги Ўқитувчиларнинг мақоми тўғрисидаги тавсияномаси қабул қилинганининг 60 йиллигини нишонлайди. Орадан олти ўн йиллик ўтиб, Тавсиянома қайта кўриб чиқилаётган бир пайтда, касб олдида янги муаммолар пайдо бўлмоқда — рақамли технологиялар ва иқлим ўзгаришидан тортиб инклюзивлик, миграция ва аҳолининг кўчиши масалаларигача. Бу муаммолар ўқитувчилар мақомининг бир нечта жиҳатларига дахл қилади: уларнинг ижтимоий обрўси — лойиқ даражада эътироф этилмаслик ва ҳурмат қилинмаслик; уларнинг касбий мақоми — автономиянинг чекланиши, давлат сиёсатини ишлаб чиқишда қўллаб-қувватлашнинг етишмаслиги ёки овоз бериш ҳуқуқининг йўқлиги; шунингдек, уларнинг паст иш ҳақи, ҳаддан ташқари иш юкламаси ва оғир меҳнат шароитлари туфайли ёмонлашиб бораётган моддий аҳволи, бу эса уларга ўз вазифаларини тўлиқ бажаришга имкон бермайди.
Бу йилги Бутунжаҳон ўқитувчилар кунининг мавзуси — « Ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш: касбни ҳимоя қилиш, унинг мақомини ошириш ва умумий келажагимизни шакллантиришнинг 60 йиллиги ». 2026 йилдаги тадбирлар ўқитувчилар мақоми билан боғлиқ жорий муаммоларни таҳлил қилиш ва уларни ҳал этиш йўлларини излашга бағишланади. Ушбу тадбирларнинг асосий мақсади — жамият ва ҳокимият вакилларини касб мақомини ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш ва оширишга чақиришдир.
ЮНЕСКО қароргоҳида ташкил этиладиган глобал тадбир доирасида ўқитувчилик касбини ҳимоя қилиш ва унинг мақомини оширишга бағишланган юқори даражадаги мунозаралар, шунингдек, ўқитувчилар фаолияти самарадорлигини ошириш соҳасидаги алоҳида хизматлари учун тўққизинчи ЮНЕСКО-Ҳамдан мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтади.
Ўзбекистонда Ўқитувчи ва мураббийлар куни 1997 йилдан буён миллий байрам ва дам олиш куни сифатида нишонланиб келинмоқда. Мамлакатда таълим тизимини изчил такомиллаштириш, педагогнинг конституциявий даражада мустаҳкамланган роли ва мақомини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган табригида таъкидланганидек, «Мактаб — гўё келажак боғи бўлса, ўқитувчи — умид ниҳолларини маҳорат билан парваришлайдиган боғбон, эзгулик ва ғамхўрлик булоғи, маърифат машъалидир. Шу боис биз бундай масъулиятли соҳа ходимлари меҳнатини улуғлаш ва қадрлашдан ҳеч қачон чарчамаймиз». Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан илғор педагогларни рағбатлантириш мақсадида Абдулла Авлоний номидаги Давлат мукофоти таъсис этилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Янги Ўзбекистонда мактаб таълимини профессионал ва олий таълим билан, олий таълимни эса илм-фан билан узвий интеграция қилиш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги ўн йил ичида олий таълим муассасалари сонининг 77 тадан 205 тага етгани, олий таълим билан қамров даражаси 45 фоизга етгани энг муҳим ижобий натижалардан бўлди. Республика олий таълим муассасаларида 185 та таълим дастури халқаро аккредитациядан ўтди, хорижий университетлар билан ҳамкорликда 441 та қўшма таълим дастури жорий этилди.
Мамлакатда замонавий талаблар асосида узлуксиз таълим, тарбия ва илм-фан тизимини ташкил этиш, инсон капитали ривожини янги босқичга олиб чиқиш, таълимнинг барча турлари ўртасидаги узвийликни таъминлаш мақсадида янги Таълим ва фан вазирлиги ташкил этилди, у эндиликда мактабгача, ўрта, профессионал ва олий таълим, илмий кадрларни тайёрлаш соҳаларида ягона давлат сиёсатини, ривожланишни ва тартибга солишни амалга оширади.

