Лайфстайл

Бутунжаҳон аудиовизуал мерос куни: ўтмишнинг овози ва қиёфаси бор

Бир пайтлар севимли хонанданинг янги қўшиғини тинглаш учун унинг кассетасини сотиб олиш, нусха кўчириш ёки

**Бутунжаҳон аудиовизуал мерос куни: ўтмишнинг овози ва қиёфаси бор**

Болалигингизда эшитган бир қўшиқ кутилмаганда янграб қолади. Бир лаҳза қулоқ тутасиз. Эҳтимол, унинг номини эслайсиз, эҳтимол эса йўқ. Аммо уни эшитган заҳотингиз ўша йиллар, ўша муҳит, ҳатто ёнингиздаги одамлар ҳам бирдан хотирангизга қайтади.

Ёки телевизорда болалигингизда кўрган мултфилм намойиш этилмоқда. Шунда сиз болаликдаги уйингизни, телевизор қаршисида ўтирганингизни, мултфилм тугашини истамаган пайтларингизни эслайсиз. Худди шундай, баъзан биргина овоз, хира сурат ёки битта кадр бутун бир даврни ёдга солади ва сизни бир зумда ортга қайтаради.

27 октябр — Бутунжаҳон аудиовизуал мерос куни. ЮНЕСКО ташаббуси билан 2005 йилда таъсис этилган бу сана филмлар, радио ва теледастурлар ёзувлари, мусиқа, оилавий видеолар ҳамда бошқа аудиовизуал материалларни асраб-авайлаш зарурлигини эслатади. Чунки тасвир ва овозлар нафақат ўтмиш воқеалари, балки ўша даврнинг маданияти, турмуш тарзи ва одамлар ҳаёти ҳақида ҳам маълумот беради.

### Кинотасмалар ҳам вақт билан курашади...

Эски филмни телевизорда кўрганимизда, унинг бизгача қандай етиб келгани ҳақида кўп ўйламаймиз. Экранда қаҳрамонлар сўзлайди, мусиқа янграйди, воқеалар давом этади. Биз эса филмни шунчаки томоша қиламиз, ҳатто қалбимиздан жой олганларини қайта-қайта кўрамиз. Аммо шу тасвирларнинг ортида уларни сақлаш, текшириш, тиклаш ва кейинги авлодга етказиш билан боғлиқ катта меҳнат бор.

Кино тасмаси оддий қоғозли ҳужжатдан фарқ қилади: унинг ўзига хос физик хусусиятлари бор, яъни вақт ўтиши билан материал эскиради, тасвир сифати ёмонлашиши мумкин. Нотўғри шароитда сақланса, шикастланиш жараёни тезлашади. Айрим тасмаларда ранглар ўзгаради, тасвир хиралашади, лента мўртлашади, овозлар ноаниқ бўлиб қолади. Бундай ҳолатларда филм ёки қўшиқни сақлаб қолиш учун махсус шароит ва мутахассислар меҳнати зарур бўлади.

### Тасвирни сақлаб қолишнинг яна бир йўли рақамлаштириш...

Ҳа, кинотасмаларни асраш ҳақида гап кетганда, рақамлаштиришни четлаб ўтиб бўлмайди. Замонавий технологиялар эски материалларни рақамли нусхага айлантириш орқали улардан фойдаланишни енгиллаштиради ва асл ташувчига тушадиган юкни камайтиради. Илгари тарихий кадрни кўриш учун архивга бориш, ҳужжатни сўраш ва уни махсус шароитда томоша қилиш керак бўлган бўлса, рақамли технологиялар айрим материаллардан масофадан туриб фойдаланиш имконини беради.

«Ўзархив» агентлигининг расмий маълумотига кўра, 2024-йилда Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви учун худди ана шундай ускуна, кино ҳужжатларини 4К форматда рақамлаштириш имконини берувчи замонавий Синтел 4К киносканери харид қилинган. Унда архивдаги кино ҳужжатларини юқори аниқликда қайта рақамлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Бироқ рақамлаштиришнинг ўзи барча муаммони ҳал қилмайди: аввал тасманинг ҳолатини баҳолаш, зарур бўлса уни тиклаш, кейин эса олинган рақамли файлларни ишончли сақлаш керак.

Шунингдек, рақамли нусха борлиги асл кинолентани ташлаб юбориш мумкин дегани ҳам эмас. Мутахассислар фикрича, асл материал ҳам тарихий манба сифатида қимматли. Рақамли нусха эса ундан фойдаланиш, кўрсатиш ва тарқатиш имкониятларини кенгайтиради. «Ўзархив» агентлиги Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архивининг расмий сайтида бугунги кунда 2 062 та фоно (овозли) ҳужжат, 45 033 та ноёб тарихий фотосурат, 805 та тарихий киноҳужжат ва хроникалар ҳамда 1 296 889 та матнли архив ҳужжатлари фойдаланувчиларга онлайн излаш ва фойдаланиш учун тақдим этилган. Бу ўтмишимизнинг жонли овози ва қиёфасини асраб-авайлаш йўлидаги улкан қадамдир.

### Кассеталарда қолган овозлар

Кинотасмалар ҳақида гапирар эканмиз, аудиокассеталарни эсламаслик мумкинми? Бир пайтлар севимли хонанданинг янги қўшиғини тинглаш учун унинг кассетасини сотиб олиш, нусха кўчириш ёки радиодан ёзиб олиш керак эди. Радиода кутган қўшиғимиз бошланса, уни кассетага ёзиб олишга улгуришга ҳаракат қилардик. Кассета магнитофонга қўйилар, қўшиқ қайта-қайта эшитиларди. Лента ўралиб қолса, уни эҳтиёткорлик билан тўғрилашнинг ўзи ҳам бир муаммо эди. Бугун бу майда ташвишлар кулгили туюлиши мумкин. Аммо ўша даврда кассеталар мусиқани тинглашнинг оммабоп усулларидан бири эди.

Ўзбек хонандаларининг овозлари ҳам ана шу кассеталар орқали хонадонларга кириб борган. Қайси қўшиқ тўйларда янграгани, қайси ижрочининг қўшиқлари кўпроқ тинглангани, қайси куй оилавий йиғинларнинг ажралмас қисмига айлангани — буларнинг барчаси мусиқа маданиятимизнинг бир бўлагидир.

Бугун эски қўшиқни интернетдан топишимиз мумкин. Аммо уни биринчи марта эшитганимиздаги ҳиссиёт, қўшиқни ким билан тинглаганимиз ёки кассетани ким совға қилгани ҳақидаги хотирани интернетдан топиб бўлмайди.

### Ҳар бир оиланинг ўз архиви бор

Давлат архивларида мамлакат тарихи сақланса, оилавий видеоларда ҳар бир хонадоннинг ўз тарихи яшайди.

Бир пайтлар тўй ёки туғилган кунни видеога олиш ҳамма хонадонда ҳам одатий ҳол эмасди. Видеокамераси бор одамни таклиф қилиш, тадбирни тасмага ёздириш, кейин тайёр кассетани олиб телевизорда кўришнинг ўзи катта завқ эди.

Бугун эса телефон билан бир кунда ўнлаб, ҳатто юзлаб сурат ва видео олиш мумкин. Гўдакнинг илк қадами, туғилган кун, оилавий саёҳат, дастурхон атрофидаги суҳбат — барчасини камерага муҳрлаш мумкин. Бир қарашда, хотираларни сақлаш аввалгидан анча осонлашгандек.

Аммо уларни ҳақиқатан ҳам сақлаяпмизми?

Эски видеокассетани олиб, уни кўриш учун мос аппарат излаган одам бунинг қанчалик қийинлигини билади. Кассета сақланган бўлиши мумкин, аммо уни ўқийдиган қурилма қолмаган. Қурилма топилса ҳам, тасма шикастланган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Баъзан тўйда камерага тушиб қолган қариндошнинг бир оғиз гапи, ҳовлида ўйнаб юрган болалар, дастурхон атрофидаги ёши катта инсонларнинг суҳбати ўша пайтда оддий манзара бўлиб кўринади. Йиллар ўтгач эса кадрдаги одамларнинг айримлари орамизда бўлмаслиги, болалар улғайиши, ҳовлилар ўзгариши мумкин. Шунда эски видео фақат воқеани эмас, қайтиб келмайдиган бир даврни ҳам сақлаб турганини англаймиз.

### Телефонимиздаги хотиралар қанчалик ишончли?

Бугун аудиовизуал хотираларни сақлаш имкониятлари кўп. Телефонлар, компютерлар, ташқи хотира қурилмалари ва булутли хизматлар сурат ҳамда видеоларни сақлашга ёрдам беради. Бироқ қулайлик билан бирга янги муаммо ҳам пайдо бўлди: биз жуда кўп маълумот яратамиз, аммо уни тартибга солиш ва асрашга ҳар доим ҳам вақт ажратмаймиз.

Телефонимизда йиллар давомида йиғилган минглаб суратлар бўлиши мумкин. Улар орасида бир марта кўриш учун олинган тасвирлар ҳам, қайта топиш қийин бўлган оилавий хотиралар ҳам бор. Қайси бири биз учун энг муҳимлигини кўпинча уларни йўқотиш хавфи туғилгандагина ўйлаймиз.

Ота-онамиз юборган овозли хабарлар ҳақида ҳам ўйлаб кўрайлик. Бугун мессенжерда сақланиб турган оддий хабарни алоҳида файл қилиб олиш хаёлимизга келмаслиги мумкин. Аммо йиллар ўтиб, ўша инсоннинг овозини эшитиш, унинг одатий гапириш тарзини, кулгисини ёки бизга айтган бир оғиз сўзини яна бир бор тинглаш истаги пайдо бўлиши мумкин.

Шунинг учун аудиовизуал мерос ҳақида гапирганда шахсий овозли хабарларни ҳам эслаш ўринли. Албатта, ҳар бир хабарни сақлаш шарт эмас. Аммо биз учун алоҳида аҳамиятга эга бўлганларини йўқотиб қўймаслик ҳақида ўйлаш мумкин.

Бунинг учун мураккаб техника ёки катта маблағ шарт эмас. Энг қадрли сурат ва видеоларни алоҳида папкаларга ажратиш, уларни компютер ёки ташқи хотира қурилмасига кўчириш, муҳим файлларнинг қўшимча нусхасини сақлашдан бошлаш мумкин. Булутли хизматлар ҳам қулай, лекин муҳим хотираларни фақат битта жойда сақлаш билан чекланмаган маъқул.

Эски кассеталар ва оилавий видеоларни рақамли форматга ўтказиш имкони бўлса, уларни ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак. Чунки бундай ёзувларнинг айримларини кейинчалик тиклаш жуда қийин бўлиши мумкин. Бутунжаҳон аудиовизуал мерос куни эски филмлар, мусиқа ёзувлари ва архив тасмаларининг қадрини эслатади. Демак, бу сана нафақат ўтмишни сақлаш, балки бугунги хотираларимизни келажак авлодга етказиш ҳақида ҳам ўйлашга ундайди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.