Лайфстайл

Болаликни эслатадиган 5 та қадрдон эртак-филм (видео)

Болаликни эслатувчи 5 та севимли эртак-филм (видео)

Болаликда севиб томоша қилинган айрим филмлар йиллар ўца ҳам ўз жозибасини йўқотмайди. Айниқса, эртак жанридаги филмлар ёрқин қаҳрамонлари, сеҳрли воқеалари ва унутилмас мусиқалари билан томошабинлар хотирасида муҳрланиб қолган. Қуйида бир неча авлодни улғайтирган, бугун ҳам қайта томоша қилишга арзийдиган 5 та машҳур эртак филмини жамладик.

**“Буратинонинг саргузаштлари”**

* **Ишлаб чиқарилган йили:** 1976-йил.

* **Жанри:** Саргузашт, мюзикл, эртак.

* **Давомийлиги:** 2 соат-у 10 дақиқа.

* **Режиссёр:** Леонид Нечаев.

* **Ролларда:** Дмитрий Иосифов, Владимир Этуш, Ролан Биков, Елена Санаева, Владимир Басов.

* **ИМДб:** 7,5.

Бу воқеа шарманчи Карлонинг меҳнати билан кичик безорига айланиб қолган ёғоч ғўладан ясалган болакай ҳақидаги ҳикоя. Шўх бола ўқиш учун уйдан кетади-ю, аммо ўрнига турли саргузаштларга дуч келади. Бироқ ҳар сафар дўстлари ёрдамида Буратино сувдан қуруқ чиқишни уддалайди.

Алексей Толстойнинг “Олтин калитча ёхуд Буратинонинг саргузаштлари” эртагининг икки қисмли экранлаштирилган варианти мусиқий кадрлари учун ҳам кўришга арзийди. Актёрлар таркиби ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Филмда Владимир Этуш, Рина Зелёная, Ролан Биков ва бошқа кўплаб машҳур артистлар суратга тушган.

**“Қизил қор ёғганда”**

* **Ишлаб чиқарилган йили:** 1986.

* **Жанр:** Фентези, саргузашт, комедия, эртак.

* **Давомийлиги:** 1 соат 18 дақиқа.

* **Режиссёр:** Михаил Юзовский.

* **Ролларда:** Олег Табаков, Татяна Пелцер, Валентина Тализина, Юрий Медведев, Владимир Фёдоров, Семён Фарада.

Бири шаҳзода, иккинчиси ташландиқ, учинчиси эса хазинабоннинг ўғли бўлган уч Иван ҳақидаги ҳикоя. Шаҳзода ва ташландиқ болани ўғирлаб кетишади ва улар оддий халқ орасида улғаяди, хазинабоннинг ўғли эса шоҳ саройида вояга етади. Агар Иванлар малика Милоликани деб Кошейнинг олдига боришга қарор қилмаганида, улар шундай яшайверар эди.

Филм машҳур совет эртакчи-режиссёри Михаил Юзовский томонидан суратга олинган. Актёрларнинг ажойиб ижроси туфайли ҳам картина ўлмас асарга айланган.

**“Уч бақалоқ”**

* **Ишлаб чиқарилган йили:** 1966.

* **Жанри:** Саргузашт, эртак.

* **Давомийлиги:** 1 соат 25 дақиқа.

* **Режиссёрлар:** Алексей Баталов, Иосиф Шапиро.

* **Ролларда:** Лина Бракните, Алексей Баталов, Пётр Артемьев, Валентин Никулин, Александр Орлов, Рина Зелёная.

Золим ҳукмдорлар — Уч бақалоққа қарши исён кўтарилади. Унга сирк артисти Тибул ҳам қўшилади. Дўстлари панжара ортига ташлангач, Тибул труппаси ноҳақ қамалганларни қутқариш учун таваккал қилади. Улар бақалоқларнинг олдига гимнастикачи қиз Суокни юборишади, у ўзини қўғирчоқдек кўрсатиши керак эди.

Юрий Олешанинг эртаги асосида суратга олинган ушбу филмга Алексей Баталов режиссёрлик қилган. Унинг ўзи исёнчи Тибул ролини ижро этган. Ҳатто дублёрсиз арқонда юриш учун бир неча ой тайёргарлик кўрган.

**“Аёз бобо”**

* **Ишлаб чиқарилган йили:** 1965.

* **Жанри:** Эртак, мелодрама, комедия.

* **Давомийлиги:** 1 соат 24 дақиқа.

* **Режиссёр:** Александр Роу.

* **Ролларда:** Александр Хвиля, Наталя Седих, Эдуард Изотов, Инна Чурикова, Павел Павленко, Вера Алтайская, Георгий Милляр.

Бош қаҳрамон Настенка ўгай онасининг зуғумларига чидашга мажбур. Унинг қайлиғи Иван эса ёмон хулқи туфайли айиққа айлантириб қўйилган. Бирга бўлиш учун иккала қаҳрамон ҳам кўплаб тўсиқларни енгиб ўтиши керак. Бу йўлда уларга сеҳргар Аёзбобо ёрдам беради.

“Аёзбобо” эртагининг экранлаштирилиши, шубҳасиз, режиссёр Александр Роунинг энг машҳур ижод намунасидир. Филм нафақат мамлакат кинематографияси учун култ асар ҳисобланади, балки хорижда ҳам шуҳрат қозонган. Масалан, картина Венеция кинофестивалида (болалар филмлари дастурида) бош совринни қўлга киритган. Кўплаб мамлакатларда эса “Аёзбобо” Янги йил олди теледастурларининг ажралмас қисмига айланган. Ҳатто Стивен Спилберг ушбу филмни Голливуд дурдоналарининг дебочаси деб атаган.

**“Чипполино”**

* **Ишлаб чиқарилган йили:** 1973.

* **Жанри:** Эртак, мелодрама, комедия.

* **Давомийлиги:** 1 соат 25 дақиқа.

Асарда воқеалар сабзавот ва мевалар яшайдиган ғаройиб мамлакатда кечади. Бош қаҳрамон — қувноқ ва жасур пиёз Чиполлино. У оддий халқнинг оғир ҳаётига бефарқ қарай олмайди ва дўстлари билан бирга адолацизликка қарши курашади.

Мамлакатни шаҳзода Лимон бошқаради. У ва унинг амалдорлари оддий аҳолига турли зулм ва чекловлар ўрнатади. Чиполлино эса дўстлари билан бирлашиб, халқни озодлик учун курашишга чорлайди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.