Бурхонов ва Монфарид парламентлараро ҳамкорликни муҳокама қилдилар
Ўзбекистон ва Эрон парламент аъзолари парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, парламент гуруҳларини кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилдилар.

**Бурханов ва Монфарид парламентлараро ҳамкорликни муҳокама қилдилар**
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси, Ўзбекистон–Эрон парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи ҳамраиси Қутбиддин Бурханов Самарқанд шаҳрида Эрон Исломий маслаҳат кенгаши аъзоси, Эрон–Ўзбекистон парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи аъзоси Амир Монфарид бошчилигидаги делегация билан учрашди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини кенгайтириш, парламент тажрибасини алмашиш ва қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлаш йўлларини муҳокама қилдилар.
Учрашувда сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик янги босқичга кўтарилгани таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар мунтазам парламентлараро мулоқотни давом эттириш ва икки парламент ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга келишиб олдилар.

