«Бу кўзбўямачилик учун»: жамоатчилик Миллий кутубхона ёнида автотураргоҳ қурилишига қарши
Тошкент шаҳри марказидаги Миллий кутубхона орқасида жойлашган 1,3 гектарлик ҳудудда автотураргоҳ қуриш режалаштирилмоқда. Ер участкаси 514,2 млн сўм бошланғич нарх билан аукционга чиқарилади, лойиҳа ғолиби эса камида 10 млрд сўм инвестиция киритиши керак бўлади.

«Бу кўзбўямачилик учун»: жамоатчилик Миллий кутубхона ёнида автотураргоҳ қурилишига қарши чиқмоқда
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона орқасида жойлашган 1,3 гектарлик ер майдонида давлат-хусусий шериклик асосида автотураргоҳ барпо этмоқчи.
Лойиҳа ташаббускори пойтахт маъмурияти бўлиб, уни «автотураргоҳ ва жамоат жойини ободонлаштириш лойиҳаси» деб атамоқда. Техник шартларда мавжуд дарахтларни сақлаб қолиш, янги кўчатлар экиш, пиёдалар ва велосипед йўлаклари, дам олиш ҳудудлари, болалар ва воркаут майдончаларини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.
Шундай бўлса-да, шаҳар марказидаги 1,3 гектарлик ер майдонининг асосий вазифасини ўзгартириб, уни автотураргоҳга айлантириш ғояси жамоатчиликда саволлар туғдирмоқда. Гап Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси, Мустақиллик майдони ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бинолари оралиғидаги, ҳозирда тўлиқ кўкаламзорлаштирилган ҳудуд ҳақида бормоқда.
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг 2026 йил 14 сентябрдаги қарори билан Миллий кутубхона орқасидаги яшил ҳудудда давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш шартлари тасдиқланган. Давлат шериги сифатида «Toshkent Invest» компанияси белгиланган, ер солиғи ставкаси эса 514 млн 228 минг сўм миқдорида кўрсатилган. Шартларга кўра, ушбу ҳудудда ташкил этиладиган автотураргоҳдан тушадиган тўловларнинг 15 фоизи давлат шеригига, 5 фоизи эса «Пуллик тўхташ жойи» операторига ўтказилади.
«Бу жойнинг ўзи хиёбон-ку»
Кутубхона жойлашган яшил ҳудуднинг тақдири жамоатчилик фаолларини хавотирга солмоқда.
Қобил Хидиров буни шунчаки эътиборни чалғитишга уриниш деб ҳисоблайди.
«Техник шартларда автотураргоҳ билан бирга „хиёбон ташкил этиш“ режаси ҳам кўзда тутилган бўлса-да, бизнингча, бу кўзбўямачилик учун. У ерда шундоқ ҳам хиёбон бор»,
шаҳар марказидаги бундай ҳудудни юзлаб автомобиллар тўхтаб турадиган жойга айлантиришни эса у шаҳарсозлик нуқтаи назаридан «баҳсли қарор» деб атайди:

