Британиялик бева аёл 22 йилдан кейин Швециядан депортация қилиниш хавфи остида қолди
78 ёшли Буюк Британия фуқароси бўлган аёл Brexit’дан кейин яшаш учун рухсатнома олиш аризасини ўз вақтида тўлдирмагани сабабли депортация қилиниш хавфи остида қолди.

**Британиялик бева аёл 22 йилдан кейин Швециядан депортация қилиниш хавфи остида қолди**
78 ёшли британиялик бева аёл BBC телеканалига Швеция ҳукумати Brexit'дан кейин яшаш учун аризани кеч топширгани сабабли уни депортация қилиш билан таҳдид қилаётгани учун овқатланиш ва ухлашга қийналаётганини айтди.
Нафақадаги ҳамшира Жойс Томас 22 йил аввал Швецияга эри билан бирга кўчиб келган эди, эри уч йил аввал саратон касаллигидан вафот этган.
Муаммо Швеция расмийлари уларга Brexit'дан кейин мамлакатда қолиш учун расмий ариза топширишлари кераклигини айтганидан кейин юзага келди.
Ўшандан бери Томаснинг бир нечта аризалари ва апелляциялари рад этилди ва сешанба куни унинг ихтиёрий равишда мамлакатни тарк этиши учун сўнгги муддат ҳисобланади.
"Бу ҳақиқий дўзах", деди у Швециядаги уйидан туриб.
"Ухлай олмаяпман, овқатлана олмаяпман. Эрталаб турасан ва нима бўлишини билмайсан".
Швеция миграция вазири BBC'га ҳукумат ЕИ ва Буюк Британия ўртасидаги чиқиш тўғрисидаги битимнинг айрим оқибатларидан "жабрланганлар учун жараённи осонлаштириш бўйича кўришимиз мумкин бўлган чора-тадбирлар бор-йўқлигини ўрганишини" айтди.
Буюк Британия 2020 йил 31 январда ЕИни тарк этганида, Британия фуқаролари ЕИ фуқароси бўлишдан тўхтадилар, бу эса уларнинг Швецияда яшаш ҳуқуқи мақоми билан қола олмасликларини англатарди.
Ўтиш даврида Британия фуқаролари Буюк Британия ва ЕИ ўртасидаги чиқиш тўғрисидаги битимга мувофиқ яшаш мақоми учун ариза топширишлари мумкин эди, бу муддат 2021 йил 31 декабрда тугаган.
Томаснинг айтишича, у ва эри ариза топширишлари кераклигини билишмаган ва у бу талаб ҳақида фақат 2023 йилда мамлакатга қайта кирмоқчи бўлганида билган.
Йиллар давомида қилинган апелляциялардан сўнг, Швеция ҳукуматининг миграция бўйича масъул агентлиги — Migrationsverket ўтган ой унга ихтиёрий равишда чиқиб кетиш муддати 8 сентябрь эканлигини маълум қилди.
Унинг адвокатлари депортацияга эътироз билдиришмоқда, бироқ у ҳали ҳам ҳукуматдан жавоб кутмоқда.
Томаснинг айтишича, ўғли, набиралари, дўстлари ва эрининг қабрини ташлаб кетиш истиқболи чидаб бўлмас даражага етган.
"Мен чарчадим, ҳақиқатан ҳам чарчадим ва энди ёш эмасман", деди у.
"Ҳамдардлик қани? Мен бу ерда 20 йилдан ортиқ яшадим — дўстларим бор, оилам бор".
Eurostat маълумотларига кўра, 2021 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда 2490 нафар Буюк Британия фуқаросига Швецияни тарк этиш буюрилган. Бу худди шу даврда ЕИга аъзо 27 та давлатни тарк этиш буюрилган 7500 дан ортиқ Буюк Британия фуқароларининг деярли учдан бир қисмини ташкил этади.
Migrationsverket Томаснинг розилигисиз унинг иши бўйича изоҳ бера олмаслигини айтди ва қанча Британия фуқароси депортация қилиниш хавфи остида эканлиги ҳақидаги саволга жавоб бермади.
Бироқ, ўтган ҳафта у Guardian нашрига Brexit'дан бери 458 нафар Британия фуқароси депортация қилингани ёки мажбурий равишда чиқариб юборилганини маълум қилди.
Ўтган ой бир оила BBC'га деменция ва қон томир паркинсонизми билан касалланган ва Швецияда тўлиқ парваришда яшаётган оталари ҳам мамлакатда йигирма йилдан кўпроқ вақт яшаганидан кейин чиқариб юборилиш хавфи остида қолганини айтган эди.
Швеция миграция вазири Йохан Форсселл BBC'га амалдаги тизим аввалги ҳукумат томонидан жорий этилганини ва шу сабабли "вазиятни диққат билан ўрганиб чиқишини ҳамда жабрланганлар учун жараённи осонлаштириш бўйича кўришимиз мумкин бўлган чора-тадбирлар бор-йўқлигини текширишини" айтди.
У Томаснинг иши ҳақида тўғридан-тўғри гапирмади, лекин "ҳукумат қоидалар кенг кўламда қўлланилиши керак деб ҳисоблайди" деди.
"Буюк Британия Швеция учун жуда муҳим шерикдир ва биз Швецияда яшайдиган ва ишлайдиган Британия фуқаролари шу ерда қолишларини хоҳлаймиз", деди у.
"Қандай чоралар кўриш мумкинлиги ҳақида аниқроқ тасаввурга эга бўлиш учун ҳозирда тегишли Швеция идоралари билан мулоқот олиб бормоқдамиз", дея қўшимча қилди у.
Буюк Британия Ташқи ишлар, ҳамдўстлик ва тараққиёт масалалари бўйича вазирлиги матбуот котиби шундай деди: "Биз Швеция расмийларининг ушбу масалани кўриб чиқишлари ҳақидаги баёнотини олқишлаймиз. Биз уларни бу борада қўллаб-қувватлашга тайёрмиз".

