Брижит Бардонинг балетки пойабзаллари ва бриллиант узуклари аукционда сотилади
Кино юлдузининг Парижда сотувга қўйилган кўплаб шахсий буюмлари 100 евродан паст нархда баҳоланмоқда.

Брижит Бардонинг балетки туфлилари ва олмос узуклари кимўзар савдосига қўйилади
Марҳум актриса Брижит Бардонинг шахсий буюмлари — Repetto балетки туфлилари ва олмос узукларидан тортиб, Камасутра китобининг нусхасигача — душанба куни аукционга қўйилади, тушган маблағлар эса унинг ҳайвонларни ҳимоя қилиш хайрия жамғармасига йўналтирилади.
Ўтган йилнинг декабрь ойида 91 ёшида вафот этган афсонавий шахснинг мухлислари Париж марказидаги Drouot аукцион залларида намойиш этилаётган 300 га яқин лотни томоша қилиш учун кўплаб ташриф буюрмоқда.
Буюмлар Бардонинг Сен-Тропедаги иккита уйидан, шунингдек, Париждаги квартирасидан келтирилган бўлиб, кўргазманинг айрим қисмлари ушбу интерьерларнинг бўлакларини қайта тиклайди.
«Сотувга қўйилган ҳар бир буюм учрашув, иштирок, бахтли лаҳза ёки унинг ҳаётидаги муайян босқич изини ташийди. Улар нафақат афсона, балки аёл тақдири ҳақида ҳам ҳикоя қилади», — деди унинг кўп йиллик котиби Франк Гийу.
Бардо ҳозирда ХХ аср охирининг энг нуфузли аёл сиймоларидан бири сифатида эътироф этилади. 1950-йилларда модель ва актриса сифатида у замонавий аёллик ва жинсий инқилоб рамзига айланди, кейинчалик эса ўзини ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишлади.
Бироқ, умрининг кейинги йилларида у гомофоблик баёнотлари учун танқид қилинди ва ирқий адоватни қўзғатиш айби билан бир неча бор жаримага тортилди.
Душанба кунги аукцион бир вақтлар унга яқин бўлган кундалик буюмларни сотиб олиш имкониятини тақдим этади. Мебеллар, кийим-кечаклар ва диний ҳайкаллар билан бир қаторда, ошхона анжомлари, Le Creuset қозонлари ва сигарет тутатқичлар ҳам бор.
Бошқа эътиборга лойиқ буюмлар қаторига у хатлари ва таржимаи ҳолини ёзишда фойдаланган механик ёзув машинкаси, заргарлик буюмлари ва классик гитаралар киради.
Шунингдек, унинг Peugeot велосипеди ва икки жуфт чарм Repetto балетки туфлиси ҳам сотувга қўйилган. Профессионал балерина бўлган Бардо Repetto брендидан ҳар куни кийиб юриши мумкин бўлган вариантни яратишни сўраб, ушбу бренднинг машҳур бўлишига ҳисса қўшган.
Савдога юлдузнинг кўплаб портретлари, жумладан, баъзи эротик суратлари ҳам қўйилган.
«Брижит кун бўйи ўз башарасига қараб ўтиришни истамаслигини айтарди, шунинг учун улар деворларга осилмаган эди — лекин у бу суратларни сақлаб қўйган, чунки у рассомларни танирди ёки бу суратлар у учун қандайдир маънога эга эди. Уларнинг барчаси совға эди», — деди Гийу.
Кўпгина лотларнинг бошланғич нархи 100 евродан (£86) паст, бироқ савдони ўтказаётган Millon аукцион уйи вакили Сесиль Дюпюининг сўзларига кўра, рақобат уларни сезиларли даражада ошириши кутилмоқда.
«[Бу савдо] ҳанузгача унинг хотираси билан яшаётган ва унинг ишини давом эттираётган инсонлар учундир. Улар бир вақнинг ўзида ҳам ҳайвонларни, ҳам Брижит Бардони севувчилардир. Зал ана шундай мухлислар билан тўлади», — деди у.
Тақдим этилаётган буюмларнинг аксарияти унинг ҳайвонларга бўлган муҳаббатини акс эттиради, жумладан, юмшоқ ўйинчоқларнинг катта тўплами ва итларига тегишли бўлган бўйинбоғлар шулар жумласидандир.
«Брижит атрофида ҳайвонларсиз яшай олмасди. Улардан бири ўлса, у қайғудан бутунлай адо бўларди. Уларнинг барчаси боғларда қатъий тартиб-қоидаларга мувофиқ дафн этилган ва уларнинг фотосуратлари уйларининг энг тўрида турарди», — деди Гийу.
Декабрь ойида вафот этганида, Бардонинг мол-мулки унинг Жамғармаси ва ягона ўғли Николя-Жак Шарье ўртасида тақсимланган — у ҳам ушбу савдодан улуш олади.

