Брехитъдан ўн йил ўтиб: Британия нега ЕИга қайтмоқчи?
Европа Иттифоқидан чиққан Британия бугун хавфсизлик, иқтисодий рақобат ва сиёсий манфаатлар сабабли ЕИ билан яқин ҳамкорликка қайта эҳтиёж сезмоқда. Сўровномаларга кўра, аҳолининг қарийб ярми қайта аъзоликни қўллаб-қувватлайди. НАТО ичидаги келишмовчиликлар ва АҚШ сиёсатидаги ўзгаришлар ҳам бунга таъсир қилмоқда. Бироқ қайта аъзолик мураккаб сиёсий, ҳуқуқий ва иқтисодий музокараларни талаб қилади.

Брехитъдан ўн йил ўтиб: Британия нега ЕИга қайтмоқчи?
“Брехит'нинг фойдасидан зарари кўпроқ бўлди”, деди Британия бош вазири Энди Бернем 29-сентабр куни Лейбористлар партияси конференсиясидаги нутқида.
Бернем Европа билан узоқ муддатли муносабатларни қайта кўриб чиқиш ва мавжуд вариантлар бўйича сиёсий консенсусга эришиш ниятини билдирди. У бу масалани Британия ва ЕИ ўртасида режалаштирилган саммит атрофида муҳокама қилишини айтди. Эртасига у ЕИга тўлиқ қайтиш варианти ҳам очиқ муҳокама қилиниши мумкинлигини истисно этмади.
Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиб кетганига ҳали ўн йил ҳам бўлгани йўқ. 2016-йилда ўтказилган референдум ташаббуси ўша пайтдаги бош вазир Девид Кемерондан чиққан эди. Аслида, унинг мақсади мамлакатни ЕИдан чиқариш эмас, балки Брюсселга босим ўтказиш бўлган, деган қараш мавжуд. Консерваторлар учун ҳақиқий чиқиш ссенарийси ҳам дастлаб асосий режа бўлмаган.
Кемерон референдум таҳдидидан Брюссел билан музокараларда восита сифатида фойдаланмоқчи эди. Лондон ЕИ билан муносабатларни қайта кўриб чиқишни, миграция масаласида кўпроқ ваколат ва айрим имтиёзлар берилишини талаб қилди. Бироқ Брюссел умумий қоидалардан чекинишга тайёр эмаслигини билдирди. Шундан сўнг Кемерон референдум ўтказишга қарор қилди.
Аммо референдум натижаси аввало Британия сиёсий элитасининг ўзини ҳайратда қолдирди. Жамоатчилик кайфиятини олдиндан аниқ башорат қилиш қийин. Сайловчилар сўровларда бир фикрни билдириши, амалда эса бутунлай бошқача қарор қабул қилиши мумкин. Брехит ҳам шундай ҳолатлардан бири бўлди. Брехит тарафдорлари, жумладан, Найжел Фараж каби сиёсатчилар Британия ЕИ бюджетига катта маблағ ажратаётгани, бироқ бунинг эвазига етарли фойда олмаётганини таъкидлашди.
Брехит тарафдорлари миллий суверенитетни тиклаш, миграцияни назорат қилиш ва иқтисодий мустақилликни кучайтиришни ваъда қилишди. Бироқ бу ваъдаларнинг барчаси кутилганидек амалга ошмади. Аксинча, Европа бозори билан савдо қилишдаги янги тўсиқлар, меҳнат ресурслари билан боғлиқ муаммолар ва иқтисодий ноаниқликлар Британияга қўшимча харажатлар келтирди. Албатта, мамлакат иқтисодиётидаги барча муаммоларни фақат Брехит билан изоҳлаш тўғри эмас. Бироқ Евроиттифоқдан чиқиш савдо ва инвестициялар учун янги тўсиқлар яратгани, айрим тармоқларнинг ривожланишини секинлаштиргани ҳақида жиддий иқтисодий баҳслар мавжуд.

