Дунё

Бразилиянинг судланган собиқ президентининг ўғли давлат раҳбари сайловида етакчилик қилмоқда

Бразилиянинг судланган собиқ президентининг ўғли давлат раҳбари сайловида пешқадамликка чиқиб олди

Бразилияда 4 октябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайловларининг биринчи тури якунланди. Судланган собиқ президент Жаир Болсонарунинг ўғли Флавио Болсонару 47,03 фоиз овоз олиб, биринчи ўринни эгаллади. Амалдаги давлат раҳбари Луис Инасио Лула да Силва 45,16 фоиз овоз тўплади.

Бразилия Олий сайлов суди (TSE) хабарига кўра, Либерал партиядан кўрсатилган 45 ёшли сенатор учун 56,1 миллион киши овоз берган. Ишчилар партияси вакили бўлган Лула да Силва эса 53,8 миллион овоз олган.

Номзодларнинг ҳеч бири 50 фоизлик довондан ўта олмагани сабабли, ғолиб иккинчи турда аниқланади. Иккинчи тур 25 октябрь куни бўлиб ўтади.

Флавио Болсонару президентликка ўз номзодини илк бор қўймоқда. Бундан аввал у Рио-де-Жанейро штати қонунчилик мажлиси депутати бўлган, 2018 йилдан буён эса ушбу штатдан федерал Сенатда вакиллик қилиб келмоқда.

Унинг номзоди 2025 йил охирида отаси — Жаир Болсонару томонидан илгари сурилган эди. Собиқ президент судланиб, давлат лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилганидан кейин сайловларда иштирок эта олмади.

Лула да Силва 2023 йилдан буён президентлик лавозимини эгаллаб келмоқда. Бунгача у Бразилияни икки муддат — 2003 йилдан 2010 йилгача бошқарган.

Хориждаги сайлов участкаларида Лула 44 та давлатда, жумладан Хитой ва Австралияда энг кўп овоз олди. Болсонару эса 13 та давлатда пешқадамлик қилди.

4 октябрь куни президент ва вице-президент сайловлари билан бир қаторда, бразилияликлар Миллий конгресс аъзолари, губернаторлар ва минтақавий қонунчилик мажлислари депутатларини ҳам сайладилар.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.