“Бозор ёнғинларига электр тармоқларига тушган ортиқча юклама ва газдан нотўғри фойдаланиш сабаб бўляпти” — ФВВ
Бозорларга атайлаб ўт қўйиш ҳолатлари қайд этилмаган, дейди ФВВ раҳбари ўринбосари Хуршид Сотиев. Унинг айтишича, кўп ҳолларда электр тармоқларига ортиқча юклама тушиши ва газдан фойдаланишдаги хавфсизлик талаблари бузилиши бундай ҳолатларга сабаб бўлади.

ФВВ: "Бозорлардаги ёнғинларга электр тармоқларининг ҳаддан ташқари юкланиши ва газдан нотўғри фойдаланиш сабаб бўлмоқда"
Ўзбекистон бозорларида қасддан ўт қўйиш ҳолатлари қайд этилмаган, аксарият ёнғинлар электр тармоқларига тушаётган ортиқча юклама туфайли келиб чиқмоқда. Бу ҳақда фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари полковник Хуршид Сотиев 13-август куни Тошкентда ўтказилган тадбирдан сўнг Газета мухбирининг саволига жавоб берар экан, маълум қилди.
У бозорларда содир бўлаётган ёнғинлар атайлаб амалга оширилаётгани ҳақидаги тахминларни рад этди.
Хуршид Сотиевнинг сўзларига кўра, бозорлар қурилаётган вақтда электр кабеллари ва симлари белгиланган юкламани кўтариш имкониятига эга бўлади. Бироқ, кейинчалик тадбиркорлар қўшимча совутгич, музлатгич ва бошқа электр жиҳозларини ўрнатиши натижасида тармоққа тушадиган юклама ортади. Бу эса кабелларнинг қизиши ва эришига олиб келиб, айниқса, ҳаво ҳарорати юқори бўлган пайтларда ёнғин чиқишига сабаб бўлмоқда, деди у.
"Бозорларда атайлаб ёнғин қўйиш ҳолатлари ҳали бирор марта қайд этилгани йўқ. Сабаб фақат электр жиҳозларидан чиқяпти ёки газ мосламаларидан фойдаланишда хавфсизлик талаблари бузиляпти", — дейди Хуршид Сотиев.
Вазир ўринбосари ёнғинларнинг яна бир сабаби газ баллонларидан фойдаланишдаги қоидалар бузилиши эканини айтди. Жумладан, баллонларни йиллик синовдан ўтказмаслик, уларда тўпланган конденсатни бўшатмаслик ва техник ҳолатини текширмасдан қайта тўлдириш хавф туғдиради.
"Газ баллонларини хусусий автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида тўлдириш ёки уларни иссиқлик ва очиқ олов манбалари яқинида сақлаш ҳам ёнғин хавфини оширади", — деди у.
Сотиев бозор ҳудудида очиқ оловдан фойдаланиш қатъиян тақиқланганини қўшимча қилди.

