Ботир Зарипов йил якунигача Бухорода камбағаллик ва ишсизликни тўлиқ тугатишга ваъда берди

Ботир Зарипов йил охиригача Бухорода камбағаллик ва ишсизликни бутунлай тугатишга ваъда берди
Бухоро вилоятида 2026-йил якунигача камбағаллик ва ишсизликни тўлиқ бартараф этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокими Ботир Зарипов Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди.
Ҳокимнинг сўзларига кўра, 2026-йил 1-январ ҳолатига Бухоро вилоятида камбағаллик даражаси 6 фоизни, ишсизлик даражаси эса 4,7 фоизни ташкил этган.
Ўтган даврда қабул қилинган фармон ва қарорлар ҳамда ажратилган маблағлар эвазига вилоят бўйича камбағаллик ва ишсизлик даражаси 2 фоиздан ошмаслиги таъминланган.
“Лекин бугунги кунда биз олдимизга шундай мақсад қўйдикки, Бухоро вилоятида камбағаллик ва ишсизликни давлат қарамоғидан ташқари бўлган аҳоли қисми бўйича тўлиқ тугатиш бўйича зиммамизга мажбурият олганмиз”, деди Ботир Зарипов.
Унинг билдиришича, вилоятнинг 13 та туман ва шаҳрида штаблар тузилган. Штаблар 516 та маҳаллага чиқиб, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича Ижтимоий реестр ҳамда маҳалла “еттилиги” томонидан аниқланган ишсизлар ва камбағаллар рўйхатини шакллантирган.
Мазкур маълумотлар электрон платформага киритилиб, фуқароларни ишга жойлаштириш ёки камбағалликдан чиқариш бўйича тизимли ишлар бошланган.
Ботир Зариповга кўра, ҳозирда Бухоро вилоятида 10 мингдан ортиқ вакант иш ўрни бор.
“Камбағалликни тўлиқ тугатиш ва ишсизликни тўлиқ якунлаш бўйича зиммамизга мажбурият олдик. Жорий йил якуни бўйича белгиланган вазифалар тўлиқ вилоятимизда бажарилади”, деди ҳоким.

