“Болаларимизни мактабга ҳам беролмаяпмиз” - Зангиотада 120 хонадон эгаларининг муаммосига ечим топилмаяпти
Зангиота туманидаги Наврўз массивида юзлаб аҳоли қарийб 7 йилдан буён уй-жойларини қонуний расмийлаштира олмаяпти. 2019-йилда уларнинг ўз уйлари “дом” қуриш учун олиниб, компенсация берилган ва янги уй қуриш учун ер ажратилган. Аммо ҳужжатларда ерлар суғориладиган экин ери сифатида қайд этилган. Бу эса рўйхатдан ўтиш, фарзандларни мактабга жойлаштириш ва бошқа масалаларда қийинчилик туғдирмоқда.

“Болаларимизни мактабга ҳам беролмаяпмиз” - Зангиотада 120 хонадон эгаларининг муаммосига ечим топилмаяпти
Наврўз массивидаги аҳоли вакилларининг айтишича, бу ҳудудда қарийб 120 та хонадон мавжуд. Уларнинг аксарияти 2019-йилдан бери шу манзилда яшаб келаётган бўлса-да, доимий рўйхатдан ўтиш имконига эга эмас.
«Шунча вақтдан бери ҳокимиятга, прокуратурага, вилоят ҳокимлигига, вазирликка мурожаат қилдик. Ҳаммасидан жавоб хати олдик, аммо ижобий натижа бўлмади. Ҳоким ҳам фақат ваъда беради, лекин натижа йўқ”, дейди мурожаатчилардан бири.
Ватандошларнинг сўзларига кўра, бу масала аввалги туман ҳокими даврида ҳам бир неча бор кўтарилган. Янги раҳбариятга ҳам мурожаат қилинган, бироқ муаммо ҳанузгача ҳал этилмаган.
Мурожаатчилар айтишича, кадастр органлари уларга мол-мулкка эгалик ҳуқуқига оид маълумотлар ҳамда ҚР-кодли ҳужжатлар берган. Аммо бу маълумотларни электрон тизимларда текширишга уринганда натижа чиқмаган.
“Кадастр бўйича мол-мулкка эгалик ҳуқуқи чиққан. Лекин интернетда текширсангиз, ҳеч қаерда кўринмайди. Бизга берилган қоғоздаги кодлар орқали маълумот чиқмаяпти. ҚР-код бўлгани билан қўлимиздаги қоғоз шунчаки чиқинди бўлиб қоляпти”, дейди яна бир мурожаатчи.
Аҳолининг таъкидлашича, бу ҳолат ҳужжатларига нисбатан ишончсизликни янада кучайтирмоқда.
“Мана шу бешта кўчада яшайдиганларнинг ҳаммаси ҳозир гўё ноқонуний тургандек. Аслида бизга қонуний қарор берилган, ер ажратилган. Лекин кейин “суғориладиган ерга бундай қарор бериш мумкин эмас”, дейишяпти. Демак, бу ер ҳокимликнинг хатоси билан бизга берилган. Ҳозир хоҳлаган одам судга бериб, ҳокимнинг қарорини бекор қилдириши ва уйларимизни буздириши мумкин, деган хавотир бор. Биз айнан шундан қўрқяпмиз. Юқоридан бу масаладан бехабар келган одам ҳужжатларимизни кўрса, “сизлар ноқонуний яшаяпсизлар”, деб қолиши мумкин”, дея таъкидлайди мурожаатчилардан бири.
Манзил бўйича рўйхатдан ўта олмаётганлар фарзандларини мактабга жойлаштириш, тиббий хизматлардан фойдаланиш ва бошқа масалаларда муаммоларга дуч келмоқда.

