Бухорода болаларни мактабга юбормай, ноқонуний ҳужрага берган ота-оналар жазоланди

Бухорода фарзандларини мактабга юбормай, ноқонуний диний таълим олишига шароит яратган ота-оналар жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Бухоро вилоятининг Ромитан туманида вояга етмаган болаларга яширинча диний сабоқ бериб келган шахс ва бунга имкон яратган ота-оналар аниқланди.
Жорий йилнинг 24-июл куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан Ромитан тумани “Қалъайичорбоғ” маҳалласида яшовчи фуқаронинг уйида яширин ҳужра ташкил этилгани фош бўлди. Ушбу шахс махсус диний билимга эга бўлмаган ҳолда, вояга етмаганларга дарс бериб, уларга турли вазифалар юклаган.
Мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 229-прим 2-моддаси (диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, фарзандларини таълим муассасаларига жалб қилмасдан, норасмий диний таълим олиши учун шароит яратиб берган ота-оналарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) асосан қонуний чора кўрилди.
Аввалроқ Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида вояга етмаган болаларга ноқонуний диний таълим бериб келган эр-хотин қўлга олинган эди. Яна бир вазиятда Сурхондарёда ҳужра ташкил қилиб, болаларни қийноққа солиб келган йигит ҳибсга олинган.

