Бола боғча эшигида қоладиган энг катта омонат
Наманганда 5 ёшли қизга нисбатан қилинган жинсий зўравонлик билан боғлиқ ҳолат жуда кўп саволни муҳокамага

**Бола боғча эшигида қоладиган энг катта омонат**
Наманганда 5 ёшли қизга нисбатан содир этилган жинсий зўравонлик билан боғлиқ ҳолат жуда кўп саволларни кун тартибига олиб чиқди: ота-она фарзандини боғчага топширганда, уни кимга ишонади?
– Бундан кейин уйда ўтирасан, қизимизни боғчага бермаймиз. Ўзим рўзғорни бир нави қилиб тортарман, онаси...
– Ўзим ҳам қўрқиб қолдим, дадаси. Аммо, қийналиб қоласиз-да?
– Э-э, ҳечқиси йўқ. Ҳали у боғчада зўравонлик, ҳали бу боғчада калтаклаш, энди буниси жуда ортиқча... Хавотирдаман!
Бу оддий оилавий суҳбатга ўхшайди. Аслида эса бугун кўплаб ота-оналар ичида кечаётган қўрқувнинг акс-садоси.
Юқоридаги вояга етмаган қизга нисбатан жинсий зўравонлик билан боғлиқ хабар жамоатчиликни хавотирга солди. Айниқса, ҳар куни фарзандини боғчага олиб борадиган ота-оналар учун бу воқеа «Болам у ерда хавфсизми?» деган саволни янада кескинлаштирди.
Ота-она боласини боғчага олиб боради. Эшик олдида унинг қўлидан ушлаб, кийимини тўғрилайди, пешонасидан ўпади.
– Яхши ўтиргин, болам, мен сени кечқурун олиб кетаман.
Бола бунга ишонади. Ота-она эса тарбиячига, мудирага, муассасага, болани ҳимоя қилиши керак бўлган бутун тизимга ишонади. Аммо бола ҳар қандай хавфни катталардек англай олмайди. Ўз ҳуқуқини талаб қилиш имконидан йироқ. Қўрқса, кўпинча жим қолади. Уялса, гапирмайди. Нима бўлганини тушунтиришга сўз тополмаса, воқеани ичига ютиб юради. Шу боис боғча эшигидан кирган бола билан бирга катта масъулият ҳам муассаса ичига киради.
Ривоятлардан бирида бир куни бола отасидан сўрабди:
– Ота, одамлар нега катта бўлгач, ҳамма нарсани биладиган бўлиб қолади?
– Чунки, улар кўп нарсани кўрган бўлади,
— деб жавоб берибди ота.
Бола бироз ўйлаб туриб:
– Унда нега катталар болаларни эшитишмайди? Биз улар кўрмаган нарсани кўрган бўлишимиз мумкин-ку?
— дебди.
Ота жим қолибди.
Бу кичик ривоятда катта ҳақиқат бор: бола ҳам кўради, сезади, қўрқади, оғрийди. Фақат уни катталардек ифода эта олмайди. Шу боис боланинг жимлигини «ҳаммаси жойида» деб тушунмаслик керак.
**Бола ишонади. Катталар-чи?**
Яқинда бир ёш она сўзлаб берган воқеа ҳам кишини чуқур мулоҳазага чорлайди. Унинг айтишича, фарзанди бир неча кун давомида боғчадан ваҳима ичида қайтган. Тарбиячи унга бақирган, ҳатто: «Онангга айцанг, сени ўлдираман», — деб таҳдид қилган. Ходим эса буни инкор этиб: «У бир бола бўлса, шунга ишонасизми?!» — дея ўзини оқлаган. Аслида эса бола тўғри гапирган эди, унинг қўрқуви бежиз эмаслиги тез орада маълум бўлди.
– Ҳартугул, бор кучим билан киришиб, вазиятни ойдинлаштирдим. Тарбиячи нафақат менинг фарзандимни, балки бошқа болаларни ҳам қўрқитиб, камситиб, уларга доимий равишда бақириб келган экан...
— дейди она куюниб.
Бугун қайсидир ота-она ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб овоз чиқарса, уни дарров «шантажчи», «шовқинчи» ёки «вазиятни бўрттирувчи»га чиқариб, ундан узоқлашишга уринишади. Аслида эса бунга жигарбандининг тақдиридан хавотирга тушаётган ота-онанинг табиий муносабати деб қараш лозим. Ҳатто энг оғир вазиятларда ҳам болалар бўлиб ўтган воқеани сўзлаб беришга қийналади. Бола гапирганда, унинг овози катталарнинг ҳайқириғи остида қолиб кетмаслиги керак. У қўрқиб эмас, балки катталарга ишониб гапира олсагина, жамоатчиликни ташвишга солаётган боғчалар ичкарисидаги оғриқли муаммоларга ҳақиқий ечим топилади.
Боғча деганда кўз олдимизга ранг-баранг деворлар, ўйинчоқлар, шинам хоналар, ётоқхона ва ошхона келади. Бироқ бола учун бу маскан фақат бино ва деворлардан иборат эмас. У ерда гўдакнинг бутун ҳаёти — овқатланиши, ухлаши, ўйинлари, қувончу кўз ёшлари ҳамда қўрқувлари ўтади. Шу сабабли боғчадаги ҳар бир катта ёшли ходим бола тақдирининг муайян қисмига жавобгардир. Тарбиячи шунчаки оддий ищи, мудира эса шунчаки раҳбар эмас. Тизимдаги ҳар бир шахс — болалар хавфсизлигининг ажралмас қисми. Агар шу қисмлардан бири вазифасини лозим даражада бажармаса, муаммо битта хона доирасида қолиб кетмайди, балки бутун тизимга путур етказади.
Намангандаги ҳолат жамоатчиликнинг ҳиссиётли муносабатларидан ҳам каттароқ ва жиддий саволларни келтириб чиқармоқда. Мудҳиш воқеа аслида қачон ва қаерда содир бўлган?
Наҳотки боғча раҳбарияти воқеадан гўёки кейин хабар топган бўлса? Нега мудира бола билан боғлиқ ҳолатни очиқ-ойдин ўрганиш ўрнига вазиятни хаспўшлашга, уни жамоатчиликдан яширишга уринди? Айбсиз бўлса, нега текширувдан қўрқиш керак?
Вояга етмаган қизалоқ ёлғиз ташқарига чиқса-ю, тарбиячи хабарсиз қолса: у қачон чиқиб кетган, қачон ва қандай аҳволда кириб келаётганини у ҳеч нарса билмайди гўёки. Наркотик қабул қилган хўжалик бўлими мудири жинсий зўравонликни такроран содир этиб келган-у боғча мудираси билмайди гўёки. Ишга қабул қилинаётганда, хўжалик мудирининг қайси жиҳатлари қўллаб-қувватланиб, муносиб вазифага қўйилган? Вазиятдан силлиқ чиқиб кетишга уринаётган боғча мудираси ҳеч ўз фарзанди ёки неварасини шундай аҳволда кўз олдига келтирармикин?
**«Бости-бости» болани ҳимоя қилмайди**
Болаларга нисбатан зўравонликнинг энг хавфли кўриниши — уни хаспўшлаш ва яширишга уринишдир. «Оилавий сир», «Бола нотўғри тушунган», «Вазиятни бўрттирманг», «Муассаса обрўсига путур етади» қабилидаги ёндашувлар муаммони асло ҳал этмайди. Аксинча, бундай лоқайд муносабат мавжуд хавфни навбатдаги болага олиб ўтади, холос.
Маълумки, Ўзбекистонда 2024-йилда «Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Унда болаларни зўравонликнинг турли шаклларидан ҳимоя қилиш, хавф остидаги болаларни аниқлаш ва ваколатли органларни хабардор қилиш механизмлари белгиланган. Ушбу қарор болага қўл кўтариш, уни таҳқирлаш ёки руҳий босим ўтказиш «тарбия усули» эмаслигини кўрсатади.
Демак, болага нисбатан зўравонлик фақат жисмоний шикаст ёки тан жароҳати етказиш билангина ўлчанмайди. Гўдакни қўрқитиш, руҳан хўрлаш ва камситиш ҳам жиддий ҳуқуқий масаладир. Амалдаги қонунчиликда болаларни зўравонликнинг барча кўринишларидан ҳимоя қилиш принсиплари қатъий белгилаб қўйилган. Хулоса шуки, қонун ҳам бу борадаги жавобгарлик ва масъулиятни тобора кучайтирмоқда.
Муаммо фақат зўравонлик билан чекланиб қолмайди. Чунки гўдак ота-онасининг ижтимоий мавқеи, таниш-билиши ёки чўнтагининг қалинлигига қараб баҳоланмаслиги лозим. Боғча эшиги олдида барча бола тенг бўлиши шарт: бу ерда кимнинг отаси кимлиги, қанча пул топиши ёки кимни таниши эмас, балки боланинг шахси ва унинг ўзи муҳим.
Афсуски, бу оддий ҳақиқатни ҳали ҳам англаб етмаган муассасалар йўқ эмас. Чўнтаги бақувват кишининг фарзанди учун ланг очилган эшиклар қўли калта оиланинг боласи учун ёпилган, таниш-билищиликни бола ҳуқуқидан устун қўювчи тизимлар ҳануз «яшамоқда».
Боғча кимнингдир имтиёзи эмас, балки ҳар бир боланинг тенг ҳуқуқлилиги ва хавфсизлиги кафолатланиши лозим бўлган маскандир. Болалардан бирининг отаси мансабдор, бошқасиники ишсиз, бирининг онаси қимматбаҳо машинада келар, кимдир эса фарзандини пиёда етаклаб келар, эҳтимол. Аммо ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳар бир боланинг ҳақ-ҳуқуқи ва хавфсизлик таъминоти бир хил бўлиши шарт. Бундай мезонларга кўз юмилаётгани эса, шубҳасиз, муассаса ичкарисидаги энг оғриқли нуқтадир. Мавжуд ички тўсиқлар етмаганидек, ҳимоясиз ва жисмоний жиҳатдан заиф болага нисбатан қилинаётган зўравонликлар жамиятнинг сабр косасини тўлдириши табиий.
**Менинг болам эмас-ку...**
Шу боис ҳам бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фақат ота-онанинг бурчи эмас, балки бутун жамиятнинг умумий масъулияти эканлиги бежиз таъкидланмаяпти.
Ота-она боғчадаги фарзандининг ҳар бир дақиқасини кузатиб ўтириш имкониятига эга эмас. У ишлайди, рўзғор тебратади, кундалик тирикчилик билан банд бўлади. Шу боис ҳам жигарбандини мактабгача таълим ташкилотига ишониб топширади. Демак, ота-она боғча эшигидан чиқиб кетган лаҳзадан бошлаб масъулият йўқолиб кетмайди, аксинча, ушбу улкан вазифа тўлиқ муассаса зиммасига ўтади.
Ҳар куни эрталаб ота-она фарзандини боғча эшиги олдига олиб келади. Бола қўлида кичик сумкача. Ичида кийим, ўйинчоқ, дафтар. Аммо ота-она боғча опага сумкачадан кўра каттароқ нарсани топширади. Ишончини. «Боламни асрайсиз» деган ишончни. Бола эса эшикдан кириб кетади. У катталарга, тарбиячига, боғчага ишонади. Бола ишончини масъулият билан ҳис қилиш эса бутун тизимнинг бурчи.
Намангандаги мудҳиш ҳолатдан кейин энг катта савол: «Айбдорларга неча йил берилади?» эмас, балки «Эртага бошқа бир бола шу ҳолатга тушмаслиги учун бугун тизимда нимани ўзгартирамиз?» деган ҳақли савол бўлиши керак. Чунки бир мурғак қалб тақдирига етказилган зарарни энди ортга қайтариб бўлмайди. Бироқ унинг оғриғи бошқа болаларни асраш йўлида аччиқ сабоқ бўлиши лозим. Бунинг учун эса бола гапирганда уни эшитиш, қўрққанида ҳимоя қилиш ва катталарнинг хатосини «бости-бости» қилмаслик энг тўғри йўлдир.
5 ёшли қизалоқ тақдири билан боғлиқ жиноят аллақачон ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳуқуқий баҳоланган. Албатта, мансабдор ёки масъул шахс ўз вазифасини тўлақонли бажармаган бўлса, у ҳам қонун доирасида баҳоланади. Энг муҳими, айбдорларни суд ва ваколатли органлар аниқлайди. Жамоатчилик эса ҳақиқат, шаффоф текширув ва бола манфаатлари ҳимоя қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Болаларга нисбатан зўравонлик ҳақида маълумот олган масъул шахснинг ҳаракатлари ҳам, воқеани яширишга уринган ходимнинг жавобгарлиги ҳам очиқ ва шаффоф бўлиши шарт. Чунки битта айбдорни жазолаш билан муаммо тугамайди. Тизим сабоқ олмаса, бу ҳолат яна такрорланиши мумкин.
Бола боғча эшигида қолдириладиган энг катта омонат экан, уни кўз қорачиғидек асраш ва бу масъулиятни юракдан ҳис этиш ҳар бир ходимнинг қонуний ҳамда виждоний бурчидир. Омонатга хиёнат қилишга ҳеч кимнинг асло ҳаққи йўқ.

