Божхонада айрим талаблар бекор қилинади, экспорт билан боғлиқ йиғимлар 30 фоизга камаяди
Ўзбекистонда 1-сентабрдан импорт ва экспортда айрим олдиндан тўлов талаблари, бир қатор маҳсулотлар учун божхонада рухсатнома ва гувоҳнома тақдим этиш мажбурияти бекор қилинди. Экспортдаги айрим божхона тўловлари эса 30 фоизга камайтирилади.

Божхонада айрим талаблар бекор қилинади, экспорт билан боғлиқ йиғимлар 30 фоизга камаяди
Ўзбекистонда тадбиркорлар учун божхона жараёнларида қулайликларни ошириш ва божхона маъмурчилигини соддалаштириш мақсадида янги тартиблар жорий этилади. Бу Ўзбекистон Президентининг 2026-йил 27-августдаги “Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш ва божхона маъмурчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган.
2026-йил 1-сентабрдан бошлаб:
* Ташқи савдо шартномаси тузмасдан, инвойс асосида импорт қилишда хорижий ҳамкорга олдиндан тўлов ўтказишга қўйилган чеклов бекор қилинади.
* Шартномасиз, инвойс асосида экспорт қилишда тушумнинг 50 фоизини олдиндан таъминлаш талаби ҳам бекор қилинади.
* Товарларни миллий валютада экспорт қилишда олдиндан тўловни таъминлаш ёки аккредитив, банк кафолати ёхуд суғурта полиси каби кафолатланган тўлов шаклларини тақдим этиш талаби ҳам олиб ташланади.
* Озиқ-овқат маҳсулотларини синовдан ўтказиш учун намуна етарли бўлмаган ҳолларда санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштириш талаби бекор қилинади. Бунинг учун ваколатли орган маҳсулот миқдори синов ўтказиш учун етарли эмаслиги ҳақида хат тақдим этади.
* Биологик активлар ва янги кимёвий моддалар, озиқ-овқат қўшимчалари, полимер, парфюмерия-косметика маҳсулотларини олиб киришда рухсатнома, дори воситалари ва тиббий жиҳозларнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳномани божхона расмийлаштируви вақтида тақдим этиш талаби бекор қилинади. Бунда тегишли рухсатнома ва гувоҳномаларнинг мавжудлиги мажбурий мувофиқликни баҳолаш ҳамда санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштириш жараёнида назорат қилинади.
2026-йил 1-октабрдан:
* Солиқ органларида хавф даражаси паст бўлган ва ҚҚС гувоҳномаси фаол бўлган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига импорт қилинадиган товарлар учун тўланадиган қўшилган қиймат солиғи суммаларини ўзаро ҳисобга олиш имконияти яратилади.
* Экспортда назорат жараёнларини рақамлаштириш ва такомиллаштириш ҳисобига божхона расмийлаштируви, фитосанитария сертификати, фумигация ҳамда товарнинг келиб чиқиш сертификати учун йиғим ва тўловлар миқдори 30 фоизга камайтирилади.
2027-йил 1-январдан:
* Хавф даражаси паст бўлган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари олиб кираётган товарларнинг божхона қиймати уларни эркин муомалага чиқарганидан кейин назорат қилинади.
* Божхона қийматини назорат қилиш мақсадида товарлар учун қатъий божхона қийматини белгилаш тақиқланади. Шунингдек, божхона қиймати бўйича дастлабки қарор қабул қилиш амалиёти жорий этилади.
* Божхона қийматини назорат қилишда расмий дилер ва дистрибюторларнинг нарх маълумотларидан фойдаланиш амалиёти ҳам йўлга қўйилади.
2027-йил 1-июндан:
* Жисмоний шахслар нотижорат мақсадларда олиб кирадиган товарлар бўйича ягона божхона тўлови тўланиши лозим бўлган божхона йиғимларидан кам бўлса, ушбу йиғимлар ундирилмайди.
* Божхона назоратида товарнинг келиб чиқиш сертификати билан тақдим этилган ҳужжатлар ўртасида товар хусусиятига таъсир қилмайдиган кичик тафовутлар аниқланса, бу сертификатни рад этиш учун асос бўлмайди.
2028-йил 1-январгача:
* Тадбиркорларга божхона органлари кўрсатадиган барча хизматлар ва тўловларни бир жойдан амалга ошириш имконини берувчи мобил илова жорий этилади.
Қўшимча ўзгаришлар:
* Экспортда экологик сертификат экспортчининг ихтиёрий мурожаатига кўра расмийлаштирилади.
* Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларини қайтариш бўйича аризани топшириш, кўриб чиқиш ва жавоб юбориш жараёнлари марказлашган ҳолда электрон шаклга ўтказилади.
* Божхона юк декларациясини тўғридан-тўғри қайта расмийлаштириш орқали бир қатор жараёнлар соддалаштирилади.
* Реекспортда қонунчилик талаблари бажарилиб, товарлар бўйича чегара божхона постидаги назорат якунланган бўлса, аввал тўланган божхона божи ва солиқлар қайтарилади.
* Товар божхона тўловлари тўланишини назарда тутувчи божхона режимига қабул қилинганидан кейин бир йил ичида тегишли тарзда расмийлаштирилган келиб чиқиш сертификати тақдим этилса, энг кўп қулайлик бериш ёки эркин савдо режими тикланади.
* Товар эркин муомалага чиқарилганидан кейинги божхона назоратида келиб чиқиш сертификати нотўғри расмийлаштирилгани аниқланса, божхона расмийлаштирувидан бошлаб уч йил давомида тўғри сертификат тақдим этилган тақдирда тариф преференсияларини тиклаш ҳуқуқи берилади. Халқаро нормаларда назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
* Транзит декларацияларини транспорт воситалари чегара божхона постига етиб келишидан олдин тақдим этиш тартиби жорий этилади.
* Дастлабки божхона юк декларациясини тақдим этишнинг янги соддалаштирилган амалиёти жорий қилинади. Унга кўра, дастлабки декларация ваколатли идоралар томонидан товарларга сертификат ва рухсат берувчи ҳужжатларни олиш учун ариза сифатида қабул қилинади.
* Хавф даражаси паст бўлган товарларга сертификат ва рухсат берувчи ҳужжатлар дастлабки декларация асосида олдиндан берилади. Якуний декларацияда ушбу ҳужжатларни қайта акс эттириш амалиёти бекор қилинади.
* Дастлабки декларация асосида олиб киришга рухсат берилган товарлар чегара божхона постига етиб келгач, уларнинг хавф даражасига қараб тезлаштирилган тартибда чиқарилади. Мазкур тартибни қўллаш босқичлари ва механизмини Божхона қўмитаси белгилайди.
* Экспорт операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун молиявий жарималар ваколатли иқтисодий операторларга нисбатан қўлланмайди.

