"Бизнинг мақсадимиз – Ўзбекистонда етакчи замонавий хусусий банклардан бирини барпо этиш" – АББ бошқарув раиси банкнинг Ўзбекистон бозорига кириб келиши ҳақида
АББънинг Ўзбекистон бозорига кириши ушбу Озарбайжон молия гуруҳининг халқаро стратегиясида муҳим босқич ҳисобланади.

"Бизнинг мақсадимиз – Ўзбекистонда етакчи замонавий хусусий банклардан бирини барпо этиш" – АББ бошқарув раиси банкнинг Ўзбекистон бозорига кириб келиши ҳақида
АББънинг Ўзбекистон бозорига кириши ушбу Озарбайжон молия гуруҳининг халқаро стратегиясида муҳим босқич ҳисобланади. Ҳуқуқий жараёнлар якунлангач, “Давр Банк” “АББ Давр” брендига ўтишни бошлайди; ушбу бренд фаолиятини жорий йилнинг октабр ойидаёқ йўлга қўйиш режалаштирилган. АББ Бошқарув раиси Аббос Иброҳимов янги банкнинг дастлабки қадамлари, рақамлаштириш ва сунъий интеллект соҳасидаги устувор йўналишлар, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш режалари ҳамда Ўзбекистоннинг етакчи хусусий банкларидан бирини барпо этишга қаратилган мақсадлар ҳақида сўз юритди.
- 23-август куни Озарбайжон ва Ўзбекистон президентлари иштирокида АББ Давр лойиҳасига расман старт берилди. Ҳозир кўпчиликни асосий савол қизиқтиради: банк АББ Давр бренди остида қачон ишлай бошлайди?
- Ҳа, 23-август биз учун тарихий кунга айланди. Озарбайжон Республикаси президенти жаноб Илҳом Алиев ва Ўзбекистон Республикаси президенти жаноб Шавкат Мирзиёев иштирокида АББ Давр лойиҳасига расман старт берилди. Озарбайжон президенти бу воқеани етакчи Озарбайжон банкининг Ўзбекистон бозорига чиқиши сифатида таърифлади. Бизнинг учун бу бир вақтнинг ўзида катта ғурур ва катта масъулиятдир.
Биз ушбу лойиҳага юқори даражада кўрсатилган қўллаб-қувватлаш учун Озарбайжон ва Ўзбекистон президентларига миннатдорчилик билдирамиз. Шунингдек, лойиҳани амалга оширишнинг барча босқичларида бизга кўмаклашган икки мамлакат давлат тузилмаларига - марказий банкларга, Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига миннатдорчилик билдиришни истардик.
Лойиҳанинг расмий стартидан олдин барча зарур рухсатномалар олинди ва аксияларни сотиб олиш-сотиш шартномаси аллақачон имзоланди. Кейинги босқичда қонунчилик ва шартномада назарда тутилган тартиб-таомилларга мувофиқ аксияларга бўлган ҳуқуқларнинг юридик ўтказилиши амалга оширилади ва аксиядорлар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритилади. Ушбу жараён якунлангандан сўнг АББ Давр Банкнинг асосий аксиядорига айланади. Биз бу жараён яқин 7–10 кун ичида якунланишини кутмоқдамиз.
АББ Давр бренди остида иш банкнинг номи ўзгариши билан боғлиқ расмий тартиб-таомиллар якунлангандан сўнг дарҳол бошланади. Менимча, тахминан октабр ойида АББ Давр брендини кўрамиз.

