Бизнесга дахлдор норматив ҳужжатларни тадбиркорлар билан бемаслаҳат қабул қилишга йўл қўйилмайди
Янги қонунга биноан, тадбиркорлик субьектларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари regulation.gov.уз порталига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилиши, шунингдек, Президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши муҳокамасидан ўтказилиши кераклиги белгиланди. Бизнес зиммасига янги мажбурият, жавобгарлик ёки чекловлар юклашни назарда тутувчи НҲҲ лойиҳалари, тартибга солиш таъсири баҳоланмаган бўлса, қабул қилинмайди.

Бизнесга оид норматив ҳужжатларни тадбиркорлар билан маслаҳатлашмасдан қабул қилишга рухсат берилмайди.
Ўзбекистонда тадбиркорлик субьектларининг ўз ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиши кафолатланди.
17-август куни имзоланган қонун билан “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга қуйидаги мазмундаги 18-модда қўшилди:
“Тадбиркорлик субьектлари зиммасига янги мажбурият, талаб, тақиқ, жавобгарлик ёки бошқа чекловлар юклатилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳисоботи бевосита тадбиркорлик субьектларининг ҳамда улар бирлашмаларининг иштирокида муҳокама қилинади.
Тадбиркорлик субьектлари зиммасига янги мажбурият, талаб, тақиқ, жавобгарлик ёки бошқа чекловлар юклатилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тартибга солиш таъсири бўйича баҳолашдан ўтказилади. Бунда ушбу ҳужжатларнинг қабул қилинишига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича тартибга солиш таъсирини баҳолаш натижалари юзасидан хулоса берувчи органларнинг хулосалари мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.
Тадбиркорлик субьектларининг ҳуқуқларига ва қонуний манфаатларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тегишли лойиҳани ишлаб чиқувчи томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилиши керак, бундан давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи лойиҳалар мустасно.
Тадбиркорлик субьектларининг ҳуқуқларига ва қонуний манфаатларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Адлия вазирлиги томонидан уларнинг ҳуқуқий экспертизаси ўтказилишидан олдин Президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши муҳокамасидан ўтказилиши керак”.
Мазкур қонун 2026-йил 18-ноябрдан кучга киради.
Маълумот учун, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқи Олий Мажлис палаталари, Президент, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликларга берилган.
Эслатиб ўтамиз, 2021-йил март ойидан бошлаб барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилиши белгиланган эди. Лекин бу талаб 2022-йил апрелида бекор қилинган.
НҲҲ лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамаси бўйича топшириқ бажарилаптими?

