«Биз хатога йўл қўйдик»: Doordash Нью-Йоркдаги ишчиларига кам пул тўлаганини тан олди
Овқат етказиб бериш бўйича йирик компания иш ҳақи бузилиши бўйича шаҳар терговидан сўнг 131,5 миллион доллар миқдорида товон пули тўлайди.

«Биз хатога йўл қўйдик»: DoorDash Нью-Йоркдаги ишчиларга кам ҳақ тўлаганини тан олди
DoorDash озиқ-овқат етказиб бериш компанияси минглаб ишчиларга ҳақни тўғри ёки ўз вақтида тўламаганини тан олганидан кейин Нью-Йорк шаҳри регуляторлари билан 131,5 миллион долларлик (99 миллион фунт стерлинг) келишувга рози бўлди.
Истеъмолчилар ва ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш департаменти билан тузилган ушбу келишув шаҳарда иш ҳақи бузилиши бўйича олиб борилган текширувдан сўнг амалга оширилди ва тўловнинг катта қисми DoorDash курьерларнинг буюртмаларни кутишга сарфлаган вақти учун иш ҳақини қандай ҳисоблаши билан боғлиқ.
Ушбу келишув «гиг-иқтисодиёт» (мустақил бандлик) платформалари ва шаҳар раҳбарлари ўртасида давом этаётган баҳснинг сўнгги ривожланишидир.
Uber Eats ва Grubhub каби компаниялар чойчақа қоидалари, энг кам иш ҳақи талаблари ва маълумот алмашиш мажбуриятлари бўйича шаҳар расмийлари билан бир неча бор ихтилофга борган.
DoorDash келишувининг катта қисми — 83 миллион доллари — ишчиларнинг етказиб беришлар оралиғида тармоқда ўтказган вақти учун иш ҳақини қандай ҳисоблаш бўйича баҳсни ҳал қилишга йўналтирилади.
Буюртмалар орасидаги бўш вақт учун ҳақ тўлаш соҳадаги асосий баҳс мавзуси ҳисобланади.
Илгари иловалар одатда курьерларга фақат фаол етказиб бериш вақтида ҳақ тўлар эди, аммо Нью-Йорк қоидалари иловага тизимга кирилган барча вақт учун ҳақ тўлашни талаб қилади.
Қароргоҳи Сан-Францискода жойлашган DoorDash бунда Нью-Йорк штатида 2023 йилда жорий этилган энг кам иш ҳақи тизимидаги «мураккаб» ўзгаришларни айблади.
Иловаларга асосланган етказиб бериш ишчилари учун энг кам иш ҳақи тўғрисидаги тарихий қоидага кўра, иш ҳақи округга, чойчақага ва компанияда ишлайдиган одамлар сонига қараб фарқ қилади.
DoorDash, шунингдек, ишчиларга кам ҳақ тўлангани ёки иш ҳақи кечиктирилганига сабаб сифатида техник носозликлар ва кўп тўхталишли етказиб бериш йўналишларини кўрсатди.
Компания шундай деди: «Бу хатолар қасддан қилинмаган бўлса-да, бу уларни оқламайди».
DoorDash маҳаллий ишчилар фаол иш соати учун ўртача 30 доллар атрофида даромад олишини маълум қилди. Компания хатоликларга сабаб бўлган дастурий таъминотдаги камчиликларни тузатганини билдирди.
Компаниянинг таъкидлашича, хатолар тахминан 264 000 ишчига таъсир қилган, бироқ бу муаммолар умумий маҳаллий транзакцияларнинг 1 фоизидан камроғига таъсир кўрсатганини даъво қилмоқда.
Тизимли хатолар туфайли тахминан 6,6 миллион долларлик иш ҳақи ишчиларга умуман етиб бормаган, яна 5,7 миллион доллари эса бир неча кун ёки ҳафтага кечикиб тўланган.

