Бировнинг ойлиги.... давранинг энг қизиқарли мавзуси
Аслида, шифокорнинг кам маош олиши, ўқитувчининг кўп маош олишига қарши далил эмас. Шифокорнинг меҳнатига муносиб

Бировнинг ойлиги.... даврадаги энг қизиқарли мавзу
Бир йиғинда ўтирган эдик. Қариндошлардан бири яна бир қариндошимизнинг ойлигини суриштира бошлади. Компютер соҳасида ишлайдиган йигит “бўлади, ўзимга етарли”, деб бу гал ҳам қанча маош олишини айтмай, “сувдан қуруқ чиқди”. Шундан кейин қариндошлар йигитнинг ота-онасига юзланди. Ойлиги, нафақасини сўрашди. Ота-она бошқа авлод эмасми, бу саволларга табиий қаради ва истар-истамас, ҳар ҳолда пастгина овозда маошини айтишди.
Шундан сўнг даврада ҳисоб-китоб бошланди.
Фалончининг ойлиги шунча, отасиники бунча, она ҳам ойлик олади ҳам нафақа..., кичкина ўғил талаба бўлса ҳам кечқурун ишлайди, демак контрактини ўзи тўлайди, ҳаммасини қўшсак, бир ойда шунча пул бўларкан!
— Ҳааа, энг бой орамизда сизлар-ку!..
Хуллас, ниҳоят бир неча йиғинларда савол остидаги оиланинг умумий даромади ошкор бўлди ва ҳисоблаб чиқилди. Гўё даврадагиларнинг ҳаммаси шу оиланинг молиявий аҳволи учун масъулдек...
Бизнинг одамлар қизиқ. Бирор қариндошимизнинг қанча пул топишини билмасак тинчимаймиз, билганимиздан кейин ҳам тинчимаймиз. Энди унинг пулини ҳисоблаймиз, сарф-харажатларини тахмин қиламиз, қаерга ишлатиши кераклигини белгилаймиз.
“Уй олдими, ҳа пули бор экан, буларда пул кўп... Олмадими, вой шунча пул топиб уни нима қилади? Машина миндими, ойлигига қараганда қиммат эмасми? Тўй қилдими, қанча сарфлади, қилмаса, пулини йиғиб нима қилади?”
Қисқаси, бировнинг пули ўзиники, ҳисоб-китоби эса кўпчиликники.
Яқинда "Зўр" ТВда ишлайдиган бир актёрми, продюссернингми ойлиги ҳам муҳокама қилинди. Шунда дарров бошқа касб эгалари эсга тушди: “Шифокорнинг ойлиги кам, нега ўқитувчи шунақа ойлик олмайди?” У ёқдан кекса актёр ёзғиради, “умрим бино бўлиб шунча пул ушламабман, қўлимга” нарёқдан бир ўқитувчи чиқади, “Биз ҳам юрибмизда эртаю кеч асаб бўлиб”, орада журналист, шифокор ҳам азага келган ўз дардини айтиб йиғлар дегандек, “қўли катта пул кўрмаганини” айтиб ўтади. Гўё бировнинг кўпроқ олиши иккинчисининг ҳаққини камайтираётгандек. Албатта, касблар ўртасидаги иш ҳақи тафовути ҳақида гапириш, маошларнинг адолатли белгиланишини муҳокама қилиш мумкин. Лекин гап бошқа касб вакили кўпроқ топаётганидан норози бўлишга бориб тақалса, бунинг тагида яна бир таниш туйғу ётгандек. Балки, кўпчилигимизнинг ичимизда ҳали ҳам аразчи бола яшар. Болалигимиздаги ўша қизалоқ ёки болакай: "Нега унга каттароқ ширинлик бердингиз, менга кичигини? Нега унга янги кийим олиб бердингиз, мен эскисини кийишим керак? Нега уни яхши кўрасизу, мени эмас?" деб хафа бўларди. Улғайдик, касб эгаси бўлдик, оила қурдик. Аммо ичимиздаги ўша бола ҳали ҳам: “Нега унга кўпроқ, менга камроқ?” деб хафа бўлишдан тўхтамагандек. Энди ширинлик ўрнида ойлик, янги кийим ўрнида лавозим, ота-онанинг меҳри ўрнида эса жамиятнинг эътибори турибди. Биров кўпроқ топса, “Нега у?” деймиз. Бировни мақташса, “Нега мени эмас?” деган хафалик пайдо бўлади.
Аслида, шифокорнинг кам маош олиши, ўқитувчининг кўп маош олишига қарши далил эмас. Шифокорнинг меҳнатига муносиб ҳақ тўланишини талаб қилиш учун бошқа касб эгасининг даромадидан норози бўлиш шарт эмас. Бирининг қадри кўтарилиши учун иккинчисининг қадри тушиши ҳам керак эмас.
Изоҳларнинг бирида киноя билан, “Шу одам тиламчи пул сўраса икки минг бермайди”, деган мазмунда гап ёзилибди. Қаранг, бизга энди бировнинг қанча топишини билишнинг ўзи камлик қилади. У топган пулдан кимга қанча бериши кераклигини ҳам биз белгилаймиз. Берса яхши одам деймизми, бермаса бир оғиз гап билан ҳукм қиламизми?
Энг қизиғи, ойликни сўраш кўпинча шунчалик оддий саволдек бериладики, айтмасангиз, худди бир сирни яшираётгандек бўласиз. Айцангиз, бу маълумотнинг даврадан яна қанча жойгача етиб боришини билмайсиз.
Ҳолбуки, одамнинг ойлиги унинг шахсий ҳаётининг бир қисми. Қанча топиши, қанчасини ота-онасига бериши, фарзандига сарфлаши, йиғиши ёки ўз эҳтиёжларига ишлатиши, аввало, унинг ўзига тегишли масала.
Бировнинг пулини санашдан олдин, балки ўзимизга бир савол беришимиз керакдир: мен бу маълумотни нима қиламан?
Яъни қариндошимиз, балки юртдошимиз пулни ўзи топяптими, демак, қаерга сарфлашни ҳам ўзи ҳал қилади. Бировга ёрдам беришни истаса, беради. Истамаса, бунинг учун унинг ҳамёнини муҳокама қилиб, хулоса чиқариш шарт эмас.
Унинг ойлиги, унинг даромади. Бизнинг қизиқишимиз эса ҳали унинг даромадига бўлган ҳаққимиз дегани эмас.

