Бирдамлик намойиши
Ўзбекистон ҳарбийлари Туркия ва Озарбайжон билан ўтказилган машғулотларда дронлар билан зарба бериш ва мудофаани штурм қилишни машқ қилдилар

**Бирлик намойиши**
Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия ҳарбий хизматчилари «Бирлик кучи — 2026» кенг кўламли қўшма ўқув машғулотларини ўтказдилар. Маневрлар Қорабоғ иқтисодий районидаги «Гизилгая», Нахчивон Мухтор Республикасидаги «Қорабоғлар» ўқув марказларида, шунингдек, Каспий денгизининг Озарбайжон акваториясидаги «Бёюк Зиря» ўқув полигонида бўлиб ўтди.
Машғулотларда уч мамлакатнинг 3,5 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси иштирок этди. Ҳарбийлар замонавий таҳдидлар: учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумлари, радиоэлектрон кураш, киберҳужумлар, дезинформация, тоғли ҳудудлардаги операциялар ва эгаллаб олинган объектларни озод қилиш шароитларида ҳаракат қилишни машқ қилдилар.
Маневрларда учувчисиз учиш аппаратларини қўллашга алоҳида эътибор қаратилди. «Гизилгая» полигонида 130 дан ортиқ дрон, 70 дан ортиқ зирҳли техника, 90 дан ортиқ артиллерия тизими ва 20 дан ортиқ авиация воситаси жалб этилди.
Ҳарбийлар дронлар тўдасининг ҳужумларини қайтариш, ҳаво разведкасини олиб бориш, шартли ҳужум қилаётган колонналарга зарбалар бериш, шунингдек, ўқ-дорилар ва таъминот воситаларини етказиб бериш учун учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланишни машқ қилдилар. Бўлинмалар, шунингдек, мудофаа чизиқларини ёриб ўтиш, миналардан тозалаш ва зирҳли техникаларни олдинга силжитиш устида ишладилар.
Маневрлар давомида ҳарбий хизматчилар киберҳужумлар ва дезинформация тарқатилишига чора кўришни, шунингдек, учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланган ҳолда чегарани ноқонуний кесиб ўтишга бўлган уринишларнинг олдини олишни ҳам ўргандилар.
Алоҳида эпизодлар Каспий денгизида бўлиб ўтди. Ҳарбийлар эгаллаб олинган кема ва шельфдаги объектни озод қилиш, гаровга олинганларни қутқариш ва десант туширишни машқ қилдилар.
Шу тариқа, Ўзбекистон Озарбайжон ва Туркия қуролли кучлари билан бир вақтнинг ўзида бир нечта йўналишларда — учувчисиз учиш аппаратларини қўллаш ва қуруқликдаги операциялардан тортиб, денгиз ва ахборот муҳитидаги ҳаракатларгача бўлган ҳамкорликни амалда синаб кўрди.
Ўзбекистон Мудофаа вазири, генерал-лейтенант Шуҳрат Холмуҳамедов шахсий таркиб «юқори жанговар шайлик даражаси»ни ва қўйилган вазифаларни биргаликда бажариш қобилиятини намойиш этганини таъкидлади.
Маневрларни кузатувчи сифатида Қирғизистон, Покистон, Сербия, Словакия, Тожикистон, Грузия, Туркманистон, БАА ва Эрон вакиллари кузатиб бордилар.
«Бирлик кучи — 2026» ўқув машғулотлари Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия қуролли кучлари иштирокидаги бундай кенг кўламли илк қўшма маневрлар бўлди.

