Binance бузиб кирилиши: биржа етказилган зарарни 6,3 миллиард долларга баҳолади
Binance криптобиржаси «хавфсизлик инциденти»дан кўрилган умумий зарар тахминан 6,3 миллиард долларни ташкил этганини маълум қилди. Дастлабки тахминларга кўра, хакерлик ҳужумига DevOps-инженерлардан бирининг ноутбуки бузиб кирилгани сабаб бўлган. Бу хакерларга хизмат кўрсатиш тизимларига кириш ва маблағларни олиб чиқиб кетиш имконини берди.

Binance хак қилиниши: биржа етказилган зарарни 6,3 миллиард долларга баҳолади
Binance ҳамёнларнинг шахсий калитлари сизиб чиққанига оид белгилар аниқланмаганини таъкидлади.
Биржадаги барча операциялар тўхтатилди. Илгари мижозларга барча зарарни қоплаб беришни ваъда қилган платформа раҳбарияти ўғирланган активларнинг қарийб 3 миллиард долларини музлатишга муваффақ бўлинганини маълум қилди. Қолган йўқотишларни қоплаш учун Binance захирадаги «Фойдаланувчилар учун хавфсиз активлар фонди» (SAFU) ва ўз маблағларидан фойдаланади.
Аввалроқ таҳлилчилар ўғирланган маблағлар ҳажмини 5,5 миллиард доллардан ортиқ деб баҳолашган эди ва ОАВ ўшандаёқ ушбу ҳодисани тарихдаги криптобиржага қилинган энг йирик ҳужум деб атаган эди. Бундан олдинги антирекорд 2025 йилда Bybit платформасидан 1,5 миллиард доллар олиб чиқиб кетган шимолий кореялик хакерларга тегишли эди.
Хакерлик ҳужуми ҳақидаги дастлабки хабарлардан сўнг криптовалюталар сезиларли даражада арзонлашди.
Биткоин 4,4 фоизга қадрсизланиб, 77 минг доллардан пастга тушди, Ethereum эса 2,2 минг долларгача (−5,5 фоиз) арзонлашди. Криптовалюта бозорининг умумий капиталлашуви 4,5 фоизга камайди ва ҳозирда 2,6 триллион долларни ташкил этмоқда.

