Бекатларга совитиш тизими, хавфсизлик тўсиқлари ва беш вагонли поездлар: метрополитен матбуот анжуманида нималар дейилди?
Тошкент метрополитенининг маълум қилишича, тирбандликни камайтириш учун поездларга 5-вагон қўшиш, гавжум бекатларда совитиш тизими ва ъШаҳристонъ бекатида ойнаванд тўсиқлар ўрнатиш режалаштирилган. Шунингдек, метрополитен раиси 700 млн сўм маош олиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берилди.

Бекатларга совитиш тизими, хавфсизлик тўсиқлари ва беш вагонли поездлар: метрополитен матбуот анжуманида нималар айтилди?
Тошкент метросидаги ҳар бир вагон 300 нафар йўловчига мўлжалланган. Аммо тиғиз пайтларда унга 400−500 нафаргача одам чиқишга уринади. Бу ҳолат нафақат йўловчилар учун ноқулайлик туғдиради, балки поездлар ҳаракатига ҳам таъсир қилади. Бу ҳақда “Тошкент метрополитени” АЖ бош муҳандиси Мирҳоким Мирҳусанов 3-ноябр куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар бермоқда Газета мухбири.
Матбуот анжуманида журналистлар июл ойида ижтимоий тармоқларда метрополитен раиси Раҳмонбек Усмонов 2025-йил ноябрида қарийб 700 млн сўм маош олиши, тизимда қариндош-уруғчилик ва коррупсия авж олгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан изоҳ сўради.
“Тошкент метрополитени” АЖ бошқаруви раисининг ўринбосари Йўлдош Юсуповнинг айтишича, тизимда кадрларни ишга қабул қилиш, бошқа лавозимга ўтказиш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш масалалари доимий назорат қилинади. Бунинг учун алоҳида масъул раҳбар ўринбосари ва комиссия фаолият юритади.
“Кадрларни ишга олиш ёки бошқа лавозимга ўтказишда хавфсизлик масалалари бўйича раҳбар ўринбосари ўз хулосасини беради. Йил давомида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун комиссия ҳам ишлайди. У ўрганишлар ўтказиб, раҳбарият ва тегишли органларга ҳисобот тақдим этади. Мурожаатлар келиб тушганидан кейин ҳам бу масала ўрганилган”, — дейди Юсупов.
Унинг таъкидлашича, метрополитенда қариндошлар ишлаши ҳолатлари бор. Бироқ улар бир-бирига бўйсунувчи ёки ўзаро манфаатдорлик мавжуд бўлган лавозимларда фаолият юритмайди.
“Тўғри, метрополитенда уч авлод вакиллари — бобо, ота ва фарзанд ишлаётган ҳолатлар бор. Лекин улар бир-бирига алоқаси бўлмаган йўналишларда фаолият олиб боради. Бир оила аъзоларининг бир-бирига топшириқ берадиган ёки манфаатдор бўладиган лавозимларда ишлаши аниқланмаган”, — дейди у.
Юсупов ижтимоий тармоқларда метрополитен раҳбари салкам 700 млн сўм маош олиши ҳақида тарқалган хабарни рад этди. Унинг сўзларига кўра, бу маблағ раҳбарнинг соғлиғини тиклаш учун жамоа шартномаси асосида ажратилган ва бир йил ичида қайтарилиши лозим бўлган ссуда ҳисобланади.
“652 млн сўм раҳбарнинг ойлик иш ҳақи эмас. Жамоа шартномасида белгиланган тартибда, соғлиғини тиклаш учун бир йил давомида қайтариш шарти билан берилган ссуда маблағи ҳисобланади”, — дейди Юсупов.
Метрополитен бош муҳандиси Мирҳоким Мирҳусановнинг маълум қилишича, сўнгги етти йилда бекатлар сони 50 тага, тармоқ узунлиги эса 71 километрга етган. 2020−2021-йилларда метронинг бир кунлик йўловчилари сони 280−300 минг нафар бўлган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 1,2 млн нафардан ошган.
Йўловчилар оқимининг кескин кўпайиши айрим бекатларда тирбандликларни кучайтирган. Ижтимоий тармоқларда Алишер Навоий бекатидаги гавжумлик акс этган видеолар ҳам тез-тез тарқалмоқда. Бош муҳандис буни икки йўналишдаги поездлар бир вақтда келиши ва йўловчиларнинг бир бекатда тўпланиши билан изоҳлади.
Мирҳоким Мирҳусанов.
“Алишер Навоий бекатида поездлар график асосида кетма-кет келади. Иккита йўналишдаги поездлар бир вақтнинг ўзида келганида йўловчилар сони кескин кўпайиб кетади”, — дейди Мирҳусанов.
Тирбандликни камайтириш чораларидан бири сифатида поездларга қўшимча вагонлар қўшиш таклиф қилинган. Жумладан, мавжуд ҳаракат таркибларини беш вагонли қилиш имконияти кўриб чиқилмоқда.
“Ҳозир ҳар бир йўналишда беш вагонли поездларни ишга тушириш устида ҳаракат қиляпмиз. Москвадан харид қилинган 14 та ҳаракат таркиби тўрт вагонли. Уларнинг таркибига ҳам қўшимча вагон қўшишни ечим сифатида таклиф қилдик”, — дейди бош муҳандис.
Унинг айтишича, тирбанд вақтларда Чилонзор йўналишида поездлар орасидаги интервал бир ярим дақиқагача қисқартирилган. Ҳозирги техник имкониятлар бундан ҳам қисқа интервални таъминлашга имкон бермайди. Энг гавжум вақтларда ушбу йўналишга 28 тагача поезд чиқарилади.
Мирҳусановнинг таъкидлашича, ҳар бир вагон 300 нафар йўловчига мўлжалланган. Бироқ тирбанд вақтларда унга 400−500 нафаргача одам чиқишга ҳаракат қилади. Бу эса йўловчилар учун ноқулайлик туғдиришдан ташқари, поездлар ҳаракатига ҳам таъсир кўрсатади.
“Йўловчиларимиздан бир-бирини ҳурмат қилишни, поезддан тушаётганларга йўл беришни сўраймиз. Кўп ҳолларда эшик олдида туриб олиш, тушаётганларга йўл бермаслик туфайли тортишувлар келиб чиқади. Баъзан йўловчилар эшикларни қўли билан ушлаб қолади. Бундай ҳолатлар поездлар ҳаракати интервалининг сунъий равишда узайишига сабаб бўлиши мумкин”, — дейди у.
Бош муҳандиснинг қўшимча қилишича, эшикларга буюмлар қисилиб қолиши, йўловчиларнинг ҳаракат таркибига шикаст етказиши ва эскалаторлардаги носозликлар ҳам ҳаракат графигига таъсир қилади. Бундай вазиятларда хавфсизликни таъминлаш учун поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилиши ёки чекланиши мумкин.
Журналистлар метронинг эски вагонларида вентиляция тизими яхши ишламаслиги, айниқса, ёши катта йўловчилар учун ҳаво етишмаслиги ҳақида ҳам савол берди.
Мирҳусановнинг таъкидлашича, эски ҳаракат таркибларида ҳам ҳаво алмаштириш тизими мавжуд ва ишлаб турибди. Бироқ вагонларга белгиланган меъёрдан анча кўп йўловчи чиқиши ҳаво алмашинувига салбий таъсир қилади. Унинг айтишича, сўнгги пайтларда эрталабки тирбандликнинг асосий вақти ҳам ўзгариб, соат 07:00—07:30 атрофида кузатилмоқда.
Матбуот анжуманида ёзда метро бекатларида ҳаво ҳарорати юқорилиги, қишда эса ёмғир ва қор пайтида айрим жойлардан сув ўтиши муаммолари ҳам кўтарилди.
Бош муҳандиснинг айтишича, бекатлардаги вентиляция тизимлари ишлаб турибди. Бироқ иқлим ўзгариши ва йўловчилар оқимининг ортиши сабабли айрим гавжум бекатларда қўшимча совитиш ускуналарини ўрнатиш имкониятлари ўрганилмоқда.
“Биз энг гавжум бекатларда замонавий технологиялар асосида чиллер тизимини ўрнатишни ечим сифатида кўряпмиз. Айниқса, бир йўналишдан бошқасига ўтиш жойларида йўловчилар оқими жуда кўп. Шу каби нуқталарда бундай тизимларни қўллашни ўрганяпмиз”, — дейди Мирҳусанов.
У Пушкин, Амир Темур ва Бодомзор бекатларини табиий шароити сабабли ёзда ҳам салқин бўладиган жойлар сифатида келтирди.
Бекат ва туннеллардан сув ўтиши масаласига Йўлдош Юсупов жавоб бераркан, бундай ҳолатларни бартараф этиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлигининг тегишли коммунал хизматлари билан ҳамкорликда ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
Юсуповнинг маълум қилишича, метрополитенда туннел ва иншоотларни жорий таъмирлаш учун йилига 1−2 млрд сўм сарфланади. Шу билан бирга, таъмирталаб жойларни аниқлаш ва гидрогеологик ҳолатни ўрганиш учун республика буджетидан 3,3 млрд сўм ажратилган.
“Ҳозир ушбу маблағ ҳисобидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Кейинги босқичда, яъни 2027-йилда туннел ва иншоотлардаги муаммоларни бартараф этиш, таъмирлаш ишлари учун 20 млрд сўмдан зиёд маблағ ажратиш кўзда тутилган”, — дейди Юсупов.
2026-йил июл ойида “Турон” бекатида шифтнинг бир қисми қулагани, ҳодиса оқибатида етказилган зарар ва бекатни қайта тиклаш масаласи ҳам кўтарилди.
Юсуповнинг айтишича, ҳодиса сабаблари қурилишда иштирок этган буюртмачи ва қурилиш ташкилоти томонидан ўрганилмоқда. Ҳозирда метрополитен Ҳалқа йўлидан фойдаланиб келаётган бўлса-да, уни тўлиқ фойдаланишга қабул қилиш жараёни якунланмаган.
“Ҳалқа йўли тўлиқ фойдаланишга топширилганидан кейин уни сақлаш ва ундан фойдаланиш бизнинг мажбуриятимизга киради. Ҳозир эса ушбу ҳолат қурилиш ва буюртмачи томонидан ўрганилмоқда”, — дейди у.
Электрон тўлов тизимига ўтиш муносабати билан метро кассаларида ишлаган ходимлар сони қанчага қисқартирилгани ҳам сўралди.
Йўлдош Юсуповнинг маълум қилишича, нақд пулсиз тўлов тизимига ўтиш жараёнида сўнгги икки йилда кассирларнинг 735 та штат бирлиги қисқартирилган. Шу билан бирга, йўловчилар тўловини назорат қилиш учун 417 та штат бирлигидан иборат чипта назоратчилари лавозими жорий этилган.
“Қисқартирилган штатлар бўйича ходимларнинг бир қисми бошқа хизматларга ўтказилди, айримлари эса бошқа иш ўринлари билан таъминланди. Ҳомиладорлик таътили ва бошқа сабабларга кўра иш жойи ўзгарган ходимлар ҳам бор”, — дейди Юсупов.
Унинг сўзларига кўра, тизимда жами 5826 нафар ходим фаолият юритади. Уларнинг 2068 нафари ёки 35,5 фоизи аёллардир. Ҳозирда 15 нафар аёл поезд машинисти бўлиб ишламоқда.
Юсуповнинг айтишича, аёл машинистлар сонини кўпайтириш учун уларни ўқитиш ишлари давом эттирилмоқда. Тайёргарликдан ўтган ходимларни босқичма-босқич машинистлик лавозимига жалб қилиш режалаштирилган.
Журналистлар метро бекатларида йўловчилар хавфсизлигини ошириш, жумладан, платформа четларига ойна тўсиқлар ўрнатиш режалари ҳақида ҳам сўради.
Юсуповнинг айтишича, бундай тўсиқларни ўрнатиш бўйича дастлабки лойиҳа Юнусобод йўналишидаги “Шаҳристон” бекатида амалга оширилиши режалаштирилган. Лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, экспертизага тақдим этилган.
“Экспертиза хулосаси олинганидан кейин келаси йили ривожланган давлатлардан мутахассисларни жалб қилиб, ўрнатиш ишларини амалга ошириш режа қилинган”, — дейди Юсупов.
Ушбу лойиҳа самарали деб топилса, кейинчалик йўловчилар оқими кўп бўлган бошқа бекатларда ҳам хавфсизлик тўсиқларини ўрнатиш масаласи кўриб чиқилади.

