Иқтисодиёт

Банклар қарз эвазига олинган мол-мулкни тўғридан тўғри сота олади

Ўзбекистонда қарздорликни судга мурожаат қилмасдан ундиришни рағбатлантириш мақсадида банклар, инвестиция компаниялари ва айрим кўчмас мулк харидорларига солиқ имтиёзлари берилади. Қарз эвазига банкка ихтиёрий топширилган мол-мулкни тўғридан тўғри сотишга ҳам рухсат этилади.

Банклар қарз эвазига олинган мол-мулкни бевосита сотиши мумкин бўлади

Ҳужжатга мувофиқ, 2030-йил 1-январгача қарздорлик эвазига тижорат банклари балансига олинган ҳамда банклар муассислигидаги инвестиция компаниялари балансида мавжуд бўлган кўчмас мулк обьектларига нисбатан бир қатор солиқ имтиёзлари қўлланади.

Жумладан, бундай кўчмас мулкни ўз балансига қабул қилаётган тижорат банклари 6 ой муддатга мол-мулк ва ер солиғидан озод этилади.

Банклар муассислигидаги инвестиция компаниялари учун эса ушбу имтиёз мол-мулк балансга қабул қилинган кундан бошлаб 12 ой давомида амал қилади.

Шунингдек, мазкур кўчмас мулк обьектларини тўлиқ қийматини тўлаб харид қилган харидорлар ҳам 12 ой давомида мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўламайди.

Яна бир имтиёз қарздорнинг мол-мулкни банкка ихтиёрий топшириши билан боғлиқ. Агар юридик шахс қарздорлик эвазига мол-мулкдан воз кечиш тўғрисидаги шартнома асосида ўз мулкини тижорат банкига ихтиёрий равишда топширса, у ҚҚС тўлашдан озод қилинади.

Тижорат банклари балансига қарздорлик эвазига қабул қилинган мол-мулкни бир йилдан ортиқ муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотишда ҳам ҚҚСни ҳисоблашнинг алоҳида тартиби жорий этилади. Бунда ҚҚС мол-мулкнинг тўлиқ сотиш қийматидан эмас, балки унинг сотиш қиймати билан баланс қиймати ўртасидаги ижобий фарқдан ҳисобланади.

Қарздорликни суддан ташқари тартибда ундиришни рағбатлантириш мақсадида давлат иштирокидаги банкларга қўшимча имкониятлар ҳам берилади.

Қарздор мол-мулкидан ихтиёрий воз кечиш тўғрисидаги шартнома асосида давлат иштирокидаги банкка берилган мол-мулкни бозор қийматида тўғридан тўғри сотишга рухсат этилади.

Бундай мол-мулкни фақат бир йўла тўлов асосида эмас, балки кредитга, бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан, лизинг орқали ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа битимлар асосида ҳам сотиш мумкин бўлади.

Шунингдек, гаровдаги мол-мулкни банкка ўтказиш жараёнини енгиллаштириш ҳам назарда тутилган.

Мол-мулк банкка берилаётганда солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлик сабабли солиқ органлари ёки Мажбурий ижро бюроси томонидан қўйилган тақиқлар мавжуд бўлса ҳам, нотариусларга тегишли нотариал битимларни амалга ошириш ваколати берилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.