Иқтисодиёт

Банк ёпилса, омонатчиларга 200 млн сўмгача компенсация тўлаш тартиби белгиланмоқда

Ўзбекистонда банк лицензияси чақириб олиниб, мажбурий тугатилган тақдирда омонатчиларга кафолатланган омонатлар бўйича компенсация тўлашнинг янги тартиби таклиф этилмоқда. Лойиҳага кўра, бир банкда бир омонатчига 200 млн сўмгача компенсация тўланади, 2027-йилдан эса омонатчиларнинг камида 75 фоизига етти иш куни ичида компенсация олиш имконияти яратилиши керак.

Банк ёпилган тақдирда омонатчиларга 200 млн сўмгача компенсация тўлаш тартиби жорий этилмоқда

Марказий банк Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан кафолатланган омонатлар юзасидан компенсация тўлашнинг тартиби ва шартларини белгилашни назарда тутувчи низом лойиҳасини тайёрлади.

Ҳужжатда компенсация тўлашга тайёргарлик кўриш, кафолатланадиган омонатлар ҳамда компенсация миқдорини аниқлаш, омонатчилар реестрини шакллантириш, шунингдек Омонатларни кафолатлаш агентлиги, банклар, тугатувчи ва агент-банклар ўртасидаги ҳамкорлик тартиби белгилаб қўйилмоқда.

Лойиҳага мувофиқ, банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия чақириб олиниб, банкни мажбурий тугатиш ҳақида Марказий банк қарори қабул қилиниши «кафолатлаш ҳодисаси» ҳисобланади.

Бундай ҳолат юз берганда омонатчи Агентликдан кафолатланган омонати бўйича компенсация талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Компенсация миллий валютада тўланади. Агар омонат чет эл валютасида бўлса, компенсация кафолатлаш ҳодисаси юз берган кундаги Марказий банк курси бўйича сўмга қайта ҳисобланади.

Лойиҳада бир банкда бир омонатчига тўланадиган компенсациянинг энг юқори миқдори 200 млн сўм этиб белгиланмоқда.

Агар кафолатланган омонат қолдиғи 200 млн сўм ёки ундан кам бўлса, унинг тўлиқ миқдори компенсация қилинади. Омонат 200 млн сўмдан ошса, компенсация 200 млн сўмни ташкил этади.

Бир омонатчининг бир банкда бир нечта кафолатланган омонати мавжуд бўлса, компенсацияни аниқлашда улар жамланади. Чет эл валютасидаги омонатлар ҳам сўмга қайта ҳисобланиб, миллий валютадаги омонатларга қўшилади.

Мазкур 200 млн сўмлик чегара жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларнинг 2025-йил 19-февралдан бошлаб қўйилган тегишли омонатларига нисбатан қўлланилиши назарда тутилган.

Шу билан бирга, жисмоний шахсларнинг 2025-йил 19-февралдан олдин қўйилган омонатларига ушбу чегара умумий қоида тариқасида татбиқ этилмайди. Лойиҳада бундан айрим истиснолар ҳам белгиланган.

Низом лойиҳасига кўра, жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларнинг банклардаги миллий ҳамда чет эл валютасидаги омонатлари кафолатлаш обьекти ҳисобланади.

Банк омонати ёки банк ҳисобварағи шартномаси бўйича ҳисобланган, аммо кафолатлаш ҳодисаси юз бергунига қадар тўланмаган фоизлар қолдиғи ҳам белгиланган шартларда ҳисобга олинади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.