Бошқа

Балзакнинг машҳур мактуби

Оноре де Балзакнинг «ХИХ аср франсуз ёзувчиларига мактуби»ни шу чоққача ўн-ўн беш марта ўқиб чиққанман,

Балзакнинг машҳур мактуби

Оноре де Балзакнинг "ХИХ аср франсуз ёзувчиларига мактуби"ни ўн-ўн беш марталаб ўқиганимни айцам, муболаға бўлмайди. Ҳар сафар ундан янги маънолар кашф этаман.

Мактуб нимани назарда тутади? Балзак ўз даврида адабиёт республикаси деб тан олинган, фуқароларнинг бошқа мамлакатларда тан олинмаган кўплаб ҳуқуқларини ҳимоя қилишга интилган франсуз инқилобидан сўнг мамлакатда адабиётга, ёзувчиларга ва бадиий тафаккурга эътибор кескин пасайиб бораётганидан хавотир билдиради. Унинг сўзларига кўра, ижодкорлик иши инқилоб туфайли қабул қилинган "ваҳшиёна қонун асоратига бериб қўйилган", ёзувчиларнинг асарлари эса жамоат мулки деб эълон қилинган. "Шундай қилиб, жаноблар – сиз шоирлар, сиз машшоқлар, сиз драматурглар, сиз носирлар, сизларким, яъни мамлакатнинг шон-шарафи учун меҳнат қилмоқдаман деган фикр билан яшовчилар... ҳамма-ҳаммангиз бундан буён ўз-ўзингизга меросхўр бўла олмайсиз. Қонун савдогарнинг молини, заҳматли меҳнат, баъзан ошкора разиллик эвазига топилган пулларни ҳурмат қилади, ерни ҳимоялайди, аммо илҳомий фикри, ижодий тафаккури билан кун кечирадиган шоир меҳнатининг самарасини мусодара қилади".

Балзакнинг фикрича, шоир-ёзувчилар мамлакатнинг шон-шарафи ва ғурури, яъни тафаккур бойлигидир. Улар ўз асарларида аср руҳини, даврнинг маънавий-ахлоқий манзарасини акс эттирадилар, шу билан мамлакат ва миллат тарихини яратадилар. Қалам тутган ижодкор умр бўйи давом этадиган изланишлари эвазига "қашшоқлик" қаъридан юксакка парвоз қилади, аммо бундай парвоз ҳамма ижодкорларга ҳам насиб этмайди. Кўплари хаёлий орзулар қаноти остида қолиб кетадилар, уларга бойлик, шуҳрат ёки бошқа бир ҳомий эмас, балки ирода ва эътиқодлари суянчиқ бўлади. Балзак ўз касбдошларини бундай ҳолатга бефарқ бўлмасликка ундайди, ижодкорнинг муқаддас мулки талон-тарож қилинаётганидан ташвишда: "Шундай қилиб, жаноблар, бундан кейин бизнинг жамиятимиз қашшоқликда сўниб бораётган мутафаккир, шоир, драматургларнинг хонадонидан уларнинг китоблари, шеърлари, комедиялари, драмаларини бир қўли билан ўғирлаб, иккинчи қўли билан бошқаларга беради. Кимга дейсизми? Буни эшитиб, ҳатто ёввойи одамлар ҳам кулиб юборарди. Айтайинми? Ҳа, айтаман, бу нарса яширин қолиб кетиши мумкин эмас. Билиб қўйинглар, қонун уларни ноширларга ошириб юборади".

Балзак муаммони жуда кескин қўяди: "Биров хотинингизни тортиб олса, бундан хафа бўлманг, чунки у бу ишни унинг розилиги билан қилган бўлиши мумкин, аммо ўн беш йил ишлаб, азоб чекиб, тунларни тонгларга улаб, муҳтожлик машаққатларини енгиб яратган асарингизни тортиб олишса, бунга асло тоқат қилиб бўлмайди" дейди ва бу муаммо юзасидан ўзининг сўнгги сўзини айтади: "Хулоса ўрнида бир гапни таъкидламоқчимиз: бизнинг юқорида айтганларимиз ғалаёнга чақирувчи хитоб эмас, эҳтиросларни жунбишга келтиришга даъват қилаётганимиз ҳам йўқ: бу – қашшоқлик фарёди, холос. Бу – қонундан ташқарига чиқариб қўйилган, адолат излаб тополмаган одамларнинг ҳайқириғи.

Қўйинг, майли, бу ҳайқириқ акс-садо берсин, ҳамдардлик уйғоцин, сўниб бораётган ватанпарварлик туйғуларига қайтадан жон ато қилсин. Биз овозимизни кўтариб ҳайқирган бўлсак, буни уйғоқлар, изтироб чекаётганлар, тил хазинасини бойитишга имкон қадар ўз улушини қўшишга интилаётганлар учун қиламиз...

Қонун чиқарувчи жаноблар, Италия Англиядан келадиган тилланинг учдан икки қисмини сарфлаб, ўзининг ажойиб даҳоларига эга бўлди. Санъат билан тилни эҳтиёт қилиб асранглар, негаки, моддий манфаатларингизни бартараф қилганингиздан сўнг сизлар бизнинг асарларимизда ҳаёт кечиришда давом этасизлар. Бизнинг асарларимиз эса ҳеч қачон ўлмайди ва ҳатто мамлакатимиз (тарих саҳнасидан) ғойиб бўлиб кетганда ҳам улар "Бу ерда бир вақтлар Франсия бўлган эди!" дея оламга жар солиб турадилар".

Бу мактубни яна кўп бор ўқийман ва ундан ҳар гал янги-янги маънолар топаман. Бу гал ҳам шундай бўлди.

Аҳмаджон Мелибоев

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.