Балтимор боғида автотураргоҳ устидаги низо пайтида 12 ёшли қиз отиб ўлдирилди
АҚШ шаҳридаги полиция ёш қизча отишманинг нишони бўлмагани, балки икки ўт орасида қолиб кетганини маълум қилди.

Балтимордаги паркларидан бирида автотураргоҳ устидаги низо пайтида 12 ёшли қиз отиб ўлдирилди
АҚШнинг Балтимор шаҳрида ўтган дам олиш кунларида 12 ёшли қиз ҳалок бўлди. Полиция маълумотларига кўра, бунга автотураргоҳ жойи устидаги низо сабаб бўлган.
Полициянинг маълум қилишича, қиз болалар америка футболи ўйнаётган паркда автотураргоҳ жойи устида тортишиб қолган икки эркак ўртасидаги отишма қурбони бўлган.
Воқеа жойига етиб келган полициячилар қиздан ташқари ўқдан жароҳат олган яна бир аёлни топишган. Шунингдек, отишма билан боғлиқ жароҳатлар туфайли икки эркак яқин атрофдаги шифохоналарга мурожаат қилган, деб хабар берди полиция.
Балтимор полиция комиссари Ричард Уорли матбуот анжуманида полиция ҳозирда камида икки гумонланувчини қидираётганини айтди.
"Бизга маълум бўлишича, икки қўрқоқ ўртасида қандайдир жанжал чиққан", деди Уорли. "Иккаласи ҳам бир-бирига қарата ўт очган. Отишма ўртасида қолган, эҳтимол у ерда футбол томоша қилаётган 12 ёшли қизалоқ ўқ тегиши оқибатида ҳалок бўлган".
Уорлининг сўзларига кўра, исми полиция томонидан ошкор этилмаган қиз нишонга олинган шахс бўлмаган.
У шифохонада вафот этган деб эълон қилинди. Жароҳат олган қолган уч кишининг ҳаётига хавф йўқ, деди Уорли.
Отишма шанба куни маҳаллий вақт билан соат 18:00 дан кейин (Тошкент вақти билан якшанба куни соат 03:00) содир бўлган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари терговни давом эттирмоқда ва гувоҳлардан полицияга маълумот беришни сўрамоқда.
Уорлининг айтишича, қанча ўқ узилгани ҳозирча номаълум.
"Икки вояга етган эркак жанжаллашиб қолди ва энди 12 ёшли бола орамизда йўқ", деди Балтимор мэри Брэндон Скотт матбуот анжуманида.
"Биз ҳеч қачон бундай гапларни айтишга мажбур бўлмаслигимиз керак эди. Бугун бу ерда содир бўлган воқеа ҳаётимда кўрган энг жирканч нарсалардан биридир".

