Айтилган сўз — отилган ўқ
Қирғизистон президентлигига икки номзод давлат тилини билиш бўйича имтиҳондан ўта олмади

Сўз — чумчуқ эмас
Қирғизистон собиқ ички ишлар вазири Ўмурбек Суваналиев ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш хизматининг собиқ раҳбари Саймик Жапикеев мажбурий қирғиз тили имтиҳонини топшира олишмагани сабабли ҳозирча президентлик сайловларига номзод сифатида рўйхатдан ўта олишмайди. Бу ҳақда 24.kg нашри ёзмоқда.
Аниқланишича, иккала сиёсатчи ҳам 8 октябрь куни «Қирғизтест» муассасасида тест синовидан ўтишган. Суваналиев ёзма иш кўникмалари етарли бўлмаганини тан олди. Шу билан бирга, генералнинг сўзларига кўра, у синовларга 20 кунга яқин тайёргарлик кўрган.
«Мен 40 йил раҳбар бўлиб ишладим. Раҳбарлар одатда эшитади ва топшириқ беради, лекин ўзи унчалик кўп ёзмайди. Компьютерда ҳам кам ёзганман. Шу сабабли ёзма қисм мен учун қийинроқ кечди. B2 даражасига эта олмаганимдан афсусдаман», — деди собиқ ИИВ раҳбари.
Жапикеев, ўз навбатида, имтиҳон натижаларига рози бўлмади. У мактаб ва олий ўқув юртида қирғиз тилида ўқиганини ва давлат тилида тўлиқ мулоқот қила олишини таъкидлади. Молия полициясининг собиқ бошлиғи, шунингдек, саволларнинг мураккаблигини кўрсатиб ўтди ва президентликка номзодлар компьютерда бажарган топшириқларнинг ёзма қисми бўйича якуний баҳога шубҳа билдирди.
«Мен кўп йиллар прокуратурада ишлаганман, кўпчилик ишларни қирғиз тилида тергов қилганман. Лекин генерал Суваналиев каби мен ҳам имтиҳондан ўта олмадим», — деди Жапикеев.
Шу билан бирга, журналист Аслан Сартбаев ижтимоий тармоқларда ҳар икки номзоднинг имтиҳон натижалари тафсилотларини эълон қилди. Унга кўра, Суваналиев ўқиш бўйича 87 балл, тинглаб тушуниш бўйича 84, ёзиш бўйича 56 ва сўзлашув бўйича 65 балл тўплаган. Жапикеевнинг кўрсаткичлари эса қуйидагича бўлган: ўқиш бўйича 63, тинглаб тушуниш бўйича 76, ёзиш бўйича 55 ва сўзлашув бўйича 63 балл.
«Қирғизтест» қоидаларига кўра, агар лоақал битта блокда 60 дан кам балл тўпланса, имтиҳон топширилмаган деб ҳисобланади.
Шу билан бирга, сиёсий арбоблар, эҳтимол, тестларни қайта топширишлари мумкин бўлади. Бироқ синовлардан қайта ўтиш масаласи ҳозирча ноаниқлигича қолмоқда. «Қирғизтест»да тегишли регламент Марказий сайлов комиссияси ваколатида эканини билдиришди. МСКда эса, ўз навбатида, бундай масалаларни, аксинча, «Қирғизтест» ҳал қилиши кераклигини айтиб жавоб беришди.
Қирғизистонда президентлик сайловлари 2027 йил 27 январга белгиланган. Республиканинг амалдаги раҳбари Садир Жапаров илгарироқ овоз беришда иштирок этиш ниятини тасдиқлаган эди. Бироқ МСКга расмий ариза топширган биринчи номзод ўз-ўзини кўрсатиш тартибида номзодини расмийлаштирган тадбиркор Аймен Касенов бўлди. Номзодлардан аризаларни қабул қилиш жорий йилнинг 13 ноябригача давом этади.

