Айрим мактабларга педагог танлашда янги мезонлар жорий этилди
Ўзбекистонда таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларга бошқа ҳудудлардан жалб этиладиган ўқитувчи-педагогларни саралаш тартиби янгиланди. Энди бир вакант соатга икки ёки ундан ортиқ номзод даъвогар бўлса, улар 100 баллик тизим асосида суҳбатдан ўтказилади.

Айрим мактабларда ўқитувчиларни танлаш жараёнига янги мезонлар киритилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 15-октабрдаги 646-сонли қарори билан тасдиқланган, таълим даражаси паст бўлган мактабларга бошқа ҳудудлардан ўқитувчи-педагогларни жалб этиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Янги тартибга кўра, бўш иш ўринларига икки ёки ундан ортиқ номзод бўлган ҳолларда, ўқитувчилар касбий билим ва кўникмалари, педагогик маҳорати ҳамда психологик қобилияти бўйича суҳбатдан ўтказилади.
Суҳбат 100 баллик тизимда ташкил этилади. Бунда номзоднинг касбий билим ва кўникмалари учун 40 балл, педагогик маҳорати учун 30 балл ва психологик қобилияти учун 30 балл берилади.
Ҳар бир номзод ищи гуруҳ аъзолари томонидан алоҳида баҳоланади. Якуний натижа эса гуруҳ аъзолари қўйган балларнинг ўртача арифметик қиймати асосида ҳисобланади.
Суҳбат якунларига кўра, энг юқори балл тўплаган номзод тегишли бўш иш ўрни учун ўқитувчи сифатида танлаб олинади.
Агар икки ёки ундан ортиқ номзод бир хил балл тўпласа, уларнинг амалдаги малака тоифаси даражаси, педагогик иш стажи, шунингдек, тегишли миллий ёки халқаро сертификати мавжудлиги ва унинг даражаси инобатга олинади.
Шунингдек, педагогларни саралаш жараёнини онлайн шаклда ўтказишга ҳам рухсат берилди.

