Айрим лидер тадбиркорларга 5 млрд сўмгача гаровсиз кредит ажратилади

Айрим лидер тадбиркорларга 5 млрд сўмгача гаровсиз кредит берилади
Ўзбекистонда Ижтимоий реестрга киритилган оилаларни кооперацияга жалб қилган лидер тадбиркорларга 5 млрд сўмгача гаров таъминотисиз кредит ажратишга рухсат берилади. Бу президентнинг тегишли фармонида белгиланган.
Фармонга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари бощилигида барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш бўйича ҳудудий штаблар, туман ҳокимлари раҳбарлигида эса туман штаблари тузилган.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва ёшлар тадбиркорлиги дастурларининг имтиёзли кредит ресурсларини бошқариш ваколати ушбу штабларга берилади.
2026-йил 1-октябрдан ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳамда кичик ва ўрта тадбиркорлик субьектларига штаблар қарорлари асосида банк кредитлари бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш механизми жорий этилади. Компенсация Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси ёки белгиланган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
Штаблар маҳаллий шароит, лойиҳаларнинг самарадорлиги ва устувор йўналишлардан келиб чиқиб, компенсация бериш ҳақида қарор қабул қилади. Улар компенсациядан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун ҳам жавобгар бўлади.
Штабларнинг қарорлари компенсация тақдим этиш учун асос ҳисобланади. Бунда кредит тарихи, тадбиркор тоифаси, барқарорлик рейтинги ва бошқа талабларни жорий этишга йўл қўйилмайди.
Тадбиркорлик субьектларининг қонунчиликда белгиланган умумий тартибда Тадбиркорликни ривожлантириш компаниясига компенсация олиш учун бевосита мурожаат қилиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Бир молиялаштириш бўйича бир хил фоиз харажатларини икки марта компенсация қилишга йўл қўйилмайди.
Фармон билан “Саховат ва кўмак”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармалари сақлаб қолинади. Уларнинг маблағларини тасарруф этиш ҳамда улар ҳисобидан ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатишни ташкил этиш ваколатлари штабларга ўтказилади.
2027-йил 1-январдан аҳолининг ижтимоий ёрдам ва хизматларга муҳтожлигини аниқлаш ҳамда Ижтимоий реестрга киритиш кўп ўлчовли баҳолаш тизими орқали амалга оширилади. Бунда оиланинг молиявий ҳолати билан бирга, оила аъзоларидаги сурункали касалликлар, ногиронлик, ташқи меҳнат миграцияси ва оиланинг кўп болали эканлиги каби мезонлар ҳам инобатга олинади.
Оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати балли скоринг тизими орқали баҳоланади. Натижаларга кўра, оилалар тегишли тоифаларга ажратилиб, ижтимоий ёрдам ва хизматлар билан қамраб олинади.
Шунингдек, келаси йилдан меҳнат шартномаси асосида ишлаётган хотин-қизларга ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган кундан бошлаб фарзанди бир ёшга тўлгунига қадар Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан болани парваришлаш нафақаси тўланади.
Ижтимоий реестрнинг “давлат таъминотидаги оила” тоифасига киритилган оилалар аъзоларига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 2026-йилда қўшимча равишда 100 млрд сўм, 2027-йилда эса 300 млрд сўм фоизсиз кредитлар ажратилади.
Президент раислигида 3-сентябр куни бўлиб ўтган йиғилишда тадбиркор 10 та оила билан кооперация қилса, 500 млн сўмгача, 100 та оила билан ҳамкорликни йўлга қўйса, 5 млрд сўмгача гаровсиз кредит олиши таъкидланганди.

