Автобозор: Ўзбекистонда талаб янги автомобиллар ва электромобиллар томон силжимоқда

Автобозор: Ўзбекистонда талаб янги автомобиллар ва электромобиллар томон силжимоқда
Июль ойи якунларига кўра, Ўзбекистонда автомобилларнинг умумий сотув ҳажми қарийб 80 минг донани ташкил этиб, ўтган ойдаги кўрсаткичларни барқарор даражада сақлаб қолди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг (ИТИМ) янги таҳлилий ҳисоботидан маълум бўлишича, асосий ўсишни янги автомобиллар ва электромобиллар таъминлаган.
Енгил автомобиллар сотуви 61,1 минг донага етди. Бунда бирламчи ва иккиламчи бозорлар турлича тенденцияларни кўрсатди:
**Бирламчи бозор:** янги енгил автомобиллар реализацияси 5,9% га ошиб, 25,4 минг донани ташкил этди. Асосий ҳиссани маҳаллий автосаноат қўшди — маҳаллий машиналар сотуви 8,3% га ўсиб, 20,4 минг донага етди. Янги хорижий автомобиллар сотуви эса, аксинча, бироз — 3% га камайиб, 5 минг донани ташкил қилди.
**Иккиламчи бозор:** минилган енгил автомобилларга бўлган талаб 4,4% га камайди — бир ой давомида 35,7 минг дона автомобиль сотилди.
Энг сезиларли ўсишни электромобиллар сегменти кўрсатмоқда. Июль ойида бирламчи ва иккиламчи бозорларда электрокарларнинг умумий сотуви 10,8% га ошиб, 9,3 минг донага етди.
Электромобиллар сотувининг ижобий динамикаси республиканинг аксарият ҳудудларида қайд этилди, бунда энг катта ўсиш Тошкент (+699 дона) ва Фарғона (+428 дона) вилоятларида кузатилди.
Пойтахт ҳамон асосий сотув маркази бўлиб қолмоқда — сотилган электромобиллар умумий ҳажмининг 6 мингтаси Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди.

