Австралия ҳарбий-деңгиз кучлари кемаси каютасидан яширин видеоёзув қурилмаси топилди
Австралия ҳарбийлари сенатор кемада яширин камералар ўрнатилгани ҳақидаги айбловлар билан унга мурожаат қилишганини маълум қилганидан сўнг, қурилма топилганини тасдиқлади.

Австралия ҳарбий-денгиз кучлари кемасининг каютасида яширин видеоёзув қурилмаси топилди
Австралия мудофаа кучлари (ADF) Австралия ҳарбий-денгиз кучлари кемасидаги каютада яширин видеоёзув қурилмаси топилганини тасдиқлади.
Қурилма якшанба куни Квинсленд штатининг Кэрнс шаҳрида жойлашган Австралия Қироллик ҳарбий-денгиз кучларининг HMAS Leeuwin кемасидаги каютада топилган.
Ушбу тасдиқ собиқ фахрий ва мудофаа соҳаси ҳимоячиси, австралиялик мустақил сенатор Жаки Ламбининг парламентдаги чиқишидан сўнг берилди. У шахсий таркиб ходимлари у билан боғланиб, "яқинда аёл матросларнинг душ қабул қилиш хоналарида яширин камералар топилгани" ҳақида даъво қилганини айтган эди.
Австралия мудофаа вазирлиги қурилма фақат аёллар учун мўлжалланган ҳудудда топилган-топилмаганини маълум қилмади ва ҳодиса Биргаликдаги ҳарбий полиция бўлинмасига оширилганини билдирди.
Ламби чоршанба куни Австралия Сенатига шундай деди: "Менга бу яқинда содир бўлгани ва тергов ҳаракатлари олиб борилаётган бир вақтда кеманинг сузишга чиқишига тўсқинлик қилгани ҳам айтилди. Камералар аниқланишидан олдин улардаги тасвирлар интернетга жойлаштирилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги даъволар янада ташвишга солади.
Қанчадан-қанча аёл матросларимиз ўзлари билмаган ҳолда энг шахсий дақиқаларида тасвирга олинган? Шу пайтгача қанча видеолавҳалар интернетда тарқатилган, сақлаб қўйилган ёки уларнинг хабари ва розилигисиз юкланган? Мен бугун Ҳарбий-денгиз кучларига айнан шу саволларни бермоқдаман."
Чоршанба куни кечроқ мудофаа вазирлиги HMAS Leeuwin каютасида видеоёзув қурилмаси топилганидан хабар топганини тасдиқлади, аммо у айнан қаерда жойлашгани ҳақида аниқ тафсилотларни келтирмади.
"Мудофаа вазирлиги ушбу ҳодисага жуда жиддий қарайди ва ҳар қандай шаклдаги мақбул бўлмаган хулқ-атворни қабул қилмайди", дейилади вазирлик баёнотида.
"Терговни ўтказиш ва кема экипажи аъзоларига зудлик билан ёрдам кўрсатилишини таъминлаш учун кема қирғоқда қолди. Шахсларнинг фаровонлиги Мудофаа вазирлигининг устувор вазифаси бўлиб қолмоқда ва ёрдам кўрсатиш давом этмоқда.
Ҳозирда ушбу масала бўйича тергов кетаётгани ва жабрланган шахсларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини ҳимоя қилиш мақсадида Мудофаа вазирлиги айни пайтда қўшимча изоҳ бера олмайди."

