Августда Ўзбекистонга мол гўшти импорти 23 фоизга ошди

Август ойида Ўзбекистонга мол гўшти импорти 23 фоизга ошди
Августда йил бошидан буён энг катта ҳажмдаги мол гўшти импорти қайд этилди. Бу Божхона қўмитаси эълон қилган маълумотларда келтирилган.
2026-йил августида Ўзбекистонга жами қиймати 85,6 млн долларлик 21 минг тонна мол гўшти олиб келинди. Бу июл ойидаги кўрсаткичдан 3 минг тоннага, яъни 23,4 фоизга кўп. Ушбу ўсиш йил бошидан бери кузатилган энг юқори натижа ҳисобланади.
Январда хориждан 11,6 минг тонна, февралда 14,3 минг тонна, мартда 12,7 минг тонна гўшт импорт қилинган. Шунингдек, апрелда 11,2 минг тонна, майда 9,3 минг тонна, июнда эса 12,9 минг тонна маҳсулот харид қилинган.
Умуман олганда, жорий йилнинг январ-август ойларида мамлакатга жами қиймати 519 млн долларлик 111,1 минг тонна мол гўшти импорт қилинди. Бу кўрсаткич 2025-йилнинг шу давридагига нисбатан 21 минг тоннага ошган.
Айни пайтда Ўзбекистонда гўштга йиллик талаб 2,1 миллион тоннадан ортиқни ташкил этади. Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми эса 1,6 миллион тонна. Шу сабаб ҳукумат чорвачилик тармоғини ривожлантириш учун 463 миллион доллар йўналтиришни режалаштирган. Соҳага бир қатор имтиёзлар бериш ва уни қўллаб-қувватлаш чоралари эълон қилинган.
Аввалроқ масъулларга 2026-йил якунигача четдан 100 минг бош қорамол олиб келиш вазифаси юклатилганди.

