Иқтисодиёт

Атом энергетикаси янги авлод нигоҳида: Тошкентда ёш мутахассислар нималар ҳақида гапиришди

Микрореакторлар, космос учун ядровий технологиялар ва ҳатто мемлар. Тошкентдаги ёшлар ядровий диалоги иштирокчилари ана шундай ноодатий мавзулар доирасини муҳокама қилишди. Ёшлар истиқболли технологиялар, касбий ривожланиш имкониятлари билан қизиқдилар ва атом энергетикаси ҳақида кенг жамоатчиликка сўзлаб беришнинг янги усулларини таклиф этдилар. Миллий ёшлар ядровий диалоги 9 октябрь куни Impact Team 2050 халқаро ташаббуси доирасида бўлиб ўтди. Тадбир талабаларни, ёш […]

**Атом энергетикаси янги авлод нигоҳида: Тошкентда ёш мутахассислар нималар ҳақида гапиришди**

Микрореакторлар, космос учун ядровий технологиялар ва ҳатто мемлар — Тошкентда ўтказилган ёшлар ядровий мулоқоти иштирокчилари айнан мана шундай ноодатий мавзуларни муҳокама қилишди. Ёшлар истиқболли технологиялар, касбий ўсиш имкониятлари ҳақида гапиришди ва атом энергетикаси ҳақида кенг аудиторияга сўзлаб беришнинг янги усулларини таклиф қилишди.

Миллий ёшлар ядровий мулоқоти 9 октябрь куни Impact Team 2050 халқаро ташаббуси доирасида бўлиб ўтди. Тадбирда талабалар, ёш олимлар, университетлар, соҳавий идоралар, тармоқ ташкилотлари ва ёшлар бирлашмалари вакиллари иштирок этишди. Қандай масалалар кўтарилгани ва учрашув нимаси билан ёдда қолгани ҳақида «Росатом» бош директори ҳузуридаги Impact Team 2050 Халқаро ёшлар маслаҳат кенгашидаги Ўзбекистон вакили Муҳиддин Умидов сўзлаб берди.

Мулоқот ёшларнинг атом соҳаси раҳбарлари билан очиқ суҳбатидан бошланди. «Ўзатом» агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев кириш сўзини чўзиб ўтирмасдан, дарҳол талабаларнинг саволлари ва умидларига ўтишни таклиф қилди. Ўзбекистон атом энергетикасини ривожлантириш истиқболлари ҳақида гапирар экан, у ҳозирги ёш мутахассислар авлоди соҳани шакллантиришда иштирок этиши кераклигини таъкидлади.

«Сизда пойдевор айнан ҳозир қўйилаётган бир пайтда шиддат билан ривожланаётган соҳага кириб келиш учун ноёб, тарихий имконият бор. Сиз шунчаки мутахассис эмас, балки Янги Ўзбекистон атом соҳасининг яратувчилари бўлишингиз мумкин», — деди агентлик директори.

Учрашувнинг асосий босқичларидан бири жамоавий иш бўлди. Аввалига иштирокчиларга ёшлар атом касбларини танлашда ва касбий ривожланишда дуч келадиган ғовларни мустақил равишда аниқлаш таклиф этилди. Сўнг улар мумкин бўлган ечимларни таклиф қилишлари ва уларни экспертларга тақдим этишлари керак эди. Муҳокама таълим, карьера истиқболлари, касбга йўналтириш, ҳудудий инфратизим ва жамиятнинг атом энергетикасига бўлган муносабатини қамраб олди.

Талабаларда замонавий муҳандислик йўналишлари алоҳида қизиқиш уйғотди, уларнинг баъзилари атом электр станциясидаги иш ҳақидаги одатий тасаввурлардан анча четга чиқади.

«Муҳокамада турли университетлар талабалари ва ёш мутахассислар иштирок этгани мени қувонтирди. Уларни технологик жараёнларни автоматик бошқариш тизимлари, моделлаштириш, микрореакторлар қизиқтирди. Ҳатто космик соҳада ядровий технологияларни қўллаш бўйича саволлар ҳам янгради. Тан оламан, бу мавзуларнинг баъзилари мен учун ҳам кутилмаган ҳол бўлди. Ёшлар мураккаб ва истиқболли йўналишларни тушунишга интилишмоқда», — деди Муҳиддин Умидов.

Мулоқотда МИФИ МЯИТУ Тошкент филиали, И.Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, «Янги Ўзбекистон» университети ва бошқа олий ўқув юртлари талабалари иштирок этишди. Таклиф этилганлар орасида бўлажак педагоглар ҳам бор эди.

Умидов уларнинг иштирокини қонуният деб ҳисоблайди. Атом энергетикаси учун кадрлар тайёрлаш соҳавий университетга киришдан анча олдин бошланади. Кейинчалик муҳандислик фанлари, ядро физикаси ва АЭСни эксплуатация қилиш технологияларини ўзлаштириш учун математика, физика ва тиллар бўйича мустаҳкам мактаб базаси керак. шунинг учун ушбу фанларни ўқитиш сифати соҳанинг бўлажак мутахассисларини шакллантириш билан бевосита боғлиқ.

Иштирокчилар, шунингдек, амалий тажриба орттириш, стажировка ўташ ва соҳавий ташкилотлар иши билан танишиш имкониятлари ҳақида ҳам гапиришди. Бу масалалар Ўзбекистонда атом электр генерацияси ривожланиб бориши ва бўлажак объектлар учун мутахассислар тайёрланиши сайин алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Яна бир мавзу жамиятнинг атом энергетикасига бўлган муносабати бўлди. Умидовнинг ишончи комилки, бўлажак мутахассис учун фақат техник билимларнинг ўзи етарли эмас — мураккаб технологияларни махсус маълумотга эга бўлмаган одамларга тушунтириб бера олиш муҳимдир.

Тошкентдаги учрашувда, шунингдек, атом касбларининг танилиш даражасини ошириш ва техник тушунтиришларни янги авлод учун қандай қилиб тушунарлироқ қилиш муҳокама қилинди.

«Атом соҳасининг ўз касбий ахборот майдони бор ва ташқаридан келган одамларга техник масалаларни тушуниш ҳар доим ҳам осон кечмайди. Шу билан бирга, «Ўзатом» агентлиги ва МИФИ Тошкент филиали ижтимоий тармоқларда атом энергетикаси ҳақида аллақачон сўзлаб беришмоқда. Иштирокчилар бундай майдонлардан фаолроқ фойдаланишни ва маълумотларни ёшлар учун тушунарлироқ қилишни таклиф этишди. Баъзи йигит-қизлар, албатта, мавзунинг бутун жиддийлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳатто юмор ва мемлар ҳақида ҳам гапиришди. Ахир соҳага алоқаси бўлмаган одамни мураккаб техник материал билан қизиқтириш баъзан қийин бўлади», — деб таъкидлади Умидов.

Шу билан бирга, мулоқотнинг янги формати ҳақидаги суҳбат касбий масъулият муҳокамаси билан кечди. «Ўзатом» агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев атом соҳаси мутахассисларига қўйиладиган юқори талабларни эслатиб ўтди.

«Атом соҳаси енгил-елпиликни кечирмайди. У нафақат чуқур билимларни, балки энг қатьий интизомни, ички етукликни ва юқори хавфсизлик маданиятини талаб қилади. Бизга доимо ўрганишга ва қабул қилинаётган ҳар бир қарорнинг баҳосини англашга тайёр бўлган етакчилар керак», — деб таъкидлади у.

Учрашувнинг яна бир мавзуси халқаро ҳамкорлик бўлди. «Росатом Центральная Азия» бош директори ўринбосари Дмитрий Константинов атом соҳаси мутахассисларини тайёрлашда тажриба алмашиш, стажировкалар ва қўшма ёшлар ташаббусларининг муҳимлигига эътибор қаратди.

Муҳиддин Умидов ҳам ана шундай тажрибага эга бўлмоқда. МИФИ МЯИТУ Тошкент филиалини тамомлагач, у Обнинск атом энергетикаси институти (ОАЭИ) магистратурасида ўқишни давом эттирди ва у ерда атом электр станцияларини эксплуатация қилишни ўрганмоқда. Бир вақтнинг ўзида у Impact Team 2050 халқаро маслаҳат кенгашида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.

Кенгаш ташаббусларидан бири шу куз ойларида 16 та мамлакатда бўлиб ўтаётган миллий ёшлар ядровий мулоқотлари туркуми бўлди. Уларнинг якунларини атом касбларини танлашдаги ғовларни енгиб ўтиш бўйича тавсиялар берилган йўл харитасига бирлаштириш режалаштирилмоқда. Ҳужжатни «Росатом» бош директори Алексей Лихачевга ноябрь ойида Анталияда бўлиб ўтадиган БМТнинг COP31 иқлим конференцияси доирасидаги учрашувда тақдим этиш ниятидалар.

Умидов учун халқаро кенгашдаги иштирок, авваламбор, Ўзбекистон ёш мутахассисларининг имкониятларини кенгайтириш ва уларга касбий ҳамжамиятга кириб боришга ёрдам бериш истаги билан боғлиқ.

«Мен Ўзбекистон ёш мутахассислари ўз ғояларини халқаро даражада билдира олишларини хоҳлардим. Улар учун бошқа мамлакатлардаги ҳамкасблари билан мулоқот қилиш имкониятларини очиш муҳимдир. Биз Impact Team 2050 миллий ёшлар жамоасини тузиш имкониятини кўриб чиқмоқдамиз. У Ўзбекистон атом соҳасини ривожлантиришдан манфаатдор бўлган йигит-қизларни бирлаштириши мумкин эди», — деди у.

Тошкент мулоқоти якунланди, аммо иштирокчиларнинг таклифлари билан ишлаш давом этмоқда. Эндиликда уларнинг қайси бири амалий ривожланиши ва ёшларнинг ўқиш, касбий ўсиш ҳамда соҳавий лойиҳаларда иштирок этиш имкониятларини кенгайтириши мумкинлигини аниқлаш лозим.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.