Дунё

Асиф ур Раҳмон: «Ўзбекистон билан медиа ҳамкорликни кенгайтириш истагидамиз»

Покистоннинг Ассосиатед Пресс оф Пакистан ахборот агентлиги билан Ўзбекистон ахборот агентлиги, шунингдек, Пакистан Телевисион Сорпоратион

Асиф ур Раҳмон: «Ўзбекистон билан медиа ҳамкорликни кенгайтириш истагидамиз»

Покистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида уюштирилган медиа-тур доирасида бир гуруҳ ўзбекистонлик журналист ва блогерлар ушбу мамлакатда бўлиб, Покистон Ислом Республикасида оммавий ахборот воситалари фаолияти, шунингдек, маданият ва туризм йўналишларида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишмоқда.

Сафарнинг биринчи кунида Ўзбекистон делегацияси Покистон Ахборот ва телерадиоешиттириш вазирлигига ташриф буюрди. Учрашувда икки давлат ўртасидаги медиа ҳамкорликни ривожлантириш, журналистлар алмашинуви ҳамда ахборот агентликлари ва телерадиокомпаниялар ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, делегация аъзолари Покистонда медиа соҳасининг бугунги ҳолати, рақамли ахборот макони, ижтимоий тармоқларнинг аҳамияти ва қўшма медиа лойиҳалари ҳақида маълумот олди.

Учрашув доирасида Покистон Ахборот ва телерадиоешиттириш вазирлиги Ташқи тарғибот қанотининг СААРС, Марказий Осиё республикалари, Ғарбий Осиё, Яқин Шарқ ва Африка йўналишлари бўйича директори Асиф ур Раҳмон Хон билан ҳам суҳбатлашдик.

У Ўзбекистондан келган медиа делегациясининг ташрифини икки мамлакат ўртасидаги ахборот ва медиа алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қиладиган муҳим қадам сифатида баҳолади.

— Бу узоқ кутилган ташриф эди. Ўзбекистонлик журналистлар учун мазмунли дастур тайёрланган. Улар давлат ва хусусий оммавий ахборот воситалари, турли ташкилотлар фаолияти билан танишади. Бу эса Покистонда расмий ва хусусий медиа қандай ишлаши ҳақида кенгроқ тасаввур ҳосил қилиш имконини беради, – деди Асиф ур Раҳмон Хон.

Ташриф дастурига тарихий, меъморий ва замонавий обьектларни бориб кўриш ҳам киритилган. Делегация Бобурийлар даврига оид меъморий ёдгорликлар, археологик масканлар ва замонавий иншоотлар билан танишиши режалаштирилган.

Асиф ур Раҳмон Хон Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги медиа соҳасидаги ҳамкорлик муайян институционал асосга эга эканини ҳам таъкидлади.

— Икки мамлакат ўртасида медиа йўналишида бир қатор меморандум ва келишувлар мавжуд. Жумладан, Покистоннинг Ассосиатед Пресс оф Пакистан ахборот агентлиги билан Ўзбекистон ахборот агентлиги, шунингдек, Пакистан Телевисион Сорпоратион билан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўртасида ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланган, – деди у.

Унинг айтишича, томонлар ўзаро ташрифлар, тажриба алмашинуви ва ташкилотлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш орқали медиа муносабатларини янада мустаҳкамлашни мақсад қилган.

— Биз дўстлик муносабатларимизни янада яқинлаштириш ва медиа соҳасининг турли йўналишларида ҳамкорликни кенгайтиришни истаймиз. Бу жараён фақат матбуот ва электрон ОАВ билан чекланмаслиги керак. Рақамли ахборот макони, сохта хабарларга қарши кураш ва шу каби замонавий йўналишлар ҳам ҳамкорлигимизнинг муҳим қисми бўлиши лозим, – деди Покистон вакили.

Суҳбатда Покистонда ижтимоий тармоқлар ва блогерликнинг ўрни ҳақида ҳам фикр билдирилди.

— Покистонда ижтимоий тармоқлар жуда оммалашган. Турли инфлюенсерларни кузатиб борадиган жуда катта аудитория мавжуд. Улар муайян қараш ва ахборотларни кенг жамоатчиликка етказишда муҳим ўрин тутади, – деди у.

Аҳоли ахборотни кўпроқ қайси манбадан олиши ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Асиф ур Раҳмон Хон ижтимоий тармоқлар катта аудиторияга эга эканини қайд этди. Бироқ аниқ статистик кўрсаткичларни келтириш учун бу масала бўйича масъул мутахассислар фикрига мурожаат қилиш лозимлигини билдирди.

Суҳбат якунида Покистон ва Ўзбекистон дўстлигига урғу берилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.