Лайфстайл

Арзон турпакет ортида нима бор: саёҳатдан келиб чиққан можаро

Турпакет Бухоро шаҳридаги «Капитал Травел» МЧЖ орқали харид қилинган. Аёлларнинг айтишича, шартнома тузилишидан аввал жамият

Туркияга саёҳат қилиш учун йўл олган икки бухоролик аёлнинг оддий таътил режаси кутилмаган можарога айланди. Меҳмонхона манзили, хизмат сифати, алоқа муаммолари ва қўшимча тўловлардан бошланган низо кейинчалик товон пули талашигача борди. Томонларнинг қарашлари турлича, аммо воқеанинг аниқ манзарасини шартнома ва мавжуд далиллар ойдинлаштириши мумкин.

Бухоро ва Фарғона вилоятларидан бўлган икки аёл — Сабина Саноева ҳамда вояга етмаган фарзанди билан саёҳат қилган Нигина Махсудова Туркияга боришни режалаштирди. Мақсад оддий эди: Туркияни кўриш, бироз дам олиш ва фарзанди билан яхши хотираларда қайтиш.

Сафар учун маблағ етарли бўлмагани сабабли аёллар банкдан пул олиб, саёҳат харажатларининг бир қисмини шу ҳисобдан қоплашга қарор қилганини айтишди.

Турпакет Бухоро шаҳридаги «Капитал Травел» МЧЖ орқали харид қилинган. Аёлларнинг айтишича, шартнома тузилишидан аввал жамият раҳбари Азамат Тўхтаев уларга меҳмонхона ҳақида интернет ҳаволасини юборган. У ҳавола Истанбулнинг Султон Аҳмет туманида жойлашган «Форс» меҳмонхонасига тегишли бўлган. Меҳмонхона ҳақидаги маълумотлар, фотосуратлар ва ижобий фикрлар уларда ишонч уйғотган.

Аммо аёлларнинг «Xabar.uz»га мурожаат қилишича, Истанбулга етиб боришганида, уларни бошқа манзара қарши олган. Улар Султон Аҳметдаги меҳмонхона ўрнига Аксарай туманидаги, номи бир хил бўлган «Форс» меҳмонхонасининг бошқа филиалига жойлаштирилганини билдиришди.

Шундан кейин оддий саёҳат режаси аста-секин низога айланган.

«Биз бундай меҳмонхонани кутмаган эдик..

Аёлларнинг айтишича, улар турфирмага қўйган асосий талаб — имкони борича, арзон турпакет бўлган. Турфирма эса уларга уч юлдузли, нисбатан арзон меҳмонхонани таклиф қилган.

Бу ерда бир нарсани алоҳида ажратиб олиш керак: арзон турпакет танлангани турист сифациз хизматга рози бўлганини англатмайди. Мижознинг маблағи чекланган, у қиммат меҳмонхона эмас, арзонроқ вариантни танлаши мумкин. Лекин, арзон нарх хизмат кўрсатувчини шартнома шартларига риоя этиш мажбуриятидан озод қиладими? Йўқ, албатта!

Бу ишдаги биринчи жиддий савол ҳам шундан бошланади: саёҳатчи аёлларга кўрсатилган меҳмонхона билан амалда жойлаштирилган меҳмонхона бир хил бўлганми?

Аёлларнинг айтишича, йўқ: хонада электр тизими билан боғлиқ носозликлар, сантехникада камчиликлар ва яроқсиз мебел-жиҳозлар бўлган. Нонушта сифати ҳам уларни қониқтирмаган. Бундан ҳам муҳими, улар норозилик билдирган пайтда турфирма билан боғланишда муаммолар пайдо бўлган.

— Хорижий давлатда вояга етмаган фарзанди билан қолган биз учун бу оддий техник муаммо эмас эди. Тўғри, арзон пакет сўраганмиз. Аммо биз бундай ўта шароициз меҳмонхонани кутмаган эдик. Ҳатто, бизга тақдим этилган сим карта ҳам ишламади. Турфирма раҳбари билан ҳам боғлана олмадик, — дейди Сабина Саноева.

Нигина Махсудова ҳам бир неча кун давомида турфирма билан тўлақонли алоқа ўрнатиш қийин бўлганини билдирди.

— Менга жамият раҳбари икки-уч кунда жавоб берди. Сабинага умуман, жавоб бермаган. Саволлари очиқ қолган. Трансфер хизмати ходими билан эса етти кун мобайнида мутлақо алоқа ўрнатишнинг иложи бўлмади. Тўғрироғи, ҳужжатда тур томонидан қайд этилган «Ҳаппйтелл» компаниясига тегишли сим карта рақами орқали биз фақат «кўрсатилган рақам мавжуд эмас» деган жавобни олдик, — дейди у.

Аёлларнинг сўзларига кўра, кейин улар меҳмонхона вакилига норозиликларини билдиришган. Улар брон маълумотлари ва ўзларига аввал юборилган меҳмонхона ҳаволасини ҳам кўрсатишган.

Меҳмонхона ходими эса улар кўрсатган меҳмонхона ушбу филиал эмас, бошқа филиал эканини айтган.

Агар бу маълумот тасдиқланса, масала оддий «меҳмонхона ёқмади», деган шикоят доирасидан анча кенгаяди. Чунки, саёҳатчига бир меҳмонхона ҳақида маълумот берилиб, амалда бошқа манзилга жойлаштирилган бўлса, бу ҳолатнинг шартнома ва турпакет шартларига қанчалик мос келгани алоҳида ўрганилиши лозим.

Арзон нарх — сифациз хизмат, дегани эмас

«Капитал Травел» раҳбари Азамат Тўхтаев эса воқеага бошқача баҳо беради.

Унинг айтишича, аёлларнинг ўзи арзонроқ пакет сўраган, шундан сўнг турфирма уларга Истанбулдаги энг арзон уч юлдузли меҳмонхоналардан бирини таклиф қилган. Меҳмонхона аёлларнинг ўзи томонидан танланган ва тасдиқланган.

— Саёҳатни ташкил этиш учун улар бизга мурожаат қилишди. Тўғри, шароитлари тўғри келмаслигини, арзонроқ пакет таклиф қилишимизни сўрашди. Биз уларга Туркиянинг Истанбул шаҳрига индивидуал турпакет сотдик. Уларнинг талаби асосида энг арзон нархдаги уч юлдузли меҳмонхонани таклиф қилдик. Ўзлари танлашди ва ўзлари тасдиқлашди

, — дейди Азамат Тўхтаев.

Бироқ, унинг бу изоҳи бошқа саволни туғдиради: агар мижоз меҳмонхонани танлаган бўлса ҳам турфирманинг сайёҳга, айнан, қайси меҳмонхона, қайси манзил ва қайси шароит таклиф этилаётганини аниқ тушунтириш мажбурияти борми? Бор, албатта! Айниқса, номи бир хил бўлган икки филиал мавжуд бўлса, бу маълумот сайёҳ учун янада муҳим.

Турфирма раҳбари аёллар Туркияга боргач, меҳмонхонада доимий яшамаслиги, у ерда дугонаси борлиги ва бошқа жойда қолиш имконияти ҳам бўлиши мумкинлигини билдирганини айтмоқда.

Бу ҳолат ҳам низонинг яна бир муҳим нуқтаси. Чунки, агар меҳмонхона турпакет таркибига киритилган бўлса, сайёҳатчининг ундан фойдаланмаслиги ёки бошқа жойда яшаш истаги шартнома шартларига қандай таъсир қилиши ҳужжатлар асосида баҳоланиши лозим эди.

Шу ўринда, аёлларнинг ўзи шартномани ўқиб имзолашганини, меҳмонхона ҳақида маълумотга эга бўлишганини тасдиқлашганини айтиб ўтиш лозим. Демак, бу ишда саволлар фақат турфирмага эмас, сайёҳатчиларнинг ўзига ҳам берилиши керак: Шартнома билан тўлиқ танишилганми ва уларга меҳмонхонанинг аниқ манзили маълум эдими? Турпакетга қайси хизматлар киритилган? Меҳмонхона алмаштирилса, қандай тартиб белгиланган?

Буларнинг жавоби низонинг муҳим қисмини ойдинлаштириши мумкин.

Алоқа узилса, турист нима қилади?

Бу воқеада энг жиддий масалалардан бири сайёҳатчининг хорижда қолган пайтида хизмат кўрсатувчи билан алоқа ўрнатиш имкониятининг йўқолгани. Турфирма раҳбари «Ҳаппйтелл» сим картасида техник муаммо бўлганини тан олади. Аммо, унинг айтишича, аёллар билан алоқа бутунлай узилмаган.

— Улар билан алоқада бўлинган. Барча саволларига бир видеохабар ва бир СМС-хабар орқали жавоб бериб борилган. Тўғри, «Ҳаппйтелл» компаниясига тегишли сим карталарда муаммо вужудга келган ва бу алоқаларнинг бир муддат сустлашувига сабаб бўлган. Бироқ, бу муаммо ҳам ўша куни компаниямиз томонидан бартараф этилган. Ёзишмалар мавжуд, —дейди Азамат Тўхтаев.

Демак, икки томоннинг қараши бу ерда ҳам бир-биридан фарқ қилади: аёллар «етти кун боғлана олмадик» деса, турфирма раҳбари «алоқа бўлган, фақат сим картада вақтинчалик муаммо юзага келган», дейди.

Бу масалани аниқлаш учун қўнғироқлар тарихи, ёзишмалар, СМС ва бошқа электрон далиллар муҳим аҳамият касб этади. Зеро, хорижда, айниқса, вояга етмаган фарзанди билан саёҳат қилаётган сайёҳ учун алоқа воситасининг ишламаслиги оддий техник ноқулайлик эмас. Сайёҳатчи учун бу фавқулодда вазиятда ёрдам сўраш имконияти билан ҳам боғлиқ.

Шартнома нима дейди

?

2026 йил 10 апрел куни «Капитал Травел» ва мижоз ўртасида тузилган №450-сонли туристик маҳсулотни сотиш ва туристик хизмат кўрсатиш шартномасининг 3.3.2-бандида мижоз туристик саёҳатни муваффақиятли амалга ошириш учун шартнома шартларини диққат билан ўрганиши ва уларга риоя қилиши шартлиги қайд этилган. 3.4.1-бандида эса ижрочи томонидан шартнома шартлари бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда зарарни қоплашни талаб қилиш мумкинлиги кўрсатилган.

Демак, ҳужжатнинг ўзи икки томоннинг ҳам мажбуриятларини назарда тутган. Шу боис, низога фақат бир томоннинг баёни орқали баҳо бериш тўғри бўлмайди. Бу ерда шартнома, брон маълумотлари, тўлов ҳужжатлари ва амалда кўрсатилган хизмат бир-бири билан солиштирилиши керак.

«Меҳмонхонани алмаштириш учун 120 доллар бердик»

Воқеанинг энг баҳсли нуқталаридан бири — меҳмонхона алмаштириш учун тўлангани айтилган 120 АҚШ доллари.

Аёлларнинг айтишича, улар дастлабки меҳмонхонада қолишни исташмаганидан кейин улар «Форс» меҳмонхонасининг бошқа филиалига кўчишга мажбур бўлишган. Бунинг учун меҳмонхона ходими улардан қўшимча 120 АҚШ доллари сўраган. Ўша пайтда уларда етарли маблағ бўлмаган. Шунинг учун меҳмонхонанинг аёл хизматчисидан? 120 АҚШ доллар қарз олиб, пулни меҳмонхона ходимига беришганини айтишмоқда.

— Биз «Форс» меҳмонхонаси филиалига кўчиш учун талаб қилинган пулни бердик ва уни видеотасвирга олдик, холос, — дейди аёллар.

Шу ўринда аёлларга муҳим саволлар билан юзланамиз:

- 120 доллар учун чек берилганми?

- Йўқ.

- Пул меҳмонхона кассасига тушганми ёки ходимга берилганми?

- Ходимга.

Аёллар 120 АҚШ доллар тўланганини тасдиқловчи видео борлигини билдиришди. Аммо таҳририятга ушбу тўлов бўйича расмий чек, квитансия ёки бошқа ҳужжат тақдим этилмади. Шунинг учун ҳозирча «120 доллар меҳмонхона томонидан расман ундирилган» деган қатъий хулосага келишга асос етарли эмас. Бироқ видео тасдиқланса ва пул ҳақиқатан ҳам меҳмонхона ходимига берилган бўлса, бу ҳолатни ҳам алоҳида текшириш зарур. Ваҳоланки, сайёҳатчидан қўшимча тўлов ундирилган бўлса, бу тўловнинг ҳуқуқий ва молиявий асоси нима бўлгани аниқланиши керак.

Саёҳат тугади. Аммо низо тугамади

Аёллар Ўзбекистонга қайтгач, таҳририят ходими билан бир неча бор суҳбатлашишди. Улар меҳмонхона шароити қониқарсиз бўлганини айтиб, фото ва видео материаллар тақдим қилишди. Аммо бу ерда ҳам журналистик текширув учун муҳим чеклов бор. Тақдим этилган фотосуратларда, асосан, осилиб турган шкаф ва деворнинг ноқулай қисмидаги электр узатгич билан боғлиқ ҳолат акс этган. Меҳмонхонадаги барча камчиликларни тасдиқлайдиган тўлиқ фото-видео материаллар йўқ. Шунинг учун битта хонадаги айрим камчиликларга қараб, бутун меҳмонхона ҳақида кескин хулоса чиқариш ҳам тўғри бўлмайди. Бунинг учун меҳмонхонанинг ўзи, брон маълумотлари, бошқа саёҳатчиларнинг фикрлари, меҳмонхона рейтинги ва мустақил манбалар ўрганилиши муҳим. Аёллар бу масала юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ҳам мурожаат қилишганини билдиришган. Демак, айрим далилларнинг ҳаққонийлиги ва воқеага дахлдорлиги ҳуқуқий тартибда ҳам баҳоланиши мумкин.

Талаблар нега ўзгарди?

Низонинг яна бир қизиқ нуқтаси — томонларнинг кейинги молиявий талаблари. Аёлларнинг айтишича, улар Ўзбекистонга қайтгач, дастлаб, меҳмонхона учун ўзлари қўшимча тўлаган 120 АҚШ долларини қайтариш масаласини кўтаришган. Улар бу ҳақда таҳририятга ҳам билдиришган.

Турфирма раҳбари эса кейинчалик уларнинг талаблари ўзгарганини айтмоқда.

— Мен «майли, 120 долларни бераман», деган фикрга ҳам келгандим. Ва буни аёлларга билдирдим. Улар эса талабни ўзгартиришди. 120 доллардан ташқари, ҳар бири учун яна қўшимча 200 доллардан тўлашимни талаб қилишди, — дейди Азамат Тўхтаев.

Бу ерда савол туғилади: қўшимча 200 доллар қандай ҳисоб-китоб асосида белгиланган? У моддий зарарми? Маънавий зарарми? Йўл харажатларими? Ёки бошқа йўқотишларми? Агар талаб қилинаётган сумма зарар сифатида кўрсатилаётган бўлса, уни ҳужжатлар билан асослаш масаласи ҳам пайдо бўлади.

Нигина Махсудова эса вазиятга бошқача изоҳ беради.

— Биз икки аёл бегона юртда, вояга етмаган, эмизикли бола билан сарсон-овора бўлдик. На телефон, на интернет орқали турфирма ҳамда трансфер хизмати ходими билан боғлана олмадик. Биз, ахир, шартномани яхши мақсадлар билан имзолаганмиз. Ишонганмиз. Асабларимиз таранг тортди. Ҳам маънавий, ҳам моддий йўқотиш қилдик. Шу боис, ўз ҳақимизни қайтаришни сўрадик, — дейди у.

Турфирма раҳбари кейинги музокараларда сумма яна ошганини айтмоқда.

— Мен улар талаб қилган 520 минг АҚШ долларини беришни ўйлаб кўришимни телефон орқали билдирдим. Орадан 2-3 кун ўтмай, уларнинг турли идора-ташкилотларга шикоят киритаверганларидан чарчаб, шу миқдорни етказиш мақсадида яна қўнғироқ қилдим. Сабина Саноева айни ўша пайтда ишда экани боис, бу ҳақдаги «келишув»ни шериги – Нигина Махсудова билан гаплашишимни айтди. Мен фарғоналик аёл билан телефон орқали боғландим. Афсуски, у бу гал 520 эмас, 1300 АҚШ доллари талаб қилди. Буни нима билан изоҳлаш мумкин? Воқеалар ривожи қизғин тус олгач, мен улар билан «савдолашиш»га мажбур бўлдим. Ва улар талабларини 1000 АҚШ долларига «туширишди..,-дейди Азамат Тўхтаев.

Нигина Махсудова эса буни талаб эмас, келишувга эришиш мақсадида айтилган сумма сифатида изоҳлади.

Азамат Тўхтаев томонидан тақдим этилган аудиоёзувда эса аёллар томонидан 1300 АҚШ доллар миқдори тилга олинган. Шунингдек, аёллар кредитларини қоплаш масаласини ҳам ўртага ташлашган. Демак, низо энди фақат меҳмонхонадаги шароит ҳақида эмас. Томонлар ўртасидаги товон ва компенсация масаласи ҳам алоҳида баҳсга айланган.

120 доллардан 1300 долларгача — зарар қандай ҳисобланган?

Бу саволга ҳозирча аниқ жавоб йўқ. Агар аёллар меҳмонхона хизматидан норози бўлган бўлса, уларга лозим даражада кўрсатилмаган хизмат учун тўловни қайтариш масаласи шартнома ва амалдаги ҳолат асосида баҳоланиши мумкин. Аммо, маънавий зарар учун муайян сумма талаб қилинаётган бўлса, унинг қонуний асоси ҳам кўрсатилиши керак. Шу нуқтада савол туғилади: талаб қилинган сумма қандай мезонлар асосида ҳисобланган?

Айни пайтда турфирма раҳбари ҳам тегишли саволлар бор. Агар мижозлар саёҳатнинг биринчи кунидаёқ, меҳмонхона шароитидан норози бўлган бўлишса, турфирма муаммони жойида ҳал қилиш учун нега етарлича тезкор чора кўрмаган? Сим картада муаммо юзага келган бўлса, аёллар билан боғланишнинг бошқа муқобил канали мавжуд эмас эдими? Саёҳатчилар бошқа филиалга кўчишга мажбур бўлган бўлса, бу жараён турфирма назоратида бўлганми? Шунингдек, аёллардан қўшимча 120 АҚШ доллари олинган бўлса, турфирма бу ҳақда нима билган?

Бу саволларга аниқ жавоб берилмас экан, «ҳамма айб туристларда» ёки «ҳамма айб турфирмада» деган хулосага келиш эрта.

Туризм қўмитасига мурожаат

Низо шу билан ҳам тугамаган. Аёллар ҳолат юзасидан Туризм қўмитаси раиси номига мурожаат қилишган. Шундан сўнг Бухоро вилояти Туризм бошқармаси масъул ходимлари «Капитал Травел» раҳбари билан суҳбат ўтказган. Ушбу мулоқотда Азамат Тўхтаев меҳмонхонадаги мавжуд шароитлардан олдиндан хабардор бўлмаганини билдирган. Унга келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, саёҳатчиларга хизмат кўрсатиш сифатини назорат қилиш ва ҳамкор меҳмонхоналар фаолиятини олдиндан пухта ўрганиш бўйича тавсиялар берилган.

Бу ерда эътиборли жиҳат шуки, агар турфирма раҳбарининг ўзи ҳам меҳмонхона шароитларидан олдиндан хабардор бўлмаганини тан олган бўлса, туристларга таклиф этилаётган меҳмонхоналарни текшириш механизми қанчалик самарали ишлаган? Турфирманинг вазифаси фақат турпакетни сотиш билан тугайдими ёки мижозга таклиф қилинаётган ҳамкор меҳмонхона сифати ва хизматлари ҳақида етарли маълумотга эга бўлиш ҳам унинг масъулиятига кирадими?

Аёллар эса бошқарма томонидан ўтказилган ўрганишдан қониқмаган ва қўмитага яна мурожаат қилишган.

«Кофе ичиш» таклифи ва тушунмовчилик

Мурожаатнинг энг нозик қисми — Туризм бошқармаси масъул ходими билан боғлиқ иддао. Сабина Саноева бир неча марта Бухоро вилояти Туризм бошқармасига мурожаат қилганини, аммо, мурожаатлари тўлиқ ва холис ўрганилмаганини, формал жавоблар билан чекланилганини билдирган.

Унинг айтишича, мурожаатни кўриб чиққан масъул ходим муаммони норасмий ҳал қилиш мақсадида уни қаҳва ичишга таклиф қилган.

Масъул ходим эса бу ёзишмаларни суҳбатдошнинг тушунмовчилиги сифатида изоҳламоқда. Унинг таъкидлашича, қаҳва устида суҳбатлашиш таклифининг мақсади вазиятни тинчлантириш ва аёлни асабийлашмасликка чақириш бўлган, унда ҳеч қандай ғаразли ният бўлмаган.

Бу низода ким ҳақ?

Ҳозирча бунга жавоб бериш бироз қийин. Аёллар тарафида жиддий саволлар бор: меҳмонхонанинг аниқ манзилини қанчалик текширишган? Қўшимча 120 АҚШ доллар тўловини нима билан асослаш мумкин? Кейинги компенсация суммалари қандай ҳисобланган?

Турфирма позициясида ҳам очиқ қолган саволлар бор: мижозларга кўрсатилган меҳмонхона билан амалда жойлаштирилган меҳмонхона бир хил бўлганми? Нега саёҳатчилар норозилигидан кейин муаммо жойида ҳал қилинмаган? Агар меҳмонхона ҳақида олдиндан етарли маълумот бўлмаган бўлса, нега саёҳатчилар, айнан, шу обьектга жойлаштирилган?

Энг муҳими, арзон пакет танлангани турфирмани хизмат сифати ва шартнома шартларини адо этиш масъулиятидан озод қилмайди. Бироқ, саёҳатга бориб қайтган аёллар ҳам ўз талабларини ҳужжатлар билан асослай олиши керак.

Шунинг учун бу воқеани бир томонни «жабрланган», иккинчи томонни эса «айбдор», деб эълон қилиш билан тугатиб бўлмайди.

Бу — туризм соҳасидаги хизмат сифати, саёҳатчининг ҳуқуқи, турфирманинг масъулияти ва икки томоннинг ҳам шартнома олдидаги мажбурияти ҳақидаги жиддий саволларни ўртага қўядиган ҳолат. Энг тўғри жавобни эса ҳиссиёт эмас, ҳужжатлар беради. Шартнома. Брон маълумотлари. Тўлов ҳужжатлари. Квитансиялар. Қўнғироқлар ва ёзишмалар тарихи. 120 долларлик тўловнинг тасдиғи. 1300 АҚШ доллари талаби асослари. Меҳмонхона ҳақидаги маълумотлар. Фото ва видеоларнинг асл нусхалари. Барчаси бир жойга қўйилгандагина, воқеанинг ҳақиқий манзараси ойдинлашади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.